Линклар

"Ўзбекнефтегаз" ширкати расмийлари порахўр


Tenaris SA ширкати “Ўзбекнефтегаз” эълон қилган тендерларда қатнашган рақибларидан қутилиш эавзига, Ўзбекистон ширкати расмийларига пора берганини тан олди.

Tenaris SA ширкати “Ўзбекнефтегаз” эълон қилган тендерларда қатнашган рақибларидан қутилиш эавзига, Ўзбекистон ширкати расмийларига пора берганини тан олди.

"Ўзбекнефтегаз" билан ҳамкорлик қилган Tenaris SA ширкати Ўзбекистон расмийларига пора берганини тан олди.


Люксембургада рўйхатдан ўтган ва Аргентинанинг Techint конгломератига қарашли Tenaris SA ширкати “Ўзбекнефтегаз” ширкатига газ қувурларини сотган. АҚШ Адлия департаменти эълон қилган баёнотга кўра, Tenaris SA “Ўзбекнефтегаз” ширкати эълон қилган тендерларда ютиб чиқиш учун давлатга қарашли ширкат вакилларига пора берганини тан олган ва ишни судга оширмасдан ҳал этиш учун 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.

Американинг хорижда коррупцияга қарши кураш актини бузгани учун тергов қилинган Tenaris SA ширкати шунингдек, келтирилган зарар ва суд олди жараёнларига доир 5,48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳаражатларни ҳам тўлашга рози бўлган.

АҚШ Адлия департаментига кўра, “Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмийлари тендерда иштирок этаётган бошқа ширкатлар таклифларига оид маълумотларни, воситачи орқали, Tenaris SA компаниясига тақдим этиш эвазига имзоланган шартномалар миқдорининг 3,5 фоизига тенг маблағларни пора сифатида олган. Tenaris SA бу маълумотларни қўлга киритишда воситачи хизматларидан фойдаланган бўлса-да, маблағнинг муайан қисми “Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмийларига берилишидан яхши хабардор бўлган, дейилади АҚШ Адлия вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, АҚШ прокурорларига кўра, Tenaris ўз ходимлари 2006 ва 2007 йилларда “Ўзбекнефтегаз” ширкати қошидаги “Ўзташқинефтегаз” шўъба корхонаси расмийларига пора берганини тан олган.

Tenaris SA ширкатининг Ўзбекистон расмийларига пора берганига оид иш судга ошириламасдан АҚШ ҳукумати билан муроса келишувини имзолай олишига Люксембургда рўйҳатдан ўтган компаниянинг терговчилар билан ҳамкорлик қилгани ва ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тан олиб, бунга оид маълумотларни тақдим этгани ёрдам бергани айтилмоқда.

Tenaris SA компанияси матбуот хизмати Озодликка бу хусусда изоҳ бера олмаслигини айтди. “Ўзбекнефтегаз” ёки “Ўзташқинефтегаз” ширкатлари ходимлари ҳам саволларимизга жавоб бермади.

Бироқ Tenaris SA манфаатларини ҳимоя қилган Нью Йоркдаги Shearman & Sterling адвокатлик фирмаси эълон қилган баёнотда “мижозимиз муҳокамадаги масала (Ўзбекистон расмийларига пора берганлик-таҳр.) юзасидан прокурорлар билан ҳамкорлик қилди, кўнгилли равишда ўзи ўтказган текширув натижаларини тақдим этди”, дейилади.

АҚШнинг Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўийча комиссияси директори Роберт Кузами Tenaris ширкати Ўзбекистонда пора бериш схемасини ишлаб чиққанини қайд этди.

“Tenaris ширкатининг хориж мамлакатида пора бериш схемаси номақбул ва ноқонуний бўлган, лекин ширкат бунинг учун масъул эканини тан олган ҳолда ҳамкорлик қилганини қайд этиш жоиз”, деди АҚШ расмийси.

Ўзбекистонда 2001-2006 йилларда фаолият юритган “Кабул-Фергана” қўшма корхонасига миллионлаб АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизиб, пулидан айрилган “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг порахўрликнинг “откат”, деб аталувчи бу кўриниши Ўзбекистонда чуқур илдиз отган дейди.

- Одатга айланган, очиғини айтсам, Ўзбекистонда бундай амалиёт одатга айланган. Лекин нархлар унчалик даражада чақадиган эмас, чидаса бўлади,- деган эди жаноб Канг ўтган йили Озодлик билан суҳбатлардан бирида.

“Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ раҳбари Донг Канг Ўзбекистонда ишлаган пайтда ўзи ҳам “откат” беришга мажбур бўлганини яширмасдан музднинг миқдори маҳаллий расмийлар қандай келишилиши ҳақида бундай дейди.

- Улар, яъни “откат” олувчилар, маҳаллий ходимлар ёки ўртада турган воситачилар орқали муайян имо-ишораларни қилади. Албатта, улар олдимизга тўғридан-тўғри келиб бунча берасиз, дегани истиҳола қилади. Шунинг учун маҳаллий ходимларимиз ёки воситачилар орқали қанча исташларини бизга билдиради. Кўп ҳолларда улар сўраган музд миқдори жуда катта бўлади ва бу нарса бизнинг маданиятга унчалик тўғри келмаса-да, савдолашишга тўғри келади. Масалан, хориж ширкати вакили бу таклифни қабул қила олмаймиз, лекин фалонча бера олишимиз мумкин, қабилида жавоб бериши мумкин. Шунда ўртада савдолашув бўлади ва улар талаб қилган “откат”ни маълум миқдорга камайтириш имкони бор,- дейди “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг.

Tenaris SA Ўзбекистон расмийларига пора бергани фош этилган биринчи хорижий ширкат эмас.

Бир йил аввал АҚШ Адлия вазирлиги “DAIMLER AG” ширкатини ўзи ишлаб чиқарган Мерседес машиналарини сотиш бўйича шартномаларни қўлга киритиш учун хориж ҳукуматлари, жумладан Ўзбекистон расмийларига пора берганини фош этган эди.

“DAIMLER AG” ширкати Мереседес маркасидаги машиналар, хусусан, ҳукумат раҳбарларини ташийдиган зирҳли лимузинларни ишлаб чиқаради. Президентлар ёки бошқа амалдорларни ташийдиган бундай машиналарнинг нархи 400 мингдан икки миллион еврогача боради.

Маълум бўлишича, 2003-2008 йиллар оралиғида “DAIMLER AG” ўз автомобилларини сотиш учун Ўзбекистон расмийларига камида бир ярим миллион евро миқдорида “откат” тўлаган ва бу пуллар амалдорлар учун махсус очилган офшор банк ҳисобларига қўйилган.

“DAIMLER AG” ширкати ҳам ишнинг судга ошмаслиги учун АҚШ ҳукумати билан муроса келишувини имзолаб, 185 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаган эди.

Люксембургада рўйхатдан ўтган Tenaris SA акциялари Милан, Буэнос Айрес ва Нью Йорк қимматбаҳо биржаларида айланади. Ўзбекистон расмийларига пора берганлик ҳақидаги хабар ошкор бўлгач, 18 май куни ширкат акцияларининг нархи 2 фоиздан ортиқроққа тушиб кетди.

АҚШ прокурорларига кўра, Tenaris Марказий Осиё ва Каспийбўйи давлатларига кўрсатадиган хизматлари ширкатнинг нефт ва газ соҳасидаги хизматлар ҳажмининг 5 фоизини ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG