Линклар

logo-print

14 май куни Озодликда берилган “Ҳийлайи шаръий билан зўрланган қизлар” давра суҳбати тожикистонликларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Рудакий туманида яшовчи Олмахон Раҳимова бунга ўхшаш воқеаларни ўтган асрнинг 90-йиллари бошида тожикистонликлар ҳам бошдан кечирганини айтади.

- Тожикистонимизда ҳам 92-93-йилларда шундай воқеалар бўлган эди. Кўпчилик ота-оналар ёш қизларининг иффатини сақлашни ўйлаб, уларни тўйсиз, сепсиз турмушга узатган. Уруш вақтида ўша уйланган болаларнинг ҳам ота-оналари ейдиган нонини тополмагани учун сепсиз келин қилишга рози бўлган. Тўйдан кейин эса бир-иккки йил яшаб, фарзандли ёки ҳомиладор бўлган келинини ҳар гапнинг орасида “Сен сепсиз келгансан, кийиминг, тилло тақинчоғинг йўқ эди” деб оиласидан ҳайдаб юборган, - дейди қўшни оилалар қизларидан бир нечтасининг тақдири билан боғлиқ шундай ҳодисаларни мисол келтирган суҳбатдошимиз Олмахон.

Тожикистондаги нотинч кунларда тўрт нафар сепсиз келин олганлардан бири ҳисорлик Адолатхон аядир.

- Вақт нотинчлиги ва шароитим оғирлиги учун бир коса сувни ўртага қўйиб болаларимга хотинни никоҳлаб беравердим. Ҳозир тўртта келиним билан бир уйда ўтирибмиз, - дер экан Адолатхон ая шу ўтган вақт ичида ҳали бирор марта келинлари билан сеп-сидирға устидан талашиб-тортишмаганини, аксинча улар билан иноқ кун кечираётганини қистириб қўйди.

Олтмишни қоралаб қўйган Адолатхон ая ўшлик қизлар ҳаётида рўй берган воқеа-ҳодисаларни тожикистонлик қизлар тақдири билан таққослар экан, бир томондан ўша йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза тартибининг бўлмагани аксарият тожикистонлик ўзбек қизларини бахтсиз бўлиб қолишдан сақлаб қолганини қўшимча қилди.

Тожикистондаги фуқаролик уруши йиллари (1992-97 йиллар) тожикистонлик ўзбеклар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жон сақлаган эди.

Лекин шуни ҳам айтиш лозимки, мамлакатдаги нотинчлик йиллар фақат ўзбек миллатига мансуб оилаларгина қочқин бўлмаган, яъни Тожикистондаги уруш Қирғизистондагидан фарқли равишда маҳаллийчилик уруши бўлган. Шу боис тожикистонлик ўзбеклар қаторида помирлик, ғармлик тожиклар ҳам мамлакатни тарк этиб, бир қисми Қирғизистонга ва аксарияти Афғонистонга қочиб ўтган эди.

Айрим суҳбатдошларимизнинг айтишича, ўша пайтларда баъзи оилалар ёш қизларини афғонистонлик тожикларга никоҳлаб берган ҳолатлар ҳам бўлган.

Назирахон исмли душанбелик суҳбатдошимиз тожикистонлик ўзбек қизлари ҳам ўша йиллар ўзбекистонлик йигитларга никоҳлаб берилганини айтади.

- Ўша ерга қочиб борган қариндошларимиз қизларидан қўрқиб, уларни у ердаги қариндошларига никоҳ қилиб берди. 15-16 ёшдаги қизларини ҳам бериб юборишган қўрққанларидан. Улар (деновлик қудалар назарда тутилаяпти - таҳр.) ўзлари келишиб, шундай тўй қилиб қўйишаверди. Келин бўлганлар ҳозир ҳам ўша томонларда яшаяпти. Лекин келишлар ҳозир роса қийинлашган, кетиши яна бир азоб, - дер экан Назирахон уруш балосидан қўрқиб қизини Ўзбекистонда қолдириб келган кўпчилик ота-оналар бир кун келиб ўзбеклар ва тожиклар ўртасида яна “виза балоси” чиқишини хаёлига келтирмаганини қўшимча қилади.

Рудакий туманида яшовчи 35 ёшли суҳбатдошимиз Қундузой Ҳайдарова ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, ҳар иккала қўшни мамлакатда ҳам бўлиб ўтган қонли фожеалар айнан қизлар тақдирига салбий таъсир қилганидан афсусланишини айтади.

- Жуда ачинарли. Чунки буларнинг ҳаёти куйди-да энди. Яна ўзига фарзанд орттирган. Ҳозирги шароитни қаранг, бу аёллар ўзига келгунча, бир нарсага эга бўлгунча, роса қийналишади. Ўша йигитлар ҳам вақтида урушнинг нимасидан фойдаланиб олган арзонгина хотинини охиригача боқиб, қадрига етиши керак, деб ўйлайман. Эркак бўлиб, ўшанинг уддасидан чиқиши керак-да, дейди Қундузой.

Шу ўринда айтиш лозимки, тожик жамиятида ҳозирги кунда ҳам ўзаро ими-жимида, яъни қизларнинг сепсиз узатилиши учраб туради, лекин бугунги шароит аввалгисидан тубдан фарқ қилади.

Тожикистонлик қизларнинг бугунги кунда ортиқча дабдабасиз узатилаётганларига, маҳаллий кузатувчилар фикрича, 2007 йили Тожикистонда “Урф-одат ва тўю маракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани сабаб бўлди.

Тожикистон расмийлари айнан шу қонун туфайли 2010 йилда чиқимлар 3 миллион долларга қисқартирилганини маълум қилади.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, мазкур қонун бугунги оғир шароитда тожикистонликларга бир томондан тежамкорликни ўргатган бўлса, бошқа томондан сепсиз қизларнинг жамиятда қадрсизланишига йўл очиб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG