Линклар

logo-print

МДҲ мамлакатлари келиша олмади


МДҲ Бош вазирларининг келиша олмаганига Шавкат Мирзиёевнинг "ўзгача фикри" сабаб бўлгани айтилмоқда.

МДҲ Бош вазирларининг келиша олмаганига Шавкат Мирзиёевнинг "ўзгача фикри" сабаб бўлгани айтилмоқда.

19 май куни Беларус пойтахти Минскда бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Бош вазирлар Кенгашининг навбатдаги йиғилишида МДҲ ичида Эркин савдо ҳудуди яратиш борасидаги ҳужжат имзоланмади. “Коммерсант-Украина” нашрига кўра, айниқса, Украина учун муҳим бўлган бу ҳужжатни имзоланишига Ўзбекистон расмийлари қарши чиқди.


Пайшанба куни Минскда МДҲ Бош вазирлари йиғилишида имзоланиши кутилган муҳим ҳужжатлардан бири – Эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) тўғрисидаги янги шартнома ҳақида олдиндан хабар қилинган эди.

Аммо ҳукумат вакиллари йиғилишидан кейин шартнома имзоланмагани маълум бўлди. МДҲ ижроия котиби Сергей Лебедев ҳукумат раҳбарлари кенгаши Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома иштирокчилар орасида айрим норозиликларни келтириб чиқаргани боис, камчиликларни тузатиш учун МДҲ Иқтисодий кенгашининг қайта муҳокамасига қайтарилганлигини маълум қилди.

Аммо “Коммерсант-Украина” нашрининг хабар қилишича, йиғилишда жиддий қарама-қаршиликлар юзага келган ва ЭСҲ шартномасининг имзоланиши “айрим қўшни давлатлар кўмагида” Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегация қаршилигига учраган.

Минскдаги МДҲ Ижроия қўмитаси расмийси Вера Якубовская Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳақиқатан Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг айрим бандларига ўз норозилигини билдиргани ва шартнома имзоланиши кейинга қолдирилганини тасдиқлади.

- Шартноманинг айрим бандлари бўйича қўшимча маслаҳатлашувлар зарур. Шу муносабат билан ҳукумат раҳбарлари бу шартномани июн ойида ўтказиладиган Иқтисодий Кенгаш муҳокамасига юборди. Ўзбекистоннинг айрим масалаларда келтирган изоҳлари энди инобатга олинади. Келишилмаган масалалар ўша ерда ҳал этилади ва жорий йилнинг сентябрида Санкт Петербургда шартнома имзоланади, деган ишончдамиз, деди МДҲ Ижроия қўмитаси расмийси.

Якубовская хонимнинг айтишича, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг айрим бандларига Туркманистон ва Тожикистон ҳам қўшилмаслигини билдирган.

Айрим манбалардан олинган маълумотга кўра, йиғилишда Украина мутасаддилари Тошкент расмийларининг позициясини “ноконструктив”, деб баҳолаган.

Киевдаги Иқтисодиёт мактаб институтининг профессори Александр Шепотило Озодлик билан суҳбатда Украина ҳам, Европа Иттифоқи ҳам МДҲ давлатлари билан эркин савдо зонасини ташкил қилишга интилмоқда, дейди. Шу сабабдан МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома Украина учун катта аҳамиятга эга, бошқа томондан Украинанинг бу ҳатти-ҳаракатлари Россия манфаатларига зид келмоқда, дейди профессор.

- ЕИ билан бизда эркин савдо ҳудуди тўғрисида ҳозирча шартнома йўқ, лекин Украина уни имзоламоқчи. Бу шартнома яқин келажакда ҳақиқатан имзоланиши эҳтимоли бор. Лекин бунга қарши чиққан Россия аллақачон Украинанинг Европа билан бундай шартномани имзоланиши ортидан товар айирбошлаш тарифларини ошириб савдони чеклашини билдирган, дейди Киев Иқтисодиёт мактаби профессори Александр Шепотило.

Шепотилонинг фикрича, Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши айрим жиҳатлардан МДҲ давлатлари билан имзоланишга тайёрланган шартномага зид келади.

- Шу сабабли билишимча, Украина шартномани имзолашга тайёр эди. Айрим МДҲ давлатлари эса, хусусан, Ўзбекистон бундай шартнома уларни қониқтирмаслигини билдирган. Украина дастлаб Россия билан ўз муаммоларини ҳал этиб бу шартномани имзолашга кириши зарур эди,- дейди украиналик иқтисодчи профессор Александр Шепотило.

Кузатувчилар МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг имзоланмаганлиги ортида Россиянинг қўли борлиги ва бу Украинага огоҳлантирув белгиси эканини таъкидлашмоқда. Хусусан, “Коммерсант” газетаси исми сир тутилган Украина расмийларидан бирининг “Шартнома ўзбек делегацияси томонидан россияликлар босими остида имзоланмаганлигига ишончимиз комил”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

“Московские новости” газетасининг сиёсий шарҳловчиси Аркадий Дубнов фикрича, МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома маҳсулот ва хом-ашё экспорти билан шуғулланувчи мамлакатлар учун жуда фойдалидир ва шу боис зиддиятларнинг келиб чиқиши табиий ҳолдир.

- Менимча, Ўзбекистон позицияси бошқа норози бўлган давлатлар учун жуда қўлай бўлди ва оқибатда шартнома имзоланмади. Бу жуда муаммоли вазият, чунки ҳар бир мамлакат ўзининг ташқи иқтисодий савдо тизимига эга. Биров қишлоқ хўжалигига, бошқаси саноатга, бири импортга, яна бири экспортга асосланган. Нима бўлганда ҳам бундай иқтисодий масалаларда келишиш осон эмас,- дейди “Московские новости” газетасининг сиёсий таҳлилчиси Аркадий Дубнов.

Эркин Савдо Ҳудудини яратиш тўғрисидаги Келишув 1994 йилнинг 15 апрелида Москвада МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашида имзоланган. Келишувга Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Молдова, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина президентлари томонидан имзоланган. ЭСҲ келишувида МДҲ доирасида божсиз савдо, ўзаро савдо муносабатларида тариф ва нотариф чекловларини бекор қилиш ҳамда ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG