Линклар

Сўғдда махсус хизматлар “Мадраса” амалиёти ўтказиб, шахсий уйларда диний таълим олаётганларни жавобгарликка тортмоқда.

Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотида айтилишича, “Мадраса” амалиёти ўтказилган биринчи кундаёқ Бобожон Ғафуров туманида истиқомат қилувчи икки кишига нисбатан жиноят иш қўзғатилган.

- Улардан бири тумандаги Унжи қишлоғида яшовчи Насимжон Хакимовдир. У ўз уйида ноқонуний диний мактаб очиб, болаларга диний таълим берган, дейди Бобожон Ғафуров туман милицияси раҳбари ўринбосари Рахматшо Рахматшоев.

Унинг айтишича, шунингдек, ўрта мактабларга қатнамаётган 120 дан ортиқ бола ҳам аниқланган. Айни пайтда бу болалар нима учун мактабга бормаётгани борасида уларнинг ота - оналар билан суҳбат ўтказилмоқда. Агар бунга ота - оналар айбдор бўлса, улар маъмурий жавобгарликка тортиладилар.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, сўнгги етти ой давомида Исфара, Истарафшан, Мастчоҳ ва Бобожон Ғафуров туманларида 20 дан ортиқ ноқонуний мадрасалар ва диний мактаблар аниқланиб, уларнинг фаолияти тўхтатилган. Бундан ташқари хусусий мадраса домлалари, унда таҳсил олган талабалар ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Расмий маълумотларда вилоятда бу каби тадбирларнинг ўтказилишига “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Жамоати таблиғ”, “Ҳизбут-Таҳрир”, ”Байъат” ва “Салафия” каби диний-экстремистик гуруҳларнинг фаоллашаётгани ҳамда уларнинг масжидларда тарғибот ишлари олиб бораётгани сабаб бўлаётгани айтилади.

Вилоят раиси Қоҳир Расулзода диний таълим бериш фақат қонун асосида олиб борилиши кераклигини таъкидлайди:

- Мен бугун аксарият шаҳар ва туманлардаги масжидлар ва шахсий уйларда амал қилаётган ноқонуний диний мактаблар фаолияти борасида кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Бу мактаблар ҳеч қаердан қайддан ўтмаган. Ташвишланарлиси шундаки, бу мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг диний маълумоти йўқ, бирор-бир диний даргоҳини тугатмаган. Оқибатда айнан мана шундай мадрасалар талабалари номусга тажовузкорлик, ўғирлик, қаллоблик ва бошқа жиноятларга қўл урмоқдалар, -деди Сўғд вилоят раиси Қоҳир Расулзода.

Вилоят раисининг сўзларига кўра, шу кунда вилоятда олти юзга яқин ибодат қилинувчи жойлар расман қайдга олинган. Бу рўйхатга мусулмонлар масжиди билан бирга насронийлар, яҳудийлар ҳамда шиа мазҳаби вакиллари ибодатхоналари ҳам киради. Мана шу масжидларнинг ҳузурида тўққизта мадрасалар мавжуд. Бироқ бу мадрасаларнинг учтасигина фаолият юритмоқда. Қолганлари “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонундаги талабларга жавоб бермаслиги сабабли ёпилган. Биргина Хўжанддаги шайх Маслаҳиддин масжиди ҳузуридаги мадрасада 200 га яқин талаба таҳсил олмоқда.

“Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун 2009 йил май ойида Тожикистон президенти томонидан имзоланган эди. Тожикистонда янги қонун имзолангунига қадар болаларнинг диний таълим олишлари эркин эди. Эндиликда мамлакат президенти ҳузуридаги Диний ташкилотлар агентлигининг расмий ижозатномасига эга бўлмаган домлалар болаларга диний таълим бера олмайди.

Музаффар Хўжанддаги шайх Маслаҳиддин масжиди ҳузуридаги мадрасини тугатган. Шу кунга қадар у ўзи туғилиб ўсган Конибодомда болаларга диний таълим берарди. Бироқ яқинда уни туман ҳокимиятига чақиртиришиб, “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”янги қонунга биноан болаларга ўз уйида таълим бериш таъқиқланганини айтишган.

- Бу қонундан кейин дарс беришни тўхтатиб, уйда ўтирибман. Лицензия олишга шароитим йўқ. Расмийларимизнинг бу ҳаракатларини мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайман,- дейди Музаффар.

Ғончи туманида яшовчи Ҳалимахоннинг айтишича, унинг болалари ўз қишлоғида диний таълим олиш имконидан маҳрум бўлган. Суҳбатдошимиз фарзандларини вилоят масжидларига қатнатиб ўқитиш имкони йўқлиги, чунки улар мактабда ҳам ўқиши кераклиги ҳақида айтади.

- Умр йўлдошим билан фарзандларимиз ақлини таниганидан буён Қуръон, Ислом динидан хабардор бўлишига ҳаракат қилдик. Бу ҳар бир мусулмоннинг вазифаси. Энди нима қиламиз ҳайронман. Марказга ҳар куни бориб келишга қурбимиз етмайди. Яқин бўлса ҳам кошкийди, пиёда обориб олиб келардим, - дейди Ҳалимахон.

Айни пайтда тожикистонлик айрим таҳлилчилар вилоятда хусусий диний мактабларни ёпиш ва мусулмонларнинг Ислом дини фарзларини бажо келтиришларига тўсқинлик қилиш орқали расмийлар диндорларга қарши курашни кучайтирганидан ташвиш билдирмоқдалар.

- Бу кураш бугун ёки кеча бошлангани йўқ. У шўролар давридан буён давом этмоқда. Чунки бугунги ҳукумат аъзоларининг асосий қисмини айнан илгариги КПСС аъзолари ташкил этади. Жумладан, ўтган йилда ҳам вилоят шаҳар ва туманларида масжид сифатида фойдаланилган 100 дан ортиқ бинога қулф урилди. Ҳижобли қизларни олийгоҳлардан қувиш авжига чиқди, - дейди таҳлилчи Мизробиддин Қосимзода.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG