Линклар

logo-print

Андрей Сахаровнинг 90 йиллиги нишонланмоқда


Андрей Сахаров вафотидан бир неча кун аввал, съезд мажлисига тайёргарлик кўрмоқда.

Андрей Сахаров вафотидан бир неча кун аввал, съезд мажлисига тайёргарлик кўрмоқда.

21 май куни ХХ асрнинг энг буюк шахсларидан бири, собиқ Совет Иттифоқида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати асосчиларидан бири, водород бомбаси “отаси” ва Нобел мукофоти лауреати Андрей Сахаровнинг 90 йиллиги нишонланади.


Сана муносабати билан Москвада олимнинг хотирасига бағишланган “Андрей Сахаров: Ташвиш ва ишонч 2011” халқаро анжуманига бутун дунёдан ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар тўпланди.

Анжуман иштирокчилари совет даврининг эркинлик тимсоли ҳисобланган Андрей Сахаров бошлаб берган ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати масалаларининг бугунги аҳволини муҳокама этишмоқда.

32 ёшда Совет Иттифоқи Фанлар Академиясининг академиги унвонига эришган Сахаров ўзининг ядро физикасида ном қозониб, энг даҳшатли қўроллардан ҳисобланган водород бомбасининг ихтирочиси бўлишига қарамасдан, 1975 йилда Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлганлиги ажаблантиради.

Андрей Сахаровнинг сафдоши ва уни шахсан таниган Украина парламенти - Олий Рада депутати, Қрим татарлари миллий мажлиси раиси асли ўзбекистонлик Мустафо Жамил, Сахаровни ўз виждонига қарши бормаган инсон сифатида хотирсаида қолганини айтади.

- Совет Иттифоқида ўша даврда мингга яқин академик бўлишига қарамасдан, виждон ва ориятни моддий бойликлардан устун қўя олган битта шунақаси топилди. Биз узоқ йиллар давомида таниш эдик. У икки маротаба менинг суд маҳкамаларимга махсус келган: биринчи маротаба 1974 йилда Омск шаҳрига, иккинчи маротаба 1978 йилда Тошкентга ҳам келиб кетган. Суд маҳкамалари ёпиқ тарзда ўтказилганлиги боис мен ўшанда Сахаров билан шахсан учраша олганим йуқ эди. Лекин ҳатто темир панжара ортида мен Сахаровнинг қўллаб-қувватлашини ҳис этган эдим, чунки у ўз даврининг энг кўзга кўринган одамларидан бири эди. Ундан негадир ҳам қўрқишар, ҳам ҳатто душманлари ҳурмат қилишар эди,- дея эслайди Сахаровни Мустафо Жамил.

1986 йилда Москвада Магадан лагеридан қайтиб келаётганида эндигина Горький шаҳридан Горбачевнинг буйруғи билан озод қилинган Андрей Сахаров билан биринчи маротаба шахсан кўришганини эслади Мустафо Жамил.

- Мен бу инсонга ҳаётимни сақлаб қолгани учун миннатдорман. Чунки 1986 йилда советлар мени озод қилиш ниятида эмас эди, улар мени умрбод қамоқда ушлаб туришни режалаштирган. Ушанда Горбачев шахсан Сахаровга қўнғироқ қилиб, сургундан қайтиши мумкинлигини айтганида Сахаров қамоқда ётган 23 нафар ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилишни сўраб хат жўнатган. Шулар қаторида менинг исмим тўртинчи бўлган ва мен тез кунларда озод қилингандим,- дейди Мустафо Жамил.

Ҳаётлигида қўплар учун инсоф ва виждон тимсолига айланган Андрей Сахаров ўз чиқишларида ягона тамойилни илгари сурган: “буюк ғоялар”га тирик жонларни қўрбон келтираётган ҳар қандай мафкура, ижтимоий-иқтисодий тузумлар хавфлидир.

Шу тамойилга содиқ қолган тарзда у биринчилар қаторида ядро қуролини синашни тўхтатиш зарурлигини айтади, 1970 йилда эса “Инсон ҳуқуқлари Москва Қўмитаси”ни ташкил этишда иштирок этади.

Андрей Сахаровнинг 1989 йилда СССР Халқ депутатлари Съезди иштирокчиларининг қийқириғи ва ҳуштак чалишига қилган нутқи кўпчиликнинг эсида.

- Биз сталинизмдан империя тафаккури ва “Бўлиб ташлаб ҳукмронлиқ қил!” сиёсатини ўзида мужассамлаштирган миллий-конституциявий тузумни тўлалигича қабул қилдик. Бу “мерос” қурбонлари - маъмурий бўйсиниш асосида бошқарилаётган кичик совет республикаларидир!

Сахаровнинг бу сўзларидан кейин микрофон ўчириб қўйилган.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси Бош котиби Отаназар Орипов ўша съездда уни кўпроқ Андрей Сахаровнинг чиқиши эмас, балки бошқаларнинг бу чиқишга муносабати ҳайратга солганини эслайди.

- Ҳа, съездда чиққанини кўрганман. Айниқса Афғон уруши тўғрисидаги гаплари эсимда. Энди у пайтда биз Сахаров тўғрисида кўп эшитганмиз. Шахсан менга Сахаровнинг ёмонлаб чиққанларнинг ичида Ўзбекистон делегациясидан Сирдарёдан бир аёл чиқиб “Я презираю вас!” деб залда ўтиргани катта таасурот қолдирган. Шунақа деганидан мен ўзим уялиб кетдим-да ўшанда,- дейди ўзбек мухолифатчиси.

Узоқ йиллар давомида КГБ томонидан “Фақир”га тўпланган материаллар
1989 йилда ёқиб юборилган. КГБ Андрей Сахаровни ўз махфий ҳужжатларида “Фақир” деб атаган.

1989 йилнинг 14 декабрида Андрей Сахаров СССР Халқ депутатлари Съезди сессиясидан уйга қайтиб, юрак ҳуружидан вафот этди.

"Эртага жанг бўлади!", Сахаров рафиқаси Елена Боннерга айтган сўнгги жумла эди.

"Эртага жанг бўлади!"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG