Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:25

Толиблар Қозоғистонни огоҳлантирди


Қозоғистоннинг Афғонистондаги халқаро коалицияга қўшилиш ниятлари Толибонни ғазаблантирди.
Қозоғистоннинг Афғонистондаги халқаро коалицияга қўшилиш ниятлари Толибонни ғазаблантирди.

Толибон ҳаракати Қозоғистоннинг Афғонистонга ҳарбий контингент жўнатиш қарорини қоралади. Таҳлилчилар бу қарорнинг Қозоғистонда террор таҳдидини кучайтириши мумкинлигини эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.


Толибон ҳаракати 21 май куни эълон қилган баёнотида Қозоғистонни Афғонистондаги урушда иштирок этмасликдан огоҳлантирди. Бу ҳақда Рейтерс ахборот агентлиги хабар қилди.

Толибларнинг бундай баёнот эълон қилишига 18 май куни Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси Афғонистондаги халқаро коалицияда Қозоғистоннинг иштирок этишига оид НАТО билан имзоланган шартномани ратификация қилгани сабаб бўлди.

Мазкур келишув қонун кучига кириши учун энди уни Сенат тасдиқлаши ва ундан кейин президент Нурсултон Назарбоев имзолаши керак.

"Қозоғистон ҳукумати ўз халқи умидларини рўёбга чиқариш ва минтақа манфаатларига хизмат қилиш ўрнига Америка манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда", дейилади Толибон ҳаракати баёнотида.

Айни пайтда, баёнотда Қозоғистон ҳукуматининг “нотўғри қарори” Афғонистон ва Қозоғистон муносабатларига узоқ муддатда салбий таъсир этиши таъкидланган.

Душанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Асқар Абдураҳмонов “Новости-Казахстана” агентлигига Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатни қайта тиклаш йўлидаги халқаро ҳамжамият уринишларига ёрдам бериш мақсадида Қозоғистоннинг тўрт нафар зобити Афғонистонга жўнатилиши режалганини маълум қилди.

Абдураҳмонов ҳозирда Афғонистондаги халқаро коалиция 47 давлатдан иборат экани ва улардан 19 таси НАТОга аъзо бўлмаган, олтитаси Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар эканини қўшимча қилди.

Таҳлилчилар Қозоғистон Афғонистонга ўз ҳарбийларини жўнатишни режалаётгани мамлакатда террорчилик хуружлари содир этилиши эҳтимолини кучайтириши мумкин, деган фикрда.

“Таҳдидларни баҳолаш гуруҳи” директори, сиёсатшунос Дўсум Сатпаев Озодлик билан суҳбатда Толибон ҳаракатининг баёнотига жиддий қараш керак, дея таъкидлади.

- Қозоғистоннинг Афғонистонда АҚШ ва НАТОга ҳарбий ҳамкор бўлишга ҳозирланаётгани, албатта, республикада террорчилик таҳдидини кучайтиради. Гап Қозоғистон ҳудудида террорчилик хуружларини айнан Толибон ҳаракати амалга ошириши тўғрисида бораётгани йўқ. Чунки Марказий Осиёда Ал-Қоида ва Толибон ҳаракати билан бевосита ёки билвосита алоқаси бўлган бошқа террорчи гуруҳлар ҳам бор,- дейди Дўсум Сатпаев.

Султон Акимбеков Қозоғистон президенти жамғармаси ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори. Акимбеков Толибон ҳаракатининг баёноти Қозоғистонда террор таҳдиди кучайиши мумкинлигидан далолат деган фикрга қўшилмайди.

- Бу Қозоғистон фуқаролари кўнглига ғулғула солиш мақсадида қилинган сиёсий баёнот. Мен бу баёнот эътибор беришга арзимайди демоқчи эмасман. Айни пайтда унга катта эътибор ҳам бериш керак эмас. Коалиция аъзоси бўладими ёки йўқ, турли террорчилик амалиётлари таҳдиди ҳамма давлат учун ҳар доим мавжуд бўлган. Бу қатор муаммолар билан боғлиқ,- дейди Султон Акимбеков.

Айни пайтда, ҳам Дўсим Сатпаев, ҳам Султон Акимбеков экстремистик ташкилотларнинг Қозоғистон шаънига бу каби таҳдидлар аввал ҳам янграганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG