Линклар

Ўшликлар амнистияга умид қилмасинми?

  • Сарвар Усмон

Халқаро комиссия хулосаларига кўра, Ўш қирғинида жабрланганларнинг ҳам, ҳибсга олинганларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклардир.

Халқаро комиссия хулосаларига кўра, Ўш қирғинида жабрланганларнинг ҳам, ҳибсга олинганларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклардир.

“Июн воқеалари давомида оммавий тартибсизликларда қатнашди, деб ғайриқонуний қамоққа олинганларга нисбатан амнистия қўлланилиши керак”. Бу фикрни қирғизистонлик бир қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билдирмоқда. Бироқ амнистия тўғрисидаги қонунни келаси ҳафтада қабул қилиши кутилаётган парламент аъзолари ҳуқуқ ҳимоячилари талабларини инобатга оладиганга ўхшамайди.


Навбатдаги амнистия тўғрисидаги қонунни Қирғизистон парламенти республика мустақиллигининг 20 йиллигига бағишламоқда.

Хабарларга қараганда, қонун лойиҳасида 3470 кишининг амнистияга тушиши кутилмоқда.

Парламент депутати Тўқўн Мамитовдан Озодлик мана бундай маълумот олди.

Амнистия тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга биноан, дейди депутат, жазони ўташни давом эттиришдан катта ва оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлар, масалан муштлашиб бировга енгил тан жароҳати етказганлар авф этилади. Қотиллик ёки талончилик қилганларга нисбатан амнистия қўлланилмайди.

Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Қирғизистондаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқ ҳимояси маркази раҳбари Тўлейқан Исмоилованинг фикрича, қабул қилиниши кутилаётган амнистия аҳолининг қамалган ва қамалиши кутилаётган яна бир қатламини қамраб олиши керак.

- Жиноят кодексининг 233-моддаси бўйича, яъни оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, ғайриқонуний қўлга олинганларнинг ҳаммаси амнистияга тушиши керак, чунки улар ўз уйларини ҳимоя қилган ва уларни оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган дея олмаймиз, дейди Тўлейқан Исмоилова.

Унинг айтишича, “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқ ҳимояси маркази бу ҳақдаги таклифлари билан ҳукуматга икки марта мурожаат қилган.

Тилга олинган ташкилот куни кеча Ўшда ўтказган бир тадбирда ҳам амнистия масаласи кўтарилди.

Бу ҳақда ташкилот вакили Иззатулло Раҳматуллаев мана бундай деди.

- Област прокурори, шаҳар прокурори, совет безопасности президентнинг жанубдаги представителствасининг раҳбари қатнашди. У ерда биз битта талаб қўйдик. 233-модда бор. Ўша модда билан қамалганлар жуда кўп. Мана шу қамалганлар амнистияга тушадими тушмайдими мана шу ҳақда гап бўлди. Биз талаб қилдик мана шу моддани тушириб берсин деб.

Озодлик: Шу таклифингларга расмийларнинг муносабати қандай бўлди?

- Расмийларнинг муносабати шундай бўлдики, амнистиянинг қарорини Жўқўрғи Кенгаш қараб чиқади. Бундан ташқари бу статя билан қамалганларнинг почти ҳаммасининг айби исботланган деган гап айтишди, дейди Иззатулла Раҳматуллаев.

Маълумки, Июн воқеаларини ўрганган Халқаро комиссия ўз ҳисоботида июн воқеаларида жабр кўрганларнинг 75 фоизи, воқеалардан сўнг жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир, деган хулоса чиқарган.

Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов Қирғизистон ҳукуматининг куни кеча ўтган мажлисида комиссия хулосасини билвосита тан олди.

“Ўт қўйиш моддаси бўйича ҳеч ким қўлга олинмади. Ўш шаҳри ёки Ўш вилоятида июн воқеасидан кейин бировнинг мулкини босиб олиш ҳолатлари бўлгани йўқ”, деган Мирзақматов.

Демак, маҳаллаларга ўт қўйган, талончилик қилган босқинчилар мутлақо жазосиз қолиб кетмоқда ва шунинг учун Қирғизистон парламенти депутати Тўқўн Мамитов билан савол-жавоб чоғида масалани кенгроқ қўйдик.

Ўш воқеалари бўйича умумий амнистия эълон қилса бўлмайдими? Шундай қилинса, жавобгарликка тортилмай қолаётганларнинг жазосиз қолиши ҳам қонун билан оқланиб қолган бўлармиди?

Бу саволимизга жавобан Ўш воқеалари бўйича парламент комиссияси раиси Тўқўн Мамитов бундай деди:

- Мен сизни тушуниб турибман. Лекин биз Ўш воқеаларига қатнашганларга алоҳида ажратиб қарашдан қочдик. Кўплаб жиноят ишлари тергов жараёнида, қон тўкканларнинг кўпчилиги қидирувда. Ўт қўйганлар, бирон нарсани олиб кетиб қолганлар шу ерда, улардан баъзилари зарарни қопладиям, деб жавоб берди.

Депутатнинг бу жавобидан Ўш воқеалари давомида оммавий тартибсизликларда қатнашган, деб ҳибсга олинганлар, яъни Халқаро комиссия айтаётган 80 фоиз амнистияга умид қилмасаям бўлаверар экан, деган фикр пайдо бўлди.

Амнистия тўғрисидаги қонуннинг келаси ҳафтада қабул қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG