Линклар

Жаслиқ қамоқхонасида қийноқларга чидай олмай беш маҳбус шу йилнинг бошида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Бу ҳақда Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслардан бирининг турмуш ўртоғи Назирахон маълум қилди.

Наманган шаҳрида яшовчи 32 ёшли Назирахон ўн йилдан буён қамоқхонага қатнайди.Унинг турмуш ўртоғи Баҳодир Мамажонов 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

10 май куни маҳбус эрини Жаслиқ қамоқхонасига бориб кўрган Назирахон турмуш ўртоғининг гапларини бизга етказишни истади:

- Хўжайиним “5 март куни бизни, саккиз кишини изоляторга олиб чиқиб кетди” деди. Президентни китобини бор овоз билан бақириб ўқиганга, "секинроқ ўқинг", дегани учун изоляторга олиб чиқиб кетган. Қийноқ қилиб, ҳақоратлаган. “Сенларни ўлдириб юбораман, йўқ қилиб ташлайман, оила аъзоларинг билан қириб ташлайман” деган. “Прокурор чақиринг” дейишса, “Прокурор йўқ, мен прокурор.Хоҳласам келади прокурор” деб таҳдид билан бақирган, - дея маҳбус эрининг ҳикоясини келтиради наманганлик Назирахон.

Жаслиқ маҳбусининг аёли бундай қийноқлар эрига нисбатан ўн йил давомида давом этаётганини айтади. Назирахоннинг айтишича, шу йилнинг январ ойида Жаслиқ колониясидаги азобларга чидамай беш маҳбус ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

- Эркак кишини номусига тегадиган ишларни қилдириб, жуда ҳам хўрлаган. Турмуғидан тортиб азоблаган. Беш киши тўрт метрли баландликдан, изоляторни тепасидан ўзларини ташлашган. Биттаси сотрясение бўлган, биттаси шаҳид бўлган. Хўжайинимни почкалари эзилиб, қон сийган. Шаҳид бўлганни исмини билмайман, хўжайиним: "Яна бир киши қўли билан йиқилиб, иситмада ётибди", дедилар. Хозир хўжайинимни аҳволи ўртача, санчастда ётиб чиқибди,- дейди Назирахон.

Суҳбатдошимиз маҳбусларни қийноққа солган қамоқхона ходимлари жавобгарликка тортлиши шарт, деб ҳисоблайди:

- Жуда ҳам менга қийин бўлди-да, хўрлаб ташлабди уларни. Мажбур бўлибди ўзини-ўзи бир нарса қилишга. Чунки ўн йилдан бери уларни зулми остида эзилиб кетди. Мени хўжайинимга таҳдид қилган одамлар Вазниёзов Шавкат, Бердибоев Икром, Илҳомларга ҳам жазо бериш керак. Қачонгача буларни хўрлаб ўлдириб ташлайди, биз қараб турамизми шундай? Ўн йилдан бери бораман, келаман. Беш йил Бухорода “Критий” да ўтирдилар. Обший колонна қилиб Қорақалпоғистонга олиб бориб ташлади. Бориб-келишимиз қийин аҳволда, бир миллионлаб пул кетади. Хатто онасини ҳам олиб боришга маблағ етмай, фарзандим билан бордим, - дея гапиради Назирахон.


Ўзбекистон қамоқхоналарида диний мотивлар билан айбланиб, жиноят кодексининг 159-244 моддалари қўлланилган маҳбусларга қамоқхона ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилиши ҳақида мунтазам маълумот бериб келмоқдамиз. “Борса келмас” номини олишга улгурган Жаслиқ колонияси қамоқхоналар ичида энг кўп қийноқлар қўлланиладиган қамоқхона бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG