Линклар

Жинсий тажовузда айбланган Халқаро валюта жамғармасининг собиқ раҳбари Доминик Стросс-Кан бугундан бошлаб уй қамоғида бўлади. 6 июн куни унга нисбатан маҳкама жараёни бошланади.

Стросс-Каннинг ҳаракати назорат остида бўлиши учун унинг қўлига электрон билакузук тақиб қўйилди.

Сешанба куни Нью Йорк суди Стросс-Канни бир миллион АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилди. Бироқ у уй қамоғида бўлиши шарт.

Пайшанба куни Манхэттен прокурори Стросс-Канга меҳмонхона ходимасига жинсий тажовуз қилганлик айбини расман эълон қилиб, унинг қўлида Стросс-Канни судга келтириш учун етарли далиллар борлигини айтди.

Доминик Стросс-Кан ўзига илгари сурилган айбловлар асоссиз эканини исботлаш учун ХВЖ раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди.

Франция Молия вазири Кристина Лагарде Стросс-Каннинг ўрнига ХВЖ раҳбари лавозимига асосий даъвогар бўлиши кутилмоқда.

Вашингтондаги манбалар жамғарманинг энг йирик ҳиссадори бўлган Қўшма Штатлар ХВЖ раҳбари лавозимига Европа номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.
XS
SM
MD
LG