Линклар

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатига кўра, чипта нархлари шу йил 1 июнидан оширилади.

Айни пайтда чипта нархларининг оширилиши фақат маҳаллий йўналишларга дохиллиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоқлари Жиззах ва Гулистондан ташқари барча вилоят марказларига, жумладан, Нукус, Урганч, Навоий, Бухоро, Қарши, Самарқанд, Термиз, Фарғона, Андижон ва Наманган ҳамда Зарафшон шаҳарларига мунтазам равишда қатнаб турибди.

Ўзбекистон миллий авиаширкати чипта нархларининг оширилиш сабаблари ҳақида бирор изоҳ берган эмас.

Бироқ Регнум ахборот агентлигининг маҳаллий экспертлар мулоҳазасига таянган ҳолда хабар қилишича, нарх ошишини йўловчилар сони кўпайгани ва авиаёнилғи баҳосининг ошгани билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, айрим баҳоларга кўра, бу ўзбек темирйўлчиларининг яқинда “Бухоро-Ургенч” саёҳат йўналишини ишга туширганлари ҳамда “Тошкент-Самарқанд” йўналиши бўйича Talgo-250 тезюрар электропоезди қатновини йўлга қўйишга ҳозирланаётгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Аснода маҳаллий аҳоли вакиллари учоқ чипталари нархларининг ошиши уларга қаттиқ таъсир қилмаслигини, чунки аксарият ўзбекистонликлар мамлакат ичида ҳаракатланишда кўпроқ енгил машиналар, минибуслар ва поездлар хизматида фойдаланишларини айтмоқдалар.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи тадбиркор Носир Зокиров Тошкентга таксида қатнашини айтади:

- Қўқонда аксарият - Тошкент пятаги бор - ўша ердан фақат “Нексия”ларда кетишади. Фарғонадан ҳам кўпроқ “Нексия” да юришади. Қўқонни 90 фоизи “Нексия” да кетишади, -дейди Носир Зокиров.

Унинг айтишича, Қўқондан Тошкентга таксида бориш нархи айни пайтда ўртача 10-15 минг сўм экан.

Бироқ, суҳбатдошимизга кўра, қиш пайтида Тошкент билан Фарғона водийсини боғлаб турувчи Қамчиқ довони ёпилганида ҳақиқатан ҳам авиачипталар бозори чаққонлашади.

- Иши зарурлар Наманган бориб, ўша ердан учишган. Чипта ҳам топа олмай қолишган. Бўлмаса, эҳтиёж йўқ, менимча, - деди қўқонлик Носир ака.

Маълумотларга кўра, шу кунда Тошкент-Наманган йўналиши бўйича учувчи учоқ чиптаси 60 минг 500 сўмни ташкил қилади. Бу пулга эса таксида Намангандан Тошкентга 4-5 киши келиши мумкин.

Нукус шаҳрида яшовчи Салавот ака пойтахт Тошкентга тез-тез қатнаб туради. У ҳам аксар ҳолларда Тошкентга таксида боришини айтади.

- Самолёт яхшиликка яхши, энди кимни ҳисоби кўтаради, кимда йўқ. Самолёт қиммат-да барибир. Кимнинг пули кўп бўлса ёки срочно келиш керак бўлса, ё бемор бўлса, ўшалар чиқади самолётга. А так оддий аҳоли учун бу қимматлик қилади-да. Мен учун қиммат. Мен таксида келиб кетаман. Такси 70-80 минг, ками 60 мингга кетса бўлади. Ўзи аслида “Нексия” ҳам мен учун қиммат, лекин менга автобус, поезд тўғри келмагани учун шундай қиламан, - дейди нукуслик Салавот ака.

Қайд этиш жоизки, Нукусдан Тошкентга учиш учун йўловчилар 110 минг тўлашлари лозим бўлади.

Урганчлик журналист Сергей Наумов фикрича, самолётда Тошкентга учишни фақат давлат корхона ходимлари, пулдор одамлар ҳамда чет эл сайёҳларига чиқарган. Унинг ўзи минг километрли масофани арзонлиги боис димиққан поездда босиб ўтар экан:

- Жуда ҳам бой одамлар, тадбиркорлар, давлат ташкилотининг ходимлари учади. Лавозими пастроқ бўлган одамлар эса поездда юради. Сайёҳлар самолётда келишади. Бизда барчаси сайёҳлар учун-ку. Самолётлар биздан тўла учади. Чунки одамларнинг пули бўлса, чўл бўйлаб, кондиционер ишламайдиган поездда юришдан кўра самолетни танлайди. Урганчдан Тошкентга учиб-қайтиш ҳозир давлат курси билан 145 АҚШ доллари ёки 245 минг сўм туради, - дейди урганчлик журналист Сергей Наумов.

Унинг айтишича, Урганчдан Тошкентга қатновчи поезд чиптаси 43 мингдан (плацкарт вагон) 62 минггача (купе) туради. Бундан келиб чиқадики, бита авиачипта пулига тўрт (купе) ёки олти нафар (плацкарт) урганчлик Тошкентга келиши мумкин экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG