Линклар

logo-print
Бугун АҚШ президенти Барак Обама ўзининг Яқин Шарқ сиёсати ҳақида муҳим нутқ сўзлайди.

Обама ўз чиқишида эътиборни Араб дунёсида кузатилаётган сиёсий исёнларга қаратиши кутилмоқда.

АҚШ раҳбари демократик ислоҳотлар ўтказилаётган давлатларга иқтисодий ёрдам кўрсатишни ваъда қилиши тахмин қилинмоқда.

Расмийларга кўра, нутқи давомида Обама ўз авторитар ҳукмдорларини ҳокимиятдан ағдарган икки давлат - Миср ва Тунисга иқтисодий ёрдам таклиф қилади.

Расмийлар АҚШ раҳбари Мисрнинг бир миллиард долларгача бўлган қарзидан воз кечиши мумкинлигини айтмоқда.

Оқ Уй маълумотига кўра, Барак Обама ўз нутқида Европа тикланиш ва тараққиёт банки фаолиятини, банк Марказий ва Шарқий Европа давлатларига ёрдам бергани каби, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани қўллаб-қувватлашга йўналтириш режасини баён қилади.

Айни пайтда, АҚШ раҳбарининг Исроил ва Фаластинни тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақириши ҳамда Сурияда демократия тарафдорлари уюштирган намойишлар қонли тарзда бостирилганини кескин танқид қилиши кутилмоқда.

Президент Барак Обаманинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасига оид муҳим нутқи 19 май куни Тошкент вақти билан соат 21:40 да бошланиши режаланган.
XS
SM
MD
LG