Линклар

Патентинг борми, муҳожир?


Россия Федерал миграция хизмати масъулларининг ишонтиришларича, хорижлик гастарбайтерлар патент сотиб олсалар, текширувлар чоғида улар учун бирор муаммо туғилмайди.

Россия Федерал миграция хизмати масъулларининг ишонтиришларича, хорижлик гастарбайтерлар патент сотиб олсалар, текширувлар чоғида улар учун бирор муаммо туғилмайди.

Россияда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари патент орқали легаллашишга шошилмаётир.

2010 йилнинг 1 июлидан жорий этилган жисмоний шахсларникида ишлаш учун рухсат берувчи патент тизими борасида эълон қилинган статистик маълумотлардан ана шундай хулоса келиб чиқади.

Миграция бўйича мутахассислар меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланишни давом эттирмоқда, деган фикрда.

Москва – гастарбайтерлар пойтахти

ФМХ тарқатган статистик маълумотларга мувофиқ, Россия ҳукуматининг визасиз ҳудудлардан оммавий равишда кириб келаётган мигрантларнинг бир қисмини бўлса ҳам қонунийлаштириш режаси натижа бермаган кўринади.

2010 йилнинг 1 июлидан 2011 йилнинг 1 апрелига қадар Миграция хизмати органлари томонидан хорижликларга Россия бўйлаб 208 мингдан зиёд патент берилган ва патент олиш бўйича биринчилик Москва шаҳри ва вилояти эгаллаб келмоқда.

Москва шаҳар Миграция хизматининг ҳужжатларни тайёрлаш бўйича бўлим бошлиғи Андрей Никушкин Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат қилгани келаётган хорижликлар асосан қурилишларга жалб этилаётганини айтади.

- Хорижлик фуқаролар асосан бизда қурилишга, коммунал хўжалик ишларига, учинчи ўринда эса савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларига жалб этилмоқда. Россиянинг иқтисодиётини кўтариб турган ўрта ва кичик бизнес шу ишчиларни жалб қилиш орқали фаолият юритмоқда. Лекин, афсуски, миграция оқимлари Россия бўйлаб нотекис тақсимланиши натижасида йирик шаҳарларда гастарбайтерлар сони кескин ошиб кетган, - дея хулоса қилди Андрей Никушкин.

Миграция хизмати расмийлари берган маълумотларга кўра, Москва шаҳрида 30 минг, Москва вилоятида эса тарқатилган 45 минг патентдан Россия бюджетига 200 миллион рублдан зиёд даромад келиб тушган.

Патент олишда Москва вилоятида ўзбекистонликлар биринчи ўринда бўлиб, 46 фоиз патент ўзбек гастарбайтерлари томонидан сотиб олинган. Патент олишда Москва вилоятида иккинчи ва учинчи ўринларни Тожикистон (20,2%) ва Қирғизистон (9,5%) фуқаролари эгаллаган.

Мутахассислар қайдича, Подмосковеда саноат корхоналари сонининг кескин кўпайиб бораётгани қўшимча ишчи кучига талабни ошириб юборган.

Москва вилоят ҳукумати раис ўринбосари Виктор Егерев Интерфакс агентлигига берган интервюсида 2012 йилда Москва вилоятидаги корхоналар 500 минг меҳнат муҳожирига квота ажратишни сўраб мурожаат қилганини гапирган.

- Ўтган йили бундай талабномада 400 минг киши кўрсатилган эди. Бу кўплаб саноат корхоналарида ўсиш бўлаётгани, янги иш жойлари яратилаётганидан даракдир, - деди Виктор Егерев.

Меҳнат муҳожири нега легаллашишга шошилмаётир?

Нима сабабдан Россияда жорий этилган патент тизимидан кўзланган натижага эришилмади?

Бу саволга жавоб берган Россия ФМХси Паспорт-виза хизмати директори Сергей Донцов патент тизимининг самарасизлигини қуйидаги сабаблар билан изоҳлади.

- Дала ҳовлиси ёки шахсий уйга эга бўлганларнинг деярли ҳар бирида “хусусий” ўзбек, тожик ёки қирғиз борлигини жуда яхши биламиз. Улар патент талаб қиладиган меҳнат фаолияти билан шуғулланади, лекин бирортасида патент борлигига ишонгим келмаяпти. Улар солиқ тўламайди ва турли орган ходимларининг осон ўлжасига айланиб қолгани табиий. Бу биринчидан. Иккинчидан, сўнгги пайтларда айрим йирик иш берувчилар квоталарга қарамасдан патент сотиб олганларни 2-3 ой ишлатиб, пул бермасдан, ҳуқуқсиз гастарбайтерларни кўчага чиқариб юбораяпти, - дер экан Дмитрий Донцов буни биринчи навбатда хорижлик меҳнаткашларнинг ҳуқуқий савияси пастлиги ва ишонувчанлиги билан боғлайди.

Унинг сўзларига кўра, патент тизимининг меҳнат муҳожирлари орасида кенг ёйилмагани Россияда илдиз отиб бораётган ноқонуний “диаспора” ва жиноий гуруҳлар билан ҳам боғлиқ.

- Афсуски, Россия ҳудудида ўз юртдошлари ҳисобига мўмай пул ишлаётган турли яширин “диаспоралар” фаолият юритмоқда. Улар муҳожирни кутиб олишади, унга турли эртакларни сўзлайди ва ишлаш учун қалбаки рухсатнома билан таъминлайди. Лекин ҳозирча улар патентларни қалбакилаштиришни ўргангани йўқ, чунки патент пластикли, қолган хужжатларни эса қийналмасдан ясаб беришмоқда, - дейди Сергей Донцов.

Донцов бундай “кимёгарлар” сони кўпайиб бораётгани ва ишлаш ҳуқуқини берадиган оддий рухсатнома 17-18 минг рублдан 30 минг рублгача бўлган нархда ҳатто Интернет орқали сотилаётганини қайд этади.

Шу сабабдан бўлса керак, Федерал миграция расмийлари Россияга иш излаб келаётган меҳнат муҳожирларини бундай қалбаки “ёрдамчилар”дан эҳтиёт бўлишга ва патент билан ишлашга ундамоқда.

Паспорт-виза хизмати директори Сергей Донцовнинг таъкидлашича, 8 кунда тайёр бўладиган патент аввалда бўлгани каби 90 кун ўтгандан кейин Россия ташқарисига чиқиб келмасдан фаолиятни давом эттиришга имкон беради ва ҳар қандай текширувлардан муаммоларсиз чиқиш имтиёзини беради.

Хорижлик ишчиларсиз Россия иқтисодиётининг келажаги йўқлигини тушунаётган Москванинг янги ҳукумати ҳам ниҳоят меҳнат муҳожирларига қўйилаётган талаблар билан бирга уларга шарт-шароит яратилиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши зарурлигини англаб етмоқда.

- Меҳнат муҳожирларига зарурий шароитлар яратилиши керак, ваҳоланки, уларнинг аксарияти қонуний иш ҳақи олаётгани йўқ, суғурта полислари билан таъминлангани йўқ. Оқибатда ижтимоий вазиятнинг кескин таранглашиши кузатилмоқда, - деди ўзининг яқиндаги чиқишларидан бирида Москва мэри Сергей Собянин.

Халқаро Валюта жамғармаси тарқатган маълумотларда Россияга йилига 12 миллион меҳнат муҳожири кириб келиши таъкидланган. Федерал миграция хизмати эса Россияда 5 миллион “гастарбайтер” борлигини маълум қилмоқда. Жумладан, 2011 йилда 1,75 миллион кишига меҳнат квотаси ажратилган. Ҳатто Россия расмийлари бераётган маълумотларга таянилган тақдирда ҳам бугунги кунда 3 миллион 250 минг меҳнат муҳожири Россияда ноқонуний фаолият олиб бораётгани маълум бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, расмийлар Россияда ноқонуний ишлаётган муҳожирларга патент сотиб олишу кейин хотиржам ишлашни тавсия қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG