Линклар

logo-print

Толиблар Карачидаги ҳарбий базани штурм қилди


Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик, Карачи, 23 май 2011 йил

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик, Карачи, 23 май 2011 йил

Покистон қўшинлари Карачи шаҳридаги ҳарбий флот базасига бостириб кирган толиб жанггариларига қарши жанг қилмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, “Меҳран” базасига ўндан ортиқ жанггари бостриб кирганига 12 соатдан ошган бўлишига қарамай, отишмалар давом этмоқда.

Ҳужум учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олди. Улар бу ҳужум Ал-Қоида етакчиси Усама бин Ладин АҚШ кучлари томонидан ўлдирилганига жавобан уюштирилаётган ҳужумлардан бири эканини таъкилдаган.

Ҳарбий база матбуот котиби тўқнашувда 12 нафар покистонлик ҳарбий нобуд бўлгани, ўндан ортиғи яраланганини маълум қилди. Отишмалар пайтида АҚШда ишланган битта разведка самолёти ҳам йўқ қилингани айтилмоқда.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Карачидаги базага уюштирилган ҳужумни Покистонга қарши террор хуружи дея бахолади.

- Бу Покистонга қарши уюштирилган терроризм акти. Бир оз олдин Толибон ва Ал-Қоида Покистон ҳарбий иншоотларига ҳужум қилишини эълон қилган эди. Улар буни амалга оширди. Шу боис мен Покистон уруш ҳолатида, дейишим мумкин,- дея вазиятга изоҳ берди Покистон Ички ишлар вазири.

Ҳарбийларга кўра, жанггарилар флот базасидаги битта бинони эгаллаб олган ва ўша ердан аскарларга қарата ўт очган.

Айни пайтда Покистон расмийлари толиблар базадаги бир неча хорижлик, жумладан, хитойлик ҳарбийлар гаровга олгани ҳақида матбуотда пайдо бўлган маълумотларни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG