Линклар

Малайзиянинг “Petronas Carigali Overseas” (Petronas) ширкати Орол денгизининг Ўзбекистонга тегишли қисмида геология қидирув ишларини олиб бораётган халқаро консорциум таркибидан чиқишини эълон қилди. Айни пайтда Ўзбекистон ўзининг нефт-газ бозорига янги сармояларни жалб қилишни давом этмоқда.


Ўзбекистонда бир неча йилдан буён фаолият юритиб келган Малайзиянинг “Petronas Carigali Overseas” ширкати Орол денгизида 2006 йилдан буён геологик-қидирув ишларини олиб бораётган халқаро консорциум таркибидан чиқишга қарор қилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган консорциум доирасида қидирув ишларига масъул “Aral Sea Operating Company” ширкати мувофиқлаштирувчиси Дилноза Мавлонова Малайзия компанияси Маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги Келишув асосида ўз хоҳишига кўра консорциумни тарк этди, дейди.

- Қўшма корхона ёпилаётгани йўқ, ишлаяпти. Лекин “Petronas” ширкатининг шартномадан чиқиб кетгани ҳақидаги хабар – ҳақиқат, деди Консорциум расмийси Дилноза Мавлонова.

У Petronas ширкатининг Оролдаги халқаро қидирув ишларидан чиқиши сабабларини аниқлаштирмади. Шу билан бирга, “Petronas Carigali Overseas” ширкати Тошкентдаги идораси расмийлари ҳам бу маълумотни изоҳлашдан бош тортди.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров “Petronas”нинг Орол консорциумидан чиқишини биринчи навбатда ширкатнинг Ўзбекистондаги иқтисодий стратегияси ўзгартирилаётгани билан боғлайди.

- Аслида “Petronas” раҳбарияти ўзгарди ва улар шунчаки қатор лойиҳаларни қайта кўриб чиқишга киришди. Жумладан, Ўзбекистондаги лойиҳалар харитасига эътибор қаратсангиз улар жами учта шартнома асосида иш олиб бормоқда. Ҳозирча биттагина саноат газ оқими аниқлангани ва бу лойиҳа натижалари узоқ муддатга мўлжалланганини ҳисобга олиб Петронас мутаҳассислари Орол денгизидаги қазиш ишларида иштирок этишни норентабел деб топган кўринади. Лекин Petronas Ўзбекистондан чиқиб кетяпти, дегани эмас: бу ширкат бошқа лойиҳаларда фаол иштирок этяпти, дейди ўзбекистонлик эксперт Дмитрий Поваров.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Малайзия корхоналарига, хусусан, “Petronas”га катта шароитлар яратиб беришини ваъда қилган.

2008 йил ноябр ойида Малайзия Бош вазири Абдулла Бин Ҳожи Аҳмад Бадавийнинг Тошкентга сафари чоғида президент Каримов Ўзбекистон ва Малайзия, айниқса, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириши лозимлиги, бунинг учун Ўзбекистон “Petronas” ширкатига кенг имкониятлар яратишини ваъда қилган эди.

- Петронас компанияси Ўзбекистонда ўзини ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоён этди ва шу боис унинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун биз Ўзбекистонда бу компанияга янги имтиёз ва қулайликлар яратиб беришга тайёр эканимизни айтмоқчиман,- деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 17-18 май кунлари Ҳиндистонга қилган давлат ташрифи давомида умумий қиймати икки миллиард доллардан ортиқ 34 та шартнома имзолангани маълум бўлди. Ҳиндистоннинг “The Hindu” нашри хабарига кўра, бу шартномалар қаторида Ҳиндистоннинг Oil and Natural Gas Corporation ширкати билан ҳамкорликда Ўзбекистонда нефт ва газ заҳираларини разведка қилиш бўйича шартнома ҳам имзолангани алоҳида эътиборга сазовор.

Озодлик жорий йилнинг апрел ойида президент Ислом Каримовнинг Хитойга сафари чоғида 2,2 миллиард долларга баҳоланган “Ўзбекистон-Хитой” газ қувурининг учинчи тармоғи қурилиши ҳақида келишув имзоланганини хабар қилган эди. Маълум бўлишича, Хитойнинг CNPC нефтгаз миллий корпорацияси томонидан қурилажак бу газ қувурлари орқали 2014 йилдан бошлаб йилига 65 миллиард куб метр туркман ва ўзбек гази экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

Малайзиянинг “Petronas” ширкати Ўзбекистондаги нефт-газ қазиш ишларида ўз улушини камайтираётган бир пайтда, шу кунларда Ўзбекистон энергия бозорида фаолият бошлаганининг 20 йиллигини нишонлаётган Россиянинг “Лукойл” ширкати Ўзбекистонда ўз сармояларини оширишни режалаштирмоқда.

19 май куни Тошкентда бўлиб ўтган “Oil Gas Uzbekistan-2011” Халқаро анжуманида чиқиш қилган "ЛУКОЙЛ Оверсиз" компанияси президенти Андрей Кузяев Россиянинг энг йирик нефт ширкати – Лукойл 2017 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 2010 йилги кўрсаткичга нисбатан 6 баробарга оширишини маълум қилди.

- Бу муддат ичида Ўзбекистонда газ қазиб олишни 18 млрд куб метрга, компания сармояларини эса 4 баробарга – яъни 5 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқдамиз,- деди Лукойлнинг Ўзбекистондаги ширкати раҳбари Андрей Кузяев матбуот анжуманида.

Ҳозирча Россиянинг Лукойл ширкати Ўзбекистонда учта лойиҳага Қандим-Ҳовзак-Шоди, Жануби-Шарқий Ҳиссор ҳамда Оролдаги халқаро консорциумга улуш қўшган.

Шунингдек, Андрей Кузяев 2015-2017 йилларда Хитой Ўзбекистондан экспорт қилинаётган газ учун энг йирик бозорга айланишини ва келажакда асосий ўринни эгаллашини башорат қилди.

Лукойл компанияси расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, айни пайтда Лукойл ширкатининг асосчиси ва президенти Вагит Алекперов бошлиқ бир гуруҳ компания раҳбарларининг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.

Орол лицензия блоки бўйича Маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги келишув 2006 йил августида имзоланган ва 2007 йил январида кучга кирган. Лойиҳани тенг улушли (ҳар бири 20 фоиздан) "Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компанияси, “ЛУКОЙЛ Оверсиз”, “SNPC International” (Хитой), “KNOC Арал” (Корея) ва “Petronas Carigali Overseas” (Малайзия) таркибида инвесторлар консорциуми бўлишиб олган эди.

Айрим хабарларга кўра, “Petronas Carigali Overseas” ширкатининг 100 миллион доллар турадиган бу лойиҳадан чиқиб кетиши натижасида қолган иштирокчиларнинг консорциумдаги улушлари 25 фоиз этиб белгилангани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG