Линклар

logo-print

Президентни қандай атайсиз?

  • Сарвар Усмон

Париж суди Каримов "диктатор"ми, йўқми, деган саволни кўраётган бир пайтда бу саволни ўзбекистонликларга бердик.

Париж суди Каримов "диктатор"ми, йўқми, деган саволни кўраётган бир пайтда бу саволни ўзбекистонликларга бердик.

Отаси Ислом Каримовнинг шаънини ҳимоя қилиб француз журналисти устидан Лола Каримова -Тиллаева ёзган даъво аризасини Париж суди қондирадими-йўқми – бу тез кунда маълум бўлиб қолади. Француз журналисти Огюстен Скалбер кўплаб халқаро ташкилотлар қатори Ўзбекистон президентини “диктатор”, деб турган, баъзи нашрлар эса, “деспот”, деб турган пайтда ўзбекистонликларнинг ўзи Ислом Каримовга нима деб нисбат беради?


Гапни сал наридан – энг янги тарихдан бошлаймиз.

“Қулупнай”, десак, кўз олдингизга қулупнай келади. Лекин “қулупнай”нинг олдидан “бир тоғора”, десак дарҳол Каримовдан олдинги раҳбар – Рафиқ Нишоновни эслайсиз.

1989 йилги Фарғона фожиаси тўғрисида хабар бераётиб айтган гапи Нишоновга “Қулупнай”, деган лақабни ёпиштирди-қўйди.

- Қулупнай деб айтиб юришарди. Нишоновни айтаяпман, деб эслайди Ўзбекистонда ҳокимият структураларида ишлаган Аҳмад ҳожи Хоразмий.

Ҳожи аканинг фикрича, Нишонов янаям “осон қутулган”.

Чунки ундан олдинги раҳбар - Иномжон Усмонхўжаевга халқ берган нисбат жуда хунук эди.

- Усмонхўжаевни "сотқин" дейишарди. Ўрисларнинг сотқини, Москванинг сотқини дейишарди, дейди Аҳмад ҳожи Хоразмий.

Пешонаси шўр экан Усмонхўжаевнинг - машъум “Пахта иши”, айнан унинг раҳбарлиги даврига тўғри келган эди.

Марказқўмнинг ўша даврдаги мафкура котиби Раъно Абдуллаева ўзига “ёпиштириб” олган ном ҳам ҳавас қилгулик эмас.

- Мусулмонлар душмани дейишарди уни (Раъно Абдуллаевани),- деб эслади Аҳмад хожи Хоразмий.

Аслида, деб қўшимча қилди, Ҳожи ака, Раъно Абдуллаева мусулмонлар душмани эмас эди, у Москванинг буйруғини бажарган эди холос.

Бўлса бордир. Биз бугун буйруқ билан шахсий позиция ўртасидаги зиддиятни қандай бартараф этиш тўғрисида баҳс юритаётганимиз йўқ.

Ислом Каримовга ўтамиз.

Андижонда, тингловчимиз Садирохун аканинг айтишича, президентни оддий халқ бир хил, амалдорлар бошқача атайди.

- Президент тўғрисида гап кетганда, раҳбарлар “муҳтарам президентимиз” деб айтишади. Паст табақадаги амали йўқ оддий одамлар “Каримов” деб аташади. Масалан менинг амалим йўқда. Мен “Каримов” дейман. Мен ҳокимиятга борсам ҳам “Каримов” деявераман, ҳеч ким танбеҳ бермайди,- дейди Садирохун ака.

Яхши экан, ҳеч ким танбеҳ бермаса, деб қўйдик.

Умуман, бу масалада бутун Ўзбекистон бўйича “яхши”, дейиш мумкинга ўхшайди. Чунки Тошкент ва вилоятларда яшайдиган бошқа тингловчиларимиз оддий халқ президентни “Каримов” дейди, деди.
Наманганликлар ҳам президентни “президент”, “Каримов”, деб аташади. Лекин бу ҳурматсизлик белгиси эмас. Улар президентни ҳар гал дуоларигаям қўшади, деб хабар қилди собиқ мухбиримиз Носир Зокир.

- Яқинда бир йигитнинг муаммоси билан Тўрақўрғон районидаги қишлоқ фуқаролар йиғинининг раисининг олдига бордик. Ишларимизни битирганимиздан кейин шу дуо-фотиҳа қилиб “Ишларимизни ўнгидан берсин” дедида, “Президентимизнинг ҳам умрлари узоқ бўлсин бахтимизга” деди. Дуо-фотиҳа қилиб чиққандан кейин мен “Ука, у сизнинг ўзингизнинг шахсий фикрингиз. Лекин президентнинг нима алоқалари бор? Дуода президентнинг номларини қўшдингиз” десам, “Ҳа, энди ака” деди,- дейди Носир Зокир.

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси президентни “президент” деб турган пайтда лавозими каттароқ амалдорлар бошқача сўзлар ишлатади.

Оқсарой йўлакларида онда-сонда юриб турадиган бир амалдорнинг овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, президентга энг яқин амалдорлар Каримовни “Котта”, берироқдагилари “Ота”, дер экан.

Шуниси қизиқки, чустликлар ҳам Каримовни “отамиз”, дер эмиш.

- “Отамиз” деб гапиришадию.

Озодлик: Чустда “отамиз” деб айтишади-а у кишини?

- Ҳа, шунақа дейишади.

Озодлик: Кўпчилик шунақа дейдими?

- Шунақа деганлари қулоғимизга чалинганда, дейди чустлик суҳбатдошимиз.

“Ўзбекистон президентини “01” дейдиганлар ҳам бор, улар президент трассасида турадиган милиция ходимларидир”, деб хабар қилди тингловчиларимиздан бири.

Рафиқ Нишонов раҳбарликдан “Қулупнай”, деган лақабни ошириб кетган эди.

Ислом Каримовнинг ҳам лақаби борми?

Бу саволга Ўзбекистондаги биронта тингловчимиздан ҳам “Ҳа”, деган жавоб эшитмадик. Ва буни ўзбекларнинг боодоб эканлигига, айниқса, амалдаги раҳбарга лақаб қўймаслигига йўйдик. (Нишонов “Қулупнай”га айланган пайтда Москвада эди-да...)

Бир тингловчимизнинг фикрича, лақабли бўлиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Лақаб орттириш учун кишининг бошқалардан кескин фарқ қиладиган бирон жиҳати бўлиши керак. “Каримовда эса ана шундай жиҳат кўринмайдур”, деди тингловчи.

Қолаверса, адабиётшунос олим Бахтиёр Исабековнинг айтишича, ўзбекистонликлар ўз президентини президент сифатидагина биладилар, оддий бир одам сифатида билмайдилар.

- Ўзи умуман президентга оид ва унинг оиласига оид ҳар қанақа маълумот бизда эълон қилинмайди. Умуман мумкин эмас. Битта нарса мумкин. Бу нарса агар унинг обрўси учун хизмат қилаëтган бўлса. Бошқа ҳолатда мумкин эмас. Худди ëзилмаган қонунга ўхшайди. Ҳамма ерда амал қилинади гарчи бир ерда қонун тариқасида белгилаб қўйилган бўлмаса ҳам, деди адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков.

Рафиқ Нишоновга халқ “Қулупнай” лақабини беришига сабаб бўлган Фарғона фожеаси кунлари у Москвада эди.

Андижон фожеаси кунлари Ислом Каримов Андижонда эди. “Мусулмонлар душмани” деган “унвонни” ошириб олишига Раъно Абдуллаеванинг мусулмонларга мафкуравий тазйиқи сабаб бўлганди.

Ислом Каримов даврида диний мотивлар билан қамоққа ташланган ва ҳануз қамоқда қолаётган мусулмонлар сони 10 мингдан ортди.

Шулардан келиб чиқиб, жаноб Каримовнинг тарихда қандай лақаб ва қандай “унвон” билан қолишини тахмин қилиш қийин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG