Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

Россияга ким президент бўлишини икки кишигина билади


Медведев президент бўлганидан бери Путинча матбуот анжуманини биринчи марта ўтказмоқда.
Медведев президент бўлганидан бери Путинча матбуот анжуманини биринчи марта ўтказмоқда.

18 май куни Россия Президенти Дмитрий Медведев Москва вилоятидаги "Сколково" марказида матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида 800 дан зиёд журналист қатнашди. Тадбир Россиянинг етакчи теле ва радио каналлари орқали жонли эфирда ёритилди. Бу Дмитрий Медведовнинг президентлик курсига ўтирганидан буён ўтказаётган илк катта матбуот анжумани. Анжуманда Россия президентига кейинги йилги президентлик сайлови билан боғлиқ савол ҳам берилди.


Россия президенти Дмитрий Медведев чоршанба куни ўтказган матбуот анжуманида кўпчиликнинг тили учида турган савол: “Медведев келаси президент сайловига ўз номзодини қўядими-йўқми”, деган саволга жавоб берди.

Лекин берган жавоби барибир аниқ бўлмади: қарорни “тез орада” қабул қилажагини айтди.

Президентнинг Россиянинг етакчи телеканаллари орқали икки соат давомида трансляция қилинган матбуот анжумани унинг ташаббуси билан асос солинган юқори технологиялар маркази Сколковода ўтказилди. Медведевнинг режасига кўра, айнан Сколково Россия иқтисодиётини модернизациялашда ҳал қилувчи омил бўлиши керак.

800 журналист иштирок этган матбуот анжуманининг 14-дақиқасида президентликнинг иккинчи муддати тўғрисида берилган саволга Медведев “Барибир шуни сўрадинглар, лекин бу масаладаги қарорни эълон қилиш учун матбуот анжумани форматидан бошқачароқ формат керак бўлади”, деди.

Яқинда хитойлик журналистнинг шу масаладаги саволига берган жавобини эслаб, Медведев бундай деди:

- Албатта, сайловнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Уларга мен ҳам амал қиламан. Агар бу ҳақда бирор қарорга келсам, у ҳақда баёнот бераман. Яқиндагина хитойлик ҳамкасбларимга айтганимдай, узоқ кутишга ҳожат қолмади. Ва қароримни тез орада айтаман, деди Медведев.

Медведевнинг президентлик иккинчи муддатига ўз номзодини қўйиш-қўймаслигига қизиқиш унинг ўз “оталиғи” Владимир Путиннинг таъсир доирасидан чиқишга уринаётганига, демакки, иккинчи муддат учун “тош” қўя бошлагани тўғрисида гап-сўзларнинг пайдо бўлишига туртки берган баёнотлари сабаб бўлди.

Масалан, Медведев Ливияга халқаро қўшин киритилишини танқид қилгани учун Путинни танқид қилган эди. Тўғрироғи, унинг шу ҳақдаги баёнотини танқид қилганди.

Бироқ айни пайтда Путин ҳам қўлини қовуштириб ўтиргани йўқ. Ўтган ҳафтада у “Умумроссия миллий фронти” ҳаракатини тузиш ташаббуси билан чиқди. Бош вазир бу ҳаракатни жорий йил декабрида ўтказиладиган Давлат Думасига сайлов билан боғлаган бўлса-да, таҳлилчилар, бу ташаббусни, аслида 2012 йили ўтказиладиган президент сайловига – сайловда Путиннинг президентликка қайтиб келишига тайёргарлик, деб баҳоламоқдалар.

Лекин Медведевнинг Путинга мухолиф бўлиши даргумон.

“Менинг ўз ҳамкасбим ва сиёсий ҳамкорим Владимир Путин билан алоқаларимиз оддий тандемлик даражасидан юқорироқ. Бу муносабатлар бошланганига 20 йилдан ортди. Биз бир-биримизни жуда яхши биламиз ва муносабатларимиз жуда яхши”, деганди Медведев.

Путин ҳам, Медведев ҳам келаси муддат президентлигига кимнинг номзоди қўйилишини “бирга ўтириб ҳал қиламиз”, дейишганди.
XS
SM
MD
LG