Линклар

АҚШ Ўзбекистонга янги элчи юборади


Жорж Алберт Крол яқин кунларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимини эгаллайди.

Жорж Алберт Крол яқин кунларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимини эгаллайди.

АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси Ўзбекистондаги АҚШ элчиси лавозимига Жорж Алберт Кролл номзодини тасдиқлади.


Бу ҳақда Eurasianet.org нашри хабар қилди. Сенат аъзолари ҳам яқин фурсатда президент Барак Обама томонидан элчиликка тавсия этилган Кроллнинг номзодини тасдиқлайди. Шундан сўнг у Тошкентга жўнаб кетади.

2010 йил июл ойи бошида Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Ричард Норланднинг миссияси муддати тугаган.

Сўнгги ойларда Ўзбекистондаги АҚШ элчиси вазифасини миссия раҳбарининг ўринбосари, муваққат ишлар вакили Дуэйн Бутчек бажариб келмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг юқори даражадаги раҳбар дипломатларидан бири ҳисобланган Жорж Кролл ўзининг дипломатлик фаолиятини 1982 йилда бошлаган.

Элчиликка номзоди кўрсатилгунича, у АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Жорж Кролл 2003 – 2006 йилларда АҚШнинг Беларусдаги элчиси лавозимини эгаллаган.

Жорж Крол АҚШнинг Варшава, Деҳли, Санкт-Петербург, Москва, Киев ҳамда Минск шаҳарларидаги дипломатик миссияларида масъул лавозимларда фаолият юритган.

1995 – 1997 йилларда Жорж Кролл МДҲ масалаларига оид муҳим топшириқлар бўйича элчининг махсус ёрдамчиси ҳамда 1997 – 1999 йилларда Давлат департаментининг Россия масалалари бўйича идораси директори лавозимларида ишлаган.

Жорж Кролл АҚШ Давлат Департаментининг бир нечта олий мукофоти билан тақдирланган. У поляк ва рус тилларида сўзлаша олади.

Жорж Кролл 1956 йилда АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Питтсбург шаҳрида туғилган.

У АҚШдаги Харвард университетининг тарих бўйича бакалавр дипломига, шунингдек, Британиядаги Оксфорд университетининг фалсафа, сиёсат ва иқтисодиёт бўйича бакалавр ва магистрлик дипломига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG