Линклар

logo-print

Маҳаллий аҳоли вакиллари буни ун импортида пайдо бўлган муаммолар билан боғламоқда.

Олмалиқ шаҳрида яшовчи Вера исмли суҳбатдошга кўра, Олмалиқда нон дўконларида танқислик бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.

- Дўконларда нон йўқ. Бор-у, уни одамлар жуда тез сотиб олишаяпти. Фақат олибсотарларда, бозорда бор. Дўконда 400 сўм бўлган буханка нон олибсотарларда 500 сўм. Сифатида ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳатто дўконларда ҳам сифатсиз, тез ушоқланиб кетадиган нонлар кўпайган. Нонвойлар ёпадиган оби нонлар 500 сўмдан 800 сўмгача кўтарилган. Юқори сифатли унда қилинган буханка бўлса, 600 сўмга оласиз. Одамлар айтишаяптики, чегара ёпиқ эмиш. Шу учун унни олиб келиш узилишлар бўлаяпти. Шу боисдан нон танқислиги бор, дейишаяпти, - деди олмалиқлик Вера.

Олмалиқ шаҳрида нон танқислиги сезилаётганини шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт бўлимининг ходимаси ҳам тасдиқлади:

- Ун олиб келишимиз бу ойда кечикиб кетди. Республикадан тақсимотни кеч берди. Энди мана ҳозир, 20 майдан олдин у ердан ҳал бўлмади-да. Ун тақсимоти, фонд тақсимоти кеч бўлиб кетди. Энди ҳозир олдик. Энди унни маҳаллага тарқатади. Лекин нон ёпадиган ташкилотларимиз кўп, ун фонди кам, етмайди. 15 тоннани бир ҳафтага етмай комбинат адо қилиб бўлди, яна ун сўраяпти. Бизнинг шароитимиз йўқ, - дейди Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги мутахассиси.

Унга кўра, ҳақиқатан Олмалиқда нон қимматлаган. Суҳбатдошимиз бунинг ўзига хос сабаблари борлигини айтади:

- Энди қимматлашгани Қўйлиқдан нон олиб келиб сотаяпти. Айтаяпман-ку, мана ярим ойгача ун тақсимоти ҳал бўлмаганидан кейин, нонни бошқа жойлардан ҳам олиб келиб сотишди-да, - дейди у.

Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ходимининг айтишича, шаҳардаги нон танқислиги муаммосини фақат Тошкент ҳал қилиши мумкин:

- Шаҳарга нон ёпиш учун 127 минг аҳолига 264 тонна ун беради, энди бу тўлиқ таъминлай олмайди, етмаяпти. Буни энди фақат республика фонд тақсимоти ҳал қилади. Лепешка нон фонддан ажратилган ундан эмас, балки бозорда сотиб олинган ундан ёпилгани учун ноннинг бу тури бўйича танқислик сезилмаяпти, - дейди Олмалиқ ҳокимлиги мутахассиси.

Бироқ Олмалиқ шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Абдивасси Жонқоилов шаҳар ҳокимлиги ходими сўзларини инкор қилди.

- Йўқ, ҳокимликлар айтаверади. Ундай бўлгани йўқ. Мен ўзим янги раҳбарман, раҳбар бўлганимдан бери ҳамма жойда юрибман. Ҳамма дўконда буханка нон бор, - деди Абдивасси Жонқоилов.

Аммо Олмалиқ шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Жонқоиловдан сал олдинроқ унинг қўл остида ишлайдиган ходималардан бири олмалиқликлар нондан қийналаётганларини эътироф этганди:

- Бизда, Олмалиқда ўзи нон масаласида кўп муаммо бўлаяпти-да. Кейин нархлари ҳам ошиб кетган. Бу ҳақда оғзаки мурожаатлар бўлган, - деганди Олмалиқ шаҳридаги истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти ходимаси.

Аснода нон муаммоси фақат Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридагина кузатилгани йўқ. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновга кўра, аввалроқ бундай муаммо Олмалиққа яқин бўлган Ангрен шаҳрида ҳам кузатилган.

- Тушликка қадар буханка нон сотиб олиш имкони бор эди. Тушдан сўнг эса нон сотиб олиш муаммо эди. Кечки пайтда фақат хусусий новвойлардан оби нон сотиб олиш мумкин эди, холос. Улар ҳам нархни буханка нон йўқлигида кўтариб юборишди. Битта оби нон 500 сўм турган бўлса, 700 сўмгача кўтаришди. 800 сўмлик нон эса, 1000-1200 сўмгача чиқиб кетди. Уч ҳафта давомида нима учун Ангренда нон танқислиги кузатилганига ҳеч ким изоҳ бера олмаяпти. Бир ҳафтадан буён эса яна нон сероб бўлиб қолди, - деди ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

"Олмалиқ нон" ҳиссадорлик жамиятидан мазкур муаммо бўйича жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда “Uznews.net” нашрининг “Ўздонмаҳсулот” ҳиссадорлик жамиятига таянган холда хабар беришича, Ўзбекистонда ун етказиб бериш билан муаммо йўқ, Тошкент вилояти эса ун билан тўлиқ таъминланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG