Линклар

logo-print

Туркистон рассомлари туркумидаги дастурнинг биринчи қаҳрамони ўзбекистонлик рассом Даврон Йўлдошев.


1959 йил Хоразмда туғилган Даврон Йўлдошев гапни рассомлик касбига қандай қизиқиб қолганидан бошлади.

- Рассомчиликка қизиқиш ëшликдан, албатта. Ҳаëтнинг ярмини яшаб бўлиб рассом бўлиб юрганлар ҳам бор. Ëшликдан қизиқиш бўлиб келаëтган нарса. Бир сўз билан тушунтириш қийин. Олдин мен фақат рассомлик билан эмас, фото билан қизиқққанман. Лекин кейин рассомчиликка ўтиб кетганман.

Булар ҳаммаси энди бирор-бир ҳаëтий лаҳзаларни, ички туйғуларни, ички дунëни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган нарса. Чунки ҳар бир инсоннинг ўзининг кўз олдида кўриб турган дунëсидан ташқари ички дунëси ҳам бўлади. Албатта, ҳар кимнинг ўзининг ички дунëси бор. Ҳаëтда қанчалик одам кўп бўлса, қанча одам яшаса, ҳар битта одам такрорланмас нарса. Ҳар бир инсонда бўлганидай менда ҳам ички дунë бор. Шуни ифода этиш истаги бўлади. Бу биринчидан.

Иккинчидан, ифода этишдан ташқари ҳар бир инсон, менимча, ҳаëтда ўзининг ўзлигини бошқалар олдида ва ўзининг олдида кўрсатиш ëки ўзининг тенгдошлари олдида ўзини, русчада утверждение дейди, қандайдир ўзининг бир дунëсини кўрсатгандан кейин бошқалар қандай қабул қилади? Ўзлигини топиш билан боғлиқ қисқаси.

Бу дунëда яшаб тургандан кейин ҳар бир шоир одам ҳам, рассом ҳам, ëзувчи ҳам ўзининг асарларини яратгандан кейин уни фақатгина яратибгина қолмайди. Яратади ва шу билан бирга унга нисбатан бошқаларнинг реакциясини ҳам кўради ва ўзини топади шунда, ўзини англайди. Ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Мен шундай тушунаман, -дейди Даврон Йўлдошев.

Ана шундан кейин Даврон Йўлдошев Тошкентдаги Бенков номли рассомлик билим юртига ўқишга кирди. Билим юрти собиқ СССРдаги иккита улкан санъат таҳсилгоҳидан бири эди. Даврон билим юртида кечган йилларини миннатдорлик билан эслади.

- 70 йилларга бориб тақалади бу. Бенков билим юрти Ўрта Осиëда энг яхши билим юртларидан биттаси эди. У ерда жуда яхши ўқитувчилар, устозлар ишлаб ўтишди. У ернинг мавқеи жуда баланд эди. У ерга Ўрта Осиëдан ташқари бошқа жойлардан ҳам келиб ўқишарди болалар. У ернинг таълими жуда баланд. Болаларнинг зеҳни ҳам, у пайтда бошқача бир руҳият бор эди билим юртининг ўзида. Ҳатто Тошкент театр ва рассомчилик институтининг болалари ҳам бизларнинг билим юртимизга келиб, жуда қизиқиб, кўргазмаларни кўриб, бизлар билан маслаҳатлашиб, энди бир-бирларимиз билан маслаҳатлашиб турар эдик, шу ернинг руҳияти билан ҳар кимнинг тўйиб кетгиси келар эди.

У пайтлар бошқача замонлар эди. Албатта бу ҳозирги етук рассомларнинг кўпчилиги шу ерда ўзининг сабоғини олган. Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистондаги кўп етук рассомлар шу билим юртида ўқиб кетишган.

Менинг биринчи домлам бу Геннадий Василевич Моисеев. Худо раҳмат қилсин, аъло даражадаги рассом ва педагог эди. Бундан ташқари у ерда Перов, Петров ва ҳоказо, энди буларнинг кўпчилиги раҳматли. Санъатшунослар бор эди Обид ака. Ҳозир эсимдан чиққан, лекин кўп яхши домлалар бор эди, - дейди Даврон Йўлдошев.

Билим юртини тугаллаган Даврон Йўлдошев Москвадаги Суриков номли олий санъат академиясига йўлланма олган икки талабанинг бири бўлди.

- У ерга ўқишга кириш учун махсус йўлланма керак эди. Бизнинг билим юрти бир йилда бир ëки иккита болага махсус йўлланма берар эди. Билим юрти иккита одамнинг биттаси сифатида менга ҳам йўлланма берди. Шу йўлланма бўйича бизлар Москвага бориб, у ерда йўлланма бўлмаса, документ қабул қилишмас эди. Йўлланма бўйича бизлар документларни топшириб, ҳамма қатори имтиҳон топшириб кирганмиз, - дейди Даврон Йўлдошев.

Москвадаги ўқиш баробарида Даврон ўша давр зиëли ва диссидентлари даврасида фикрини чархлади.

- 80 йилларга тўғри келади бу. Москвада ўқишнинг энди ўзига хос бир поғонаси бор. У ердаги домалар ҳам жуда катта домлалар. Масалан, мен Тойир Темирович Салаховда ўқиганман. У ерда монументалист Королевлар дарс берарди. Бондаренко, машҳур-машҳур рассомлар дарс берарди. Профессорлар лекция берарди. Буларнинг бизларга берган таълими ва таъсири жуда катта. Баҳолаш ҳам қийин буни.

Бундан ташқари муҳит жуда катта рол ўйнайди. Масалан, бизлар ўқиган пайти фақат иттифоқдан эмас чет эллардан ҳам келишарди. Айтайлик Голландиядан, Кубадан, Ветнамдан, Жазоирдан, Араб республикаларидан, Полшадан бор эди.

Буларнинг дунëқараши бизларга жуда қизиқ бўлган, бизларнкинг дунëқарашимиз уларга қизиқ бўлган. Бир-биримиз билан суҳбатлашиб дунëқарашимизни оширардик. СССР пайти энди у. Чет эллик одамлар билан суҳбатлашиш ëки кўришиш жуда қийин бўларди. Лекин бизларда у ерда шу имконият бўлди.

Бундан ташқари Москванинг ўзида кўп маданий анжуманлар, кўп кўргазмалар бўларди. Бунинг ўзи катта бир муҳит эди. Академиянинг ўзининг кутубхонаси китобларга бой эди. У ерда яхши-яхши китоблар бор эди. Шу муҳит бизларга жуда катта таъсир қилди. Масалан, Пушкин музейи, рус музейи, Ленинграддаги музейлар, Эрмитаж ҳаммаси бизларга практика бўлди. Булар орқали биз ўз нимамизни тилаб олдик. Бу томонлама бизларга яхши бўлди, - дейди Даврон Йўлдошев.

“Наврўз байрами” деган триптих асарини диплом иши ўлароқ яратган Даврон Йўлдошев Суриков институтидаги санъатшунос ва рассом педагогларнинг таҳсинига сазовор бўлди.

Ўзбекистонга қайтиб ўз тенгдошлари бўлган рассомлар Ғафур Қодиров, Ҳакимжон Турдиев, Қобил Одиловлар билан биргаликда ижод қилиб, кўргазмалар уюштиришди.

1988 йил Тошкентдаги Илҳом театри кўргазмалар залида намойиш қилинган Даврон Йўлдошев асарларини томоша қилган санъатшунос Римма Еремян “бу ўзбек санъатидаги янги тўлқин” дея таъриф берди.

Даврон Йўлдошев 1988 йилги кўргазмани яхши эслайди.

- Менинг эсимда бу кўргазма. Жуда ажойиб кўргазма бўлди. Ундай фақат рассом фикрлаши мумкин. У киши Еремян деган катта бир рассомнинг қизи. У бизнинг асарларни кўриб, яшаб турган жойимизни ташқи тарафдан эмас ички тарафдан ифода қилишимиз истагини гапирган эдилар,- дея эслайди Даврон Йўлдошев.

Даврон Йўлдошев учун ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари нақадар самарали бўлган бўлса, 21 асрнинг илк 10 йили унутилиш йиллари бўлди. Гўзаллик, нафосат ва эстетика ҳақидаги тушунчалар ўзгарди. Рассомлар ташкилотини бошқариш рассомликдан олис мулозимлар қўлига ўтди.

Ўз устахаонасига қадар чекинган рассомлар қатори Даврон Йўлдошев кўнгил ризоси учун расмлар чизди. "Агар сизда Ўзбекистон суратини чизиш сўралса, нимани чизар эдингиз?" деб сўраймиз рассомдан.

- Саволингиз бир томонлама. Масалан, шундай рассомлар борки, у ўзининг юрти деб ер юзини билади. Фақат чегараланган жойни ўз эли, ўз юрти деб, энди уни чегара билан боғлаш қийин. Лекин шунга қарамасдан албатта ҳар кимнинг яшаб турган жойи бор, ўзининг маданият ўчоғи бор, ўзининг яшайдиган жойи билан боғлайдиган нарсалари бор. Бу нарса албатта одамнинг кўнглида бор. Ҳар бир одамда бўлиши керак менимча. Ҳар ҳолда менда бор. Албатта ҳар кимда ҳар хил. Буни қандай чизиш мумкин? Албатта ëруғ ранглар билан чизиш мумкин. Шу билан бирга ўз юртинг тўғрисида уни фақат мақташ эмас, бошқача бир қирралари ҳам бўлиши мумкин. Масалан,ўз юртингнинг тарихи бор, ҳозирги вақти бор. Ўтмишдами, ҳозирги пайтдами унчалик ëруғ бўлмаган қирралари бўлиши мумкин. Буни ҳам ифода қилиб билиш керак. Бу қийин нарса. Буни ҳам бир-икки сўз билан айтиш қийин. Буни ифода қилиб билиш керак албатта. Бу рассомнинг вазифаси. Борлигича ифода қилиш керак. Ҳар ким ўзининг туйғусини расмда кўрсатиб билиши керак, дейди Даврон Йўлдошев.

Рассом Даврон Йўлдошев асарлари:

“Эрталабки натюрморт” Мато, мойбўëқ. 2005 йил. Асар қуëш нурларининг оддий буюмлар ташқи қиëфасини ўзгартирганига мисолдай кўринади. Асар француз импрессионизмидан таъсирланиб яратилган.












“Эски шаҳар” Қоғоз, мойбўëқ. Даврон Йўлдошев ижодининг илк намуналаридан биридир. Бу асар Урганчнинг эски шаҳар қисмида таниқли рассом Отахон Оллоберганов раҳбарлигида яратилган. Эски шаҳарнинг бузилиб кетгани ҳисобга олинса, бу асарнинг тарихий этнографик аҳамияти ҳам англашилади.








“Ислом Хўжа” портрети 1991 йил. Мато, мойбўëқ. Рассом Давронбек Йўлдошев 1991 йилда Туркистон тарихи сиймоларининг қатор портретларини яратди. Бу суратда Хиванинг сўнгги Бош вазирларидан бири Ислом Хўжа акс этган. Ислом Хўжа Чор истилоси даврида мумкин қадар ўз халқи маърифатини таъминлашга уринган шахс сифатида тарихда қолган. Ислом Хўжа Хивада киностудия, электр станцияси ва замонавий касалхоналар қурдирган.


"Комета" 2000 йил. Мато, мойбўëқ. Рассомнинг бу асари ярим абстрaкт, ярим фигуратив шаклда яратилган бўлиб, 19 аср охирида урф бўлган Фовизмга мойил тарзда кўринади.



“Лайли ва Мажнун” 1999 йил. Қоғоз, сувбўëқ. Рассом шарқ миниатюрасидан таъсирланиб, бир неча туркум суратлар яратди. Бу асар ана шу туркум суратлардан бири. Суратнинг фони абру баҳор технологиясида яратилган.

“Носфуруш” 1985 йил. Мато, мойбўëқ. Бу асарда рассом Француз символистлари йўлидан бориб¸ шарқ бозорларидаги реал тасвирдан декоратив кўриниш яратади. Асар “Туркистон авангарди” деб аталган йўналишга ҳам уйғун. Асар Москвадаги устахонада яратилган. “Оила” 1985 йил. Мато, мойбўëқ. Бу асар ҳам рассомнинг Москва даврига мансуб бўлиб, символизм йўналишида яратилган. Асар катта монументал панно учун эскиз деб ҳам тақдим қилинган. 1985 йилда Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонаси янги биноси қурилганида, ўша бинони безаш учун конкурс эълон қилинганида, бу эскиз ҳам иштирок қилган, аммо қабул қилинмаган.


“Қуриган гуллар” 1986 йил. Мато, мойбўëқ. Бу асар илк марта 1988 йилда Тошкентдаги Илҳом кўргазмалар залида намойиш қилинган. Бу расм ҳам Москвадаги Суриков институти бадиий устахонасида таниқли рассом Тоҳир Салахов раҳбарлигида яратилган.


“Оила” 1985 йил. Мато, мойбўëқ. Бу асар ҳам рассомнинг Москва даврига мансуб бўлиб, символизм йўналишида яратилган. Асар катта монументал панно учун эскиз деб ҳам тақдим қилинган. 1985 йилда Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонаси янги биноси қурилганида, ўша бинони безаш учун конкурс эълон қилинганида, бу эскиз ҳам иштирок қилган, аммо қабул қилинмаган.




“Саëт” 1986 йил. Рассомнинг бу асари Хоразмдаги Саëт қишлоғининг кундалик манзарасини поэтик шаклда тасвирлайди. Бу асар рассомнинг Москвада тақдим қилган диплом иши учун эскиз вазифасини ўтаган.
XS
SM
MD
LG