Линклар


АҚШ Президенти Барак Обама бугун қилган нутқида Араб давлатларидаги исёнлар ҳақида гапириб, “репрессия сиёсати бундан кейин ишламайди”, дея таъкидлади.

Ўз маъмуриятининг Яқин Шарққа оид янги стратегиясига бағишланган нутқида Обама сўнгги олти ой давомида бу минтақада рўй берган воқеалар репрессия бесамар бўлиши ва “золимлар қулашини” кўрсатди, деди.

- Олти ой давомида биз Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада фавқулодда ғайриоддий ўзгариш рўй берганига гувоҳ бўлдик. Бир майдонма-майдон, шаҳарма-шаҳар, мамлакатма-мамлакат халқлар ўзларининг ҳаққини талаб қилиб чиқди, деди Обама.

АҚШ президенти демократия тарафидаги намойишчилар олти ой ичида террорчилар “ўн йилликлар” давомида эриша олмаган ютуқларни қўлга кирита олди, дея таъкидлади.

Жорий ой бошида АҚШ махсус кучлари махфий операция натижасида йўқ қилган Ал-Қоида етакчиси Усама бин-Ладен ҳақида гапирган Обама, у шаҳид эмас, “қотил эди”, деди.

Обама ўз нутқида Сурияга ҳам тўхталиб, президент Башар ал-Ассад қотиллик йўлини танлади, дея таъкидлаб уни ё танлаган йўлини ўзгартириш, ёки ҳокимиятдан кетишга чақирди.

У шунингдек Исроил ва Фаластинга мурожаат қилиб, уларни “тинчлик мажбурлаб берилмаслигини” англашга чақирди.

Тинчлик ўрнатиш жараёни натижасида 1967 йилгача бўлган чегараларга асосланган икки давлат пайдо бўлиши керак, деган Обама “Фаластин билан Исроил, Иордания ва Миср ҳамда Исроил билан Фаластин ўртасида доимий чегара чизиқлари” ўрнатилиши лозим, дея баён қилди.

Президент Обама демократик ислоҳотларга тайёр давлатларга иқтисодий ёрдам ваъда қилди.

Қўшма Штатлар, деди Обама, Мисрнинг 2 миллиард АҚШ долларигача бўлган қарзларидан қутулишга ёрдам бериши ва яқин келажакда минтақа бўйлаб хусусий секторни қўллаб қувватлашга қаратилган ва 2 миллард АҚШ долларига тенг дастурни тадбиқ эта бошлашини баён қилди.
XS
SM
MD
LG