Линклар

Интервью учун 10 миллион жарима

  • Абдулла Искандар

Ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатова.

Ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатова.

Ўзбекистон суди ҳукмига кўра, ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатова "Россия-1" телеканалига берган интервьюси учун шунча тўлаши керак.


"Россия – 1" телеканалининг "Махсус мухбир" кўрсатувига берган интервьюси учун тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Татьяна Давлатова Яккасарой туман суди тарафидан 10 миллион сўм жаримага тортилди. Қарор ажримига кўра, Давлатова “ўз қилмиши” учун тавба қилиб, Ўрикзор маҳалласи аҳлидан кечирим сўраши ва 24 минг 868 сўмлик суд xаражатларини ҳам қоплаши лозим.

Давлатова “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топилди.

Суд мажлиси 13 май куни ҳукм чиқарган бўлса, 14 май куни 8 нафар суд ижрочиси келиб Давлатованинг уй-жой ва молу мулкини хатлаб кетган.

Суд арафасида Ўзбекистондаги “Ëшлар” телеканали Россия телевидениесига интервью берган Давлатова доҳил русийзабонлар гуруҳини қоралаб кўрсатув уюштиришди.

Кўрсатув иштирокчилари Давлатова ва Урлаеваларни “миллий низо қўзғашда” айблашди.

18 май куни Озодликка гапирган Давлатова Ўзбекистон МXХ ходимлари уюштираëтган қаттиқ босимлардан беҳаловат бўлаëтганини айтди.

- Мени Россия телеканалига берган интервьюм учун жазолашмоқда. Мен ўзим қатнашмаган суд ҳукм чиқариб 10 миллион жаримага тортди. Агар жарима тўламасам, фарзандларим ва невараларим яшайдиган уйни тортиб олишмоқчи. Бу адолатсизлик. Мен Россия телеканалида русийзабонларнинг Ўзбекистондаги аҳволи ҳақида ҳақиқатни гапирдим ва бу гапимдан тонмайман,- дейди Давлатова.

Озодлик билан суҳбатда Давлатова Ўзбекистондаги режимдан нафақат руслар балки барча бир хилда азоб чекаëтганини ҳам эътироф қилди.

Татьяна Давлатова устидан чиқарилган ҳукм юзасидан шикоят қилдик, дейди унинг ишончли вакили Анатолий Волков.

- Суд қатор қонунбузарликлар билан ўтди. Давлатовага маҳкама ҳужжатлари билан танишиш имконини беришмади. Норозилик сифатида Давлатова судда иштирок этишдан бош тортди. Давлатовани судга мажбуран олиб келишга уринишлар бўлди. Фуқаролик ишларида бундай ҳолат мумкин эмас. Ҳозир ҳукм устидан шикоят тартибида кассация аризаси ëзяпмиз,- дейди Волков.

Давлатованинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жабҳасидаги сафдоши Владимир Ҳусаиновга кўра, 24 апрел куни Россия телеканалида Ўзбекистондаги руслар ҳаëти ҳақида танқидий фикрлар айтган фуқаролар ҳаëти “қўрқинчли туш”га айланди.

- Номаълум аëллар келиб ҳақорат қилишди. Кейин Ўзбекистон ТВсида Урлаева ва Давлатоваларга қарши кўрсатув бўлди. Энди Давлатова Ўрикзор маҳалла аҳли олдига чиқиб тазарру қилиши лозим экан,- дейди Ҳусаинов.

Ҳусаиновнинг айтишича, МХХ ходимлари Давлатова Ўрикзор маҳалласи аҳли олдида туриб қиладиган тазарру матнини тайëрлаб беришган.

- Ўрикзор маҳалласи ҳали бу ўзбек халқи эмас ва мен МХХ ëзиб берган тазарру мактубини ўқимайман. Мен ҳеч кимнинг шаъни ва қадрини камситганим йўқ,- дейди ўзбек халқи қадр-қимматини камситганликда айбдор, деб топилиб 10 миллион сўм жаримага тортилган Давлатова.

Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокидаги танқидий кўрсатувни 24 апрел куни ëйинлаган “Россия-1” телеканали матбуот хизмати билан боғланиб, кўрсатув қаҳрамонлари эфирдан кейин тушиб қолган вазият юзасидан муносабат сўрадик.

Кўрсатув муаллифлари бу юзадан изоҳ беришмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG