Линклар

logo-print

Тожикистонликлар қаерда дам олади?

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик деҳқон Зикрилло ота Хўжамқулов бу йил мамлакатдаги "Ҳожа Обигарм" оромгоҳида дам олишни режаламоқда.

Тожикистонлик деҳқон Зикрилло ота Хўжамқулов бу йил мамлакатдаги "Ҳожа Обигарм" оромгоҳида дам олишни режаламоқда.

Бу ҳақда сўралганларнинг айримлари маҳаллий оромгоҳни кўзлаётганини, бошқалари эса дам олишга вақти йўқлигини айтмоқдалар.

Ҳисор туманида яшовчи Адолатхон ая шинам санаторийларда дам олиб, даволанишни жуда орзу қилса-да, умрида бирор марта бу орзуси амалга ошмаганидан таассуфда.

- Қаердан дам оламан? Унга пул керак, шароит керак. Дам олсам, ўша куни нонсиз қоламиз. Мана, оёғим ревматизм, укол ололмайман, дори ололмайман. Чунки пул йўқ, шароит йўқ, - дейди бозорда савдо қилиш билан оиласини боқиб турган 51 ёшли Адолатхон ая.

Адолатхон ая ўзи қатори яқинлари ҳам ёзги мавсумда дам олишни хаёлига ҳам келтирмаслигини қўшимча қилди. Бунинг сабабини суҳбатдошимиз оиласидаги моддий қийинчиликлар билан изоҳлади.

Сўнгги йилларда тожикистонликлар орасида ҳам Туркия, Миср каби мамлакатларга бориб, дам олиб қайтишни истайдиганлар кўпайиб қолган.

Ўшалардан бири Шарофатхон умрида ҳеч бўлмаганда бир марта Туркияда дам олиб қайтишни орзу қилишини айтади.

- Менинг бир орзуим - Туркияда дам олиб қайтиш. Лекин орзу қилган билан бу йил ҳам, янаги йил ҳам бунга кучим етмайди, - дейди Шурофатхон бу орзулар ўзи учун эртакка айланиб қолаётганини қистириб қўяр экан.

Турсунзода туманининг Пахтакор қишлоғидан бўлган 63 ёшли Зикрулло ота Хўжамқулов шўролар даврида Сочи курортида маза қилиб дам олганини айтади.

- Ҳозир у жойларга бориш биз учун қийин. Лекин бу йил ўзимиздаги Ҳожа Обигармда беш-ўн кун дам олиб келмоқчиман. Узоқ дам олиш учун бизда вақт йўқ, - дейди Зикрулло ота.

Суҳбатдошимиз хориждаги курортларда бўлмаса ҳам, маҳаллий курортларда дам олиш учун ўзида шароит етарли эканини айтади.

- Президентимиз бизга ер берган. Икки гектар деҳқон хўжалик ерим бор. Меҳнат қиламан, солиғини тўлайман. Аввал ҳам меҳнат қилган яхши яшаган, дам олишларга борган. Ҳозир ҳам меҳнат қилган одам роҳат қилади. Санаторийларда дам олиш биз учун қиммат эмас, - дейди Зикрилло ота.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон ҳукумати бу мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиши ортидан мамлакатнинг турли ҳудудларидаги оромгоҳлар сўнгги йиллар халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.

Рудакий туманида яшовчи нафақахўр Худойберди ота ҳар йил бир марта ана шундай санаторийларда дам олиб қайтаётгани ва саломатлиги ҳам анча яхшиланаётганини айтди.

- Оёқларим оғрийди. Шу кунларда оғриқ яна кучайди. Даволаниш мақсадида Исфара шаҳридаги Зумрад санаторийсига бориб, дам олиш, даволаниш ниятим бор, - дер экан Худойберди ота тожикистонликлар орасида мамлакат ичкарисидаги санаторийларда дам олишга қурби етадиганлар кўпчилик эканини, лекин уларнинг ўзлари шунга қунт қилмаслигини айтди.

Кузатувларга кўра, мустақилликка эришган Тожикистон аҳолисининг кўп қисми фарзандларини чет элларда ўқитишга катта сарф-харажат қилса-да, аммо ўзлари чет элга саёҳат ёки ҳеч бўлмаганда, Россия ҳудудидаги санаторийлар ва курортларда дам олишни хаёлларига ҳам келтирмайди. Душанбелик Олмахон бу борада ўз мулоҳазаси бор.

- Тожикистон ва Ўзбекистоннинг оддий халқи биринчи ўринда “Ишлаб, қизимни чиқарай, ўғлимни уйлантирай”, дейди. Уй солиш керак, кўп болани туққан, уларнинг ҳаммасини ўқитиш керак, уйлаш, жойлаш керак. Шу ташвишларни ўйлаб, дам олиш хаёлига келмайди, - дейди ҳаётида ҳали бирор марта оёғини узатиб дам ола билмаган олти боланинг онаси Олмахон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG