Линклар

logo-print

Германия Норов ташрифидан Ўзбекистонга босимни кучайтириш мақсадида фойдаланиши керак


Европа Иттифоқининг Тошкент режимига санкциялари амал қилган даврда ҳам Германия Ўзбекистон билан яқин алоқаларни сақлаб келган.

Европа Иттифоқининг Тошкент режимига санкциялари амал қилган даврда ҳам Германия Ўзбекистон билан яқин алоқаларни сақлаб келган.

Германия ҳукумати Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норовнинг Берлинга ташрифидан фойдаланиб расмий Тошкент мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича конкрет чораларни кўриш борасида босимни кучайтириши керак.


Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузиш ва Европа иттифқоининг вазиятни яхшилаш чақирувларини беписанд қолдириб келаётган бир пайтда Германия ҳеч бир шартсиз Ўзбекистон билан алоқаларни чуқурлаштирди, дейилади.

ҲРУ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норовнинг 24 май куни Берлинга бориши олдидан эълон қилган пресс-релизда, шунингдек, яқинда Германия Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий этилган даврда ва инсон ҳуқуқларига оид мезонларни эътиборга олмаган ҳолда Термиздаги ҳарбий база учун Ўзбекистонга миллионлаб евро миқдорида ҳақ тўлаб келгани аниқланганини ҳам қайд этди.

Пресс-релизда ҲРУнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг: “Ўзбекистоннинг нуфузли мулозимини қабул қилиш бу давлат ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини даҳшатли тарзда бузаётгани ҳақида очиқ гапириш вазифасини тақозо қилади. Германия Ўзбекистонга бундан кейин бошқача иш тутилишини билдириб қўйиши шарт”, деган сўзларидан иқтибос келтирилади.

Матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, Германия 2005 йилдан 2009 йилгача Термиз ҳаво базасидан фойдаланиш учун Ўзбекистон ҳукматига жами қарийб 68 миллион евро миқдорида ҳақ тўлаган. 2010 йилда эса тўловлар миқдори 26 миллион еврога яқинлашган, дейилади ҲРУ баёнотида.

ҲРУнинг Германия идораси раҳбари Вензел Михалски, расмий Берлин Термиз базаси учун пул тўлар экан, Тошкент режими олдида тили қисиқ бўлмаслиги ва иснон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашни талаб қилиши лозим, дейди.

- Термиз базаси Германиянинг Афғонистондаги операциялари учун муҳимдир, лекин Германия бу база учун миллионлаб евро миқдорида яхшигина ҳақ тўламоқда. Шундай экан, Германия ўзини муттаҳамдек ҳис этишни бас қилиши ва Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида музокара қилиб, вазиятни яхшилашни талаб қилишга ҳақлидир. Шунинг учун ҳам Германия ҳукуматидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид аянчли вазиятни яхшилаш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини кутамиз,- дейди ҲРУ расмийси жаноб Михалски.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукумати куни кеча Европа Иттифоқи озод қилишни талаб қилиб келган сиёсий маҳбуслардан бири шоир Юсуф Жумани озод қилгани маълум бўлди. Бундан икки ойча аввал “Эрк” демократик партияси аъзоси Рашид Бекжон озодликка чиққан эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Михалски сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ижобий ҳол, лекин Ўзбекистон қамоқларида сиёсий маҳбуслар қолар экан вазият жиддий тарзда яхшиланди, деб бўлмайди, деган фикрда.

- Сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши албатта яхши томонга ўзгаришдир ва бундан мамнунмиз, лекин қамоқларда кўплаб бошқа сиёсий маҳбуслар, жумладан ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар қолмоқда. Уларнинг ҳаммаси озод этилиши шарт. Нега битта одам озод қилиниши керак, нега сиёсий маҳбусларнинг ҳаммаси озод этилмайди? Шунингдек, Ўзбекистон қамоқларида рўй бераётган қийноқ ҳоллари ҳам тўхтатилиши даркор ва қийноқлар учун масъул бўлган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ва расмийлари жавобгарликка тортилиши лозим,- дейди ҲРУнинг Берлин идораси директори Вензел Михалски.

ҲРУ пресс-релизида айтилишича, 19 май куни Бундестагнинг тўрт аъзоси канцлер Ангела Меркел ҳукуматидан Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотлар чоғида қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячилари масаласини кўтаришни талаб қилган. Виола фон Крамон бошчилигидаги депутатлар расмий Берлин Ўзбекистон режими билан муносабат қиларкан, ундан инсон ҳуқуқларини бузишни тўхтатишни талаб қилиши лозимлигини баён қилгани айтилади пресс-релизда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистон қамоқларида ҳозирда камида 13 нафар сиёсий маҳбус, жумладан ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва фаоллар қолмоқда. Уларнинг кўпчилиги қийноқларга солиб келинади.

Шунингдек, Ўзбекистонда минглаб оддий мусулмонлар ўз эътиқодлари учун экстремизда айбланиб, қамоққа ташланган. Уларнинг кўпчилиги жазо муддати тугашига яқин қолгланда “қамоқхона қоидаларини бузганликка оид сохта айбловлар билан қайта судланиб қамоқ муддатлари узайтилади”, дейилади ҲРУ баёнотида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG