Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:57

Обама Исроилни 1967 йилдаги чегарасига қайтишга чақирди


Бу АҚШ президентининг 19 май кунги нутқида Яқин Шарқ давлатларига қилган муҳим чақириқлардан бири бўлди.

19 май куни АҚШ Давлат департаментида қилган 45 дақиқалик нутқини президент Барак Обама тўғридан-тўғри Яқин Шарқ давлатларидаги сиёсий жараёнлардан бошлади.

Йиллар давомида бу минтақага оид АҚШ ташқи сиёсати дунёнинг бу қисмида террорга қарши кураш, ядровий қурол тарқалиши олдини олиш, Исроил хавфсизлигини сақлаш ва Фаластин-Исроил тинчлик музокараларига қаратилганини эслатган Барак Обама бундан буён ҳам Вашингтон учун айни мақсадлар устивор бўлишини айтди.

Аммо Барак Обамага кўра, сўнгги 6 ой ичида содир бўлган воқеалар бу борадаги ташқи сиёсатга янгича ёндошувни тақозо қилган.

Шуни таъкидлаган Обама, аввало, Вашингтон дунёнинг бу қисмидаги сиёсий ўзгаришларни қувватлашини айтди ва бу минтақанинг ҳокимиятдан бирин-кетин четлатилаётган мустабид ҳукмдорлари айбловларини инкор қилиб: “Араб диёридаги намойишчиларни Америка кўчага олиб чиққани йўқ. Улар ўз истаги ва қарори билан кўчага чиқдилар”, деди.

Шунингдек, Барак Обама тинч намойишчиларга қарши минтақа ҳукуматларининг қурол ишлатишини кескин қоралади. Ҳокимиятга келган янги ҳукуматларга қарата эса зудлик билан сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш чақириғини тилга олди.

Барак Обамага кўра, бунда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари халқини кўчага олиб чиққан иқтисодий, ижтимоий муаммоларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва шу йўл билан йиллар давомида диктатурага асосланган бошқарув тизимидан тинч йўл билан демократик тизимга ўтишини таъминлашга чақирди.

Барак Обама 45 дақиқа давом этган нутқи чоғида “араб баҳори”ни бошлаб берган Тунис ва Мисрга алоҳида тўхталди ва Жаҳон банкига кейинги ҳафтага қадар шу икки давлатга молявий ёрдам беришга оид аниқ режа ҳозирлаш топширилганини айтди.

Шунингдек, АҚШ ҳукуматининг Мисрга 1 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратишни ният қилганини билдирди.

Ливия масаласига тўхталган Барак Обама аксар мусулмон давлатларида АҚШ ва НАТОнинг бу давлатдаги зиддиятга қуролли аралашуви қоралаб берилаётган баёнотларга жавобан: “Ироқдаги тажрибамиздан бундай аралашув масъулияти қанчалик оғир экани ва қимматга тушишини биламиз. Аммо, Ливияда ҳукуматнинг ўз фуқароларини қирғин қилиш эҳтимоли аниқ бўлиб қолган эди”, деди ва қирғинни тўхтатиш мажбурияти боис қуролли аралашувга қарор қилинганини айтди.

Аммо, Барак Обама АҚШ ҳукуматининг Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари, Ал-Қойдага қарши йиллаб давом этган аксил-террор ҳаракати натижа берганини алоҳида урғулаб, бунга яққол мисол ўлароқ Усама бин Ладиннинг йўқ қилинганини тилга олди.

Нутқи давомида Барак Обама Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида бўлган сўнгги воқеалар репрессив сиёсатни қўллаётган дунёнинг бошқа давлатлари ҳукуматларига алоҳида сабоқ бўлиши кераклигини урғулади.

“Халқнинг демократик қадриятлар учун илк намойишлари Теҳронда бўлган эди”, дея Эронни тилга олган Обама бундан буён мамлакатда эркинлик истаган муҳолиф кучларни бу қадар бўғиш сиёсати иш бермаслигини айтди.

Бунинг асл сабаби сифатида АҚШ президенти замонавий ижтимоий тармоқларда шаклланган янги оммавий ахборот воситаларини тилга олди ҳамда АҚШ маъмурияти бундан буён бундай оммавий матбуотни қувватлаши, тоталитар давлатлардаги йирик ахборот воситаларидан тортиб, оддий блоггерларга қадар бўлган қатламнинг сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш йўлида курашни давом эттиришини айтди.

Айни пайтда Обама ўз ҳукумати ёрдам қўлини чўзаётган Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги янги ҳукуматларни огоҳлантириб, ташқи ёрдамни иқтисодий муаммоларга барҳам бериш, коррупцияни тугатиш, аёлларга нисбатан ҳақсизликни тўхтатиш, аҳоли саводхонлигини ошириш, матбуот эркинлигини таъминлаш ва энг муҳими, бу минтақанинг шундай ўзгаришларига сабаб бўлган ёшларнинг келажаги учун зарур шароитларни яратиш каби мақсадларга қаратиш талабини эслатди.

Барак Обаманинг Яқин Шарққа қаратилган бугунги нутқининг асосий нуқталаридан бири эса Исроил ҳукуматига қилган чақириғи бўлди.

Ўз нутқида Исроил ва Фаластин ўртасида йиллардан буён давом этаётган ва бу икки давлат ҳамда халқаро жамоатчиликнинг тинкасини қуритган тинчлик музокараларидан кўзланган мақсадга эршиш учун Исроил 1967 йилдаги чегараларига қайтиши кераклигини таъкидлаган Барак Обама: “Биз Исроилга биродар давлат бўлганимиз боис ҳам ҳақиқатни сўзлашимиз керак... Яҳудий ва демократик давлатни қуриш орзусига доимий оккупация йўли билан эришиш имконсиз”, деди.

Шу тариқа, Барак Обама мусулмон дунёсига йўллаган навбатдаги мурожаатини ҳам АҚШ учун асрлар давомида устивор бўлиб келган қадриятлар ҳануз устиворлиги ва Вашингтон худди араб диёрида бўлгани каби дунёнинг бошқа қисмларида ҳам халқ ҳокимиятини талаб қилган оддий одамларга ёрдам қўлини чўзишга ҳозир экани ҳақидаги таъкиди билан якунлади.
XS
SM
MD
LG