Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Янги қонун маҳбуслар шароитини ўнглайдими?


Тожикистонда қамоқхона ва ҳибсхоналарда сақланаётган маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида янги қонун қабул қилинди.

“Гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчини қамоқда тутиб туриш тартиби ва шароити” тўғрисида 18 май куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси қабул қилган қонун, Тожикистон адлия вазири Бахтиёр Худоёровга кўра, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида қўйилган жиддий қадам ва мамлакат қонунларининг демократик принципларга мослаштирилаётгани исботидир.

Тожик депутатларини қонун лойиҳаси билан таништирган Худоёров жаноблари янги қонундаги енгилликларга тўхталиб, бу ҳужжат вақтинча озодликдан маҳрум бўлиб турган шахсларга бир қатор қулайликлар туғдиришини таъкидлади.

- Янги қонуннинг ижобий жиҳатлари талайгина. Улардан бири - вақтинча ҳибсхоналарда аёллар ва эркаклар ҳамда балоғат ёшига етмаган болалар алоҳида камераларда сақланади. Ундан ташқари, қонун қамоқдаги аёлларга уч ёшгача бўлган фарзандлари билан бирга бўлиш ҳуқуқини беради. Энг муҳими, янги қонунимиз иқрорномаларни қийноқлар йўли билан олишни таъқиқлайди, - деди Тожикистон адлия вазири Бахтиёр Худоёров.

Таъкидлаш жоизки, бу тожик жамиятида гумонланувчи шароити ва ҳуқуқлари назарга олиниб қабул қилинган илк қонундир.

Мазкур қонунга мувофиқ, жиноятда гумонланиб, ҳибсга олинган шахс маҳкама вақтигача ўз яқинлари, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари билан учрашиш, улар билан ёзишмалар қилиш ҳамда ўз ҳуқуқлари ҳимояланиши сўралган шикоят аризаларини давлатнинг тегишли идораларга йўллаш ҳуқуқига эга.

Бунгача гумонланувчи шахс ойлаб яқинларини кўрмай, фақат оқловчиси орқали улар билан мулоқотда бўлиб турган. Ундан ташқари, ҳибсхонадаги шахс инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича нодавлат ташкилот вакиллари билан умуман учраштирилмаган.

18 май куни парламент муҳокамаси чоғида қонун лойиҳасининг ана шу банди тожикистонлик депутатлар баҳсларига сабаб бўлди. Чунки гумонланувчиларга шундай имконият берилиши баробарида ўша иш бўйича гувоҳлар хавфсизлигини ҳам таъминлаш мақсадида гумонланувчининг яқинлари ва ҳуқуқ фаоллари ўртасидаги ёзишмалар, суҳбатлар, уларнинг давлат идораларига аризалари ҳибсхона нозирлари назоратида бўлади.

Қуйи палатада Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан вакил Муҳиддин Кабирий буни ўша гумонланувчи шахс ҳуқуқларини чеклаш, деб ҳисоблайди.

- Қонун лойиҳасининг 21-банди 2-қисми гумонланувчиларга енгиллик берган. Аммо шу банднинг 3-қисмида айрим чекловлар бор. Гумонланувчининг ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб, нодавлат ташкилотлари ва давлат идораларига йўлламоқчи бўлган мактублари ҳибсхона назоратчилари томонидан назорат қилиниб турилар экан, гумонланувчининг ҳибсхона нозирлари устидан шикоятлари ўша идораларга етиб боришига кўзим етмайди, - деди қуйи палата депутати Муҳиддин Кабирий.

Бироқ адлия вазири Бахтиёр Худоёров бунинг тергов жараёнига халақит бермаслик ва гувоҳлар, қолаверса, ўша гумонланувчи хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилишини айтди.

Аснода Тожикистон қамоқхоналарида жазо муҳлатини ўтаб чиққан ва вақтинча сақлаб туриш изоляторларида бўлган шахслар ва уларнинг оқловчилари ҳибсхоналарда шароитнинг ўта оғирлигини қайд этадилар.

Тожикистонлик адвокат Қимматгул Розиева вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида гумонланувчига нисбатан давомий қийноқлар қўлланилаётгани, маҳбусларнинг озиқ-овқат масаласи, бир камерада маҳбуслар сонининг ҳаддан кўплиги, айрим ҳолларда маҳбусларга нисбатан ахлоқсизлик ва ғайриинсоний муомала билан боғлиқ ҳолатларга тўхталар экан, мана шуларни гапирди.

- Тожикистонда шундай қонун қабул қилинишини асло хаёлимга келтирмаган эдим. Лекин жуда яхши, инсонни инсон ўрнида кўриш талаби бўлган қонун қабул қилинибди. Кўпинча СИЗОга кирганимда гумонланувчиларга муносабатни кўриб, қийналиб кетардим. Лекин ҳозир мени “мазкур қонун амалда бажариладими?” деган савол ўйлантириб қўйди. Мен бунга ишонмайман. Негаки, Тожикистон 1994 йили қийноқларга қарши БМТ конвенциясини имзолаган. Лекин қани ижроси? Гумонланувчи, айбланувчи, қолаверса, маҳбусларга нисбатан ҳам қийноқлар мунтазам қўлланилаяпти-ку, - дейди тожикистонлик адвокат Қимматгул Розиева.

Тожикистонлик адвокат хоним бир қатор мамлакатларда илк бор жиноят содир қилган шахс ҳибсга олинмаслигини, бундай шахслар уй қамоғига маҳкум этилишини қўшимча қилар экан, Тожикистонда илк бор жиноят содир этган шахс албатта ҳибсга олиниши ва бу эса инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши эканини айтади.

- Негаки, у ерда терговчи учун кўрсатма олиш осонроқ-да, - дейди адвокат Қимматгул Розиева.

Унга кўра, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари масаласида жуда яхши қонунлар бор. Лекин бу каби ҳужжатлар, адвокат фикрича, шунчаки Тожикистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрўсини кўтариш учун қабул қилинади.

- Бироқ, афсуски, бу қонунлар ижросида оқсоқлик кузатилади, - дейди Розиева хоним.
XS
SM
MD
LG