Линклар

Тюменда Ўш воқеаларида айбланаётган шахс қўлга олинди


Россиянинг Тюмен вилояти прокуратураси 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларни ташкил этганлик ва иштирок этганликда айбланаётган 27 ёшли Хайрулло Абдурасуловни Қирғизистонга экстрадиция қилиш бўйича текширув материалларини Россия Бош прокуратурасига жўнатди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Тюмен вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Елена Мельниковага кўра, Хайрулло Абдурасулов Қирғизистон Бош прокуратураси талаби билан ҳибсга олинган.

- Ҳозир у Тюменда сақланмоқда, чунки унинг экстрадицияси ҳақида қарор қабул қилинганича йўқ. У жорий йилнинг март ойида Тюменда Россия фуқаролигини олишга хужжат топширганида қўлга олинган. Қочқин Тюмен жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган ва суд қарорига биноан ҳибсда сақланмоқда. Шу йилнинг апрелида Қирғизистон Бош прокуратураси Абдурасуловни экстрадиция қилиш тўғрисида ўз талабномасини юборди, деди Тюмен прокуратураси расмийси Елена Мелникова.

У шунингдек, Қирғизистонда Абдурасуловга нисбатан жиноий иш очилгани ва экстрадиция масаласи фақатгина Россия Бош прокуратураси томонидан қабул қилинишини билдирди.
XS
SM
MD
LG