Линклар

"Бизнинг уйда ўзбек билан қирғиз урушгани йўқ”


Гувоҳларга кўра, ўзбек қирғизни, қирғиз эса ўзбекни ўз уйида сақлаб, боқиб ўтириши ўзаро яраш митингларидан анча аввап, яъни қонли олатасир авжига чиққан июн кунларидаёқ кузатилганди.

Гувоҳларга кўра, ўзбек қирғизни, қирғиз эса ўзбекни ўз уйида сақлаб, боқиб ўтириши ўзаро яраш митингларидан анча аввап, яъни қонли олатасир авжига чиққан июн кунларидаёқ кузатилганди.

Ўш қирғини кунлари кўплаб ўзбеклар қирғизларни, қирғизлар эса ўзбекларни ўз уйларида яшириб, сақлаб қолганлар.

Миллатига қарамай, ўнлаб инсонларни қутқариб қолганлар орасида аёллар ҳам бор.

Онаси қирғиз, отаси ўзбек бўлган Рўзихон Салимова 2010 йилнинг июн ойидаги фожеали воқеалар пайтида 35 нафар ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб одамларни ўз уйида яширган жалолободликлардан бири.

- Мен ўзбек ёки қирғиз, деб миллат ажратган эмасман. Ким келса, ҳаммасини яширдим. 35 тача одам келди ўшанда уйимизга. Қирғизи ҳам йиғлаб келди, ўзбеги ҳам йиғлаб келди. Ўзбекистонга ўтиб кетишга кеч қолган ўзбеклар ҳам, тоққа чиқиб кетишга улгурмаган қирғизлар ҳам мана шу уйдан бошпана топди, - дейди Рўзихон Салимова.

Ўша кунлари Жалолободда ҳам озиқ-овқат муаммоси пайдо бўлган эди. Рўзихон Салимова озиқ-овқат дўкони соҳибаси бўлгани учун 35 одамга қозон қайнатиш имконига эга бўлган. Бундан ташқари, унинг уйида яшаётган ўзбеклар ва қирғизлар ҳам топган-тутганини миллат ажратмасдан, ўртада баҳам кўрганлар.

- Бизнинг 50 килоли қозонимиз бор эди. Ҳар куни мана шу қозонда овқат пиширдик. Магазинимиз бор эди, маҳсулотлардан қийналмадик. Бундан ташқари, уйимиздан бошпана топган икки ўзбек аёлининг ҳам дўконлари бор экан. Улар ҳам дўконидан озиқ-овқат олиб келишди. Емоқ-ичмоқдан қийналмадик. Албатта, аввалгига қараганда камроқ едик, лекин Худога шукур қилдик, - дейди Рўзихон Салимова.

Аёлнинг айтишича, қирғизлар ва ўзбеклар биргаликда унинг уйида 15 кундан ортиқроқ яшаган. Лекин бирор марта уларнинг орасида миллат ажратиш ёки бир-бирига ёвқараш бўлмаган.

- Бу ерда ўзбек ва қирғиз ўртасида уруш бўлгани йўқ. Масалан, менинг уйимда ўзбек ҳам “Худо” деб ўтирди, қирғиз ҳам “Худо” деб ўтирди. Ўзбекнинг кўзидан ҳам, қирғизнинг кўзидан ҳам бир хил ёш чиқди, - дейди Рўзихон Салимова.

Жалолободдаги қирғиз маҳаллаларидан бирида яшовчи Нурқан Қўйчуманова ҳам қирғин кунлари 50 нафардан зиёд ўзбек миллатига мансуб одамга ўз уйидан бошпана берган.

- Ўша куни ўғлим келиб қолди. У ўзбек йигитлари билан дўст эди. Ўғлим: “Ўзбек қўшниларни уйимизда яширсак”, деб сўраб қолди. Мен: “Улар бизга Худо берган қўшнилар. Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши, дейишади. Болам, бу уй ҳаммага очиқ, кираверишсин”, дедим. Шундай қилиб, улар 15 кун бизнинг уйда ўтиришди, - дейди Нурқан Қўйчуманова.

Унинг айтишича, қирғин кунлари унга ўзбекларни яширгани учун таҳдидлар ҳам бўлган. Шунга қарамай, у ўзбекларни уйидан ҳайдаб чиқармаган.

- Менинг уйим атрофида фақат қирғизлар яшайди. Улар ва бошқалар менга: “Бу нима қилганинг. Ўзинг қирғиз бўлсанг, ўзбекларни уйингга яшириб қўйибсан. Бу қилган яхшилигинг учун ўзбеклар сенинг бошингни олиб кетади” деб қўрқитишди, таҳдид ҳам қилишди. Аммо мен қўшниларга сиёсатчиларнинг нопок ҳаракатлари оқибатида мана шундай фожеа содир бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Чунки менинг уйимда ўзбеклардан ташқари қирғиз қариндошларим ҳам бор эди. Биз бир дастурхон устида битта нонни ҳаммамиз тенг бўлишиб едик. Бир-биримизга хусуматимиз борлигини сезмадик, - дейди Нурқан Қўйчуманова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг кўплаб қариндошлари ҳам июн қирғини кунлари ўзбекларнинг уйларидан бошпана топиб, жон сақлаб қолганлар.

- Менинг қизим Сузоқнинг Қайрағоч қишлоғида яшайди. Бу қишлоқда 70 фоиз ўзбеклар истиқомат қилади. Тўполон кунлари улар ўзбекларнинг уйларида ўтиришди. Менинг қизимни бола-чақаси билан ва яна ўндан ортиқ қариндошларимизни ўзбеклар иссиқ овқатини бериб, ўз уйларида яшириб ўтиришди, - дейди Нурқан Қўйчуманова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG