Линклар

М.Солиҳ: Режим ўз жазо машинаси қурбони бўлиши мумкин

  • Барно Анвар

Uzbekistan - Dissident Uzbek poet Yusuf Juma, undated

Uzbekistan - Dissident Uzbek poet Yusuf Juma, undated

Шоир Юсуф Жуманинг озод бўлганини олқишлаган ўзбек зиёли ва мухолифат вакиллари режимнинг бу қарорини чорасизлик ўлароқ баҳоламоқда.


Ўзбекистонлик муҳолифат фаоли ва айни кезда “Бирдамлик” ҳаракати фаоли бўлган Дилром Исҳоқова диссидент шоир Юсуф Жуманинг 18 май куни озодликка чиқарилгани ҳақидаги хабарни ўзи учун муталқо кутилмаган хабар бўлганини айтар экан, айни пайтда, унинг озод этилиши ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари учун катта ғалаба эмас, деди.

- Бирор жойда унинг озод бўлишига ишора ҳам йўқ эди. Лекин Ўзбекистонда ҳаммамиз умид билан ўтиргандикки, “Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига сиëсий маҳбусларга ҳам амнистия берилади”, деган гаплар бор эди. Албатта, Юсуф Жуманинг чиқиши инсон ҳуқуқларида эришилган жуда катта ғалаба, деб ўйламайман. Лекин шунча одам бир неча йилдан бери Юсуф Жума учун жуда қаттиқ курашди. Уларнинг меҳнати самарасини кўрганидан жуда хурсандман. Юсуф учун хурсандман, унинг оиласи учун хурсандман, дейди Дилором Исҳоқова.

Ўзбекистонлик адабиётшунос Бахтиёр Исабеков эса Юсуф Жуманинг озод этилиши ўзбек муҳолифатининг ғалабаси, деб ҳисоблайди.

- Юсуф Жумани озод бўлгани билан мен Юсуф Жуманинг ўзинигина эмас бутун мухолифатни табриклаган бўлардим. Жуда катта воқеа. Юсуф Жуманинг демократик ва мухолифат ҳаракатида ўзининг махсус ўрни бор. Гап шундаки, у фақат адабиëт йўли билангина эмас амалий ҳаракатда ҳам жуда кўпчилигимизга намуна бўладиган даражада ҳаракат олиб борган ўзбек халқининг ҳақиқий зиëли фарзандларидан биридир, дейди Бахтиёр Исабеков.

Айни пайтда Бахтиёр Исабеков Юсуф Жуманинг шеъриятига алоҳида тўхталар экан, бу ҳақда икки оғиз қўшимча қилишим шарт, дея 1990 йиллар аввалидаги бир воқеани эслади.

- Эсласам, университет олдида бўлган бир митингда бўлган чиқишда ўқиб берган шеъри ўша пайтда студентларнинг олқишларга сазовор бўлгани ҳамиша эсимда. Ҳозирга келиб, унинг шеърини биров шеърият ўлчовига бадиий хусусиятлари билан мос келмайди, дейдиган бўлса, адабиëт фақат бадиятгина эмас. Бадиийликни халқнинг ҳозирги кундаги нияти, мўлжалига хизмат қилдира билишнинг ўзи ҳам унинг айнан халқпарвар шоир эканини кўрсатади, дейди Бахтиёр Исабеков.

Amnesty International ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг Юсуф Жуманинг озод этилишини олқишлар экан, Ўзбекистон ҳукумати зиммасидаги мажбурият шу билан тўла соқит бўлмаганини алоҳида эслатди.

- Биз Юсуф Жума озод қилинганидан жуда ҳурсандмиз ва буни олқишлаймиз. Умид қиламизки, у ўз оиласи бағрига қайтган ва соғлиги учун зарур муолажани олиш имконига эга бўлган. Лекин айни пайтда биз Юсуф Жума қамоқда қийноққа солинганига оид аризалар бўйича мустақил текширув ўтказишига ҳам қаттиқ умид қиламиз. Чунки, Юсуф Жумани амнистия қўллаб, озод қилиш Ўзбекистон ҳукумати зиммасида турган мажбуриятнинг ҳаммаси эмас.

Ҳукумат мустақил текширув ўтказиш имконини бериши ва Юсуф Жуманинг қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмасини ёзгани тасдиқланса, унга маънавий зарар ва товон пули ундирилиши шарт, - дейди Amnesty International ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг.

Айни пайтда Юсуф Жуманинг озодликка чиқиши ортидан Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан кўплаб сиёсий маҳбуслар озод этилади, деган умидлар янада кучаймоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан олинган норасмий маълумотларга кўра, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон каби сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистонлик мухолифат ва ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқова бундай хабарларнинг рост бўлиб чиқишига умид қилиб турганини айтар экан, бунга мана буларни қўшимча қилди.

- Асосий дакки Ўзбекистон ҳукуматига, хусусан Ўзбекистон президентига берилаëтган дакки, унга биринчи қўйилаëтган талаб инсон ҳуқуқларига риоя қилишдир. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати мажбурий қадам қўйишга мажбур. Ким билан учрашсак ўша ерда бир қанча одамнинг рўйхатини берамиз. Ўшанинг ичида Юсуф Жума, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон ҳаммаси бор. Мана шу рўйхатдаги одамлар бир-бир қамоқдан чиқиб келса, албатта хурсанд бўламиз,- дейди муҳолифат фаоли.

“Эрк” демократик партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига узоқ йиллар қамоқда ўтирган кўплаб сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ҳақидаги хабарлардан фақат яхшиликка умид қилишини айтар экан, аслида бу Ўзбекистон ҳукуматининг марҳамати эмас, балки мажбурлигидан кўрган чорасидир, дея Франц Кафканинг “Жазо колонияси” ҳикоясидаги қаҳрамон қисматини тилга олди.

- Давлатнинг террор сиëсати ўзини оқламади. Гарчанд бу сиëсатнинг ўзини оқламаганини тушунганига анча йиллар бўлган, лекин давлат структуралари ўзлари ишга туширган машинани ўзлари тўхтата олмаяпти ҳозир. Франц Кафканинг “Жазо колонияси” деган ҳикоясида жазо машинасини ишлаб чиққан конструкторнинг ўзи ўша машинани намойиш қилиш учун унинг остига ётиб, ўша машина қўлида ўлади.

Ўзбекистонда ҳам режим ўзи яратган жазо машинасининг қурбони бўлиши эҳтимоли жуда катта. Ҳозир протест потенциали жуда юксак Ўзбекистонда ва буни нафақат биз мухолифат ўлароқ айтаяпмиз, балки бутун дунëда таҳлилчилар шу фикрда. Ҳали ҳам кеч эмас ва ҳукумат бу сиëсатдан қайтиб, янги бир сиëсат бошлайман деса. Аммо шахсан мен бунга ишонмайман, табиий,- дейди “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ.

Эслатиш жоиз, шу йил март ойида Муҳаммад Солиҳнинг укаси Рашид Бекжон 12 йиллик қамоқдан сўнг озод этилган эди.

Рашид Бекжон ҳам Озодликка берган интервьюсида Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан кўплаб сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши мумкинлиги ҳақида сўзлаган эди.

Ҳозир Ўзбекистон қамоқхонасида сиёсий фикри ва эътиқоди учун қамалган маҳбуслар сони ҳуқуқни ҳимоя қилувчи турли ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, 10 мингдан – 18 мингга қадардир.

Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари устиворлигини даъво қилган халқаро ташкилотлар ва хориж ҳукуматлари ўртасида юрган рўйхатда эса ўша минглаб маҳбусдан бир неча ўн нафарининг исм-фамилияси ўрин олган.

Amnesty International ташкилоти тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг: “Баъзан бу рўйхатнинг қайта ва қайта эслатилиши бирор фойда беришига ишонч сусайгандай кўринса-да, эҳтимол, Юсуф Жуманинг озод этилиши, бу иш охир-оқибатда натижа берганига бир далилдир”, дея умид қилишини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG