Линклар

Бугун "Ўзбекистон халқ ҳаракати"нинг қурултойи очилади


Бугун Берлинда яқинда таъсис этилган “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”нинг қурултойи ўз ишини бошлайди.

23-24 май кунлари ўтказилажак икки кунлик тадбирда, хабарларга қараганда, тақрибан 50 киши қатнашади.

Қурултойнинг биринчи иш кунида ташкилий масалалар кўрилиб, Ҳаракат раҳбарияти сайланади. Тадбирнинг иккинчи кунида Ўзбекистондаги вазият муҳокамасига бағишланган халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган.

“Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” қурултойи уюштирувчилари Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасига таклифнома жўнатиб ҳукумат вакилларини ҳам анжуманга таклиф этган.

Таклифномада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норовни 23-24 май кунлари ўтказилажак қурултой меҳмони сифатида кўриш истаги билдирилган.

Жаноб Норов 24-26 май кунлари амалий ташриф билан Германия пойтахтида бўлади.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Германия ҳукуматини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов ташрифидан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш борасида Тошкентга босим ўтказиш мақсадида фойдаланишга чақирди.
***
XS
SM
MD
LG