Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:09

Президент олий таълим сифатини тубдан яхшиламоқчи


Ислом Каримов имзо чеккан янги қарор келаси беш йил ичида ана шундай жиддий мақсадга эришишни кўзда тутади.


Ўзбекистон президенти 20 май куни имзолаган янги қарор “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайëрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб аталади.

Қарордан кўзда тутилган мақсад эса¸ 2011-2016 йиллар давомида олий таълим муассасаларини модернизациялаш¸ уларни замонавий ўқув ва илмий лаборотория жиҳозлари билан таъминлаш¸ юқори малакали кадрлар тайëрлаш йўналишлари ва мутахассисликларини мақбуллаштириш¸ таълим стандартларини такомиллаштириш ҳисобига таълим жараëнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдан иборатдир.

Шу мақсад йўлида¸ президент беш йиллик ҳаракат дастурини маъқуллаш¸ Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Рустам Азимов раислигида махсус комиссия ташкил қилиш¸ бир қатор олий ўқув юртлари номларини ўзгартириш¸ Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш Жамғармаси ташкил этиш каби қатор ишларни амалга ошириш ҳақида фармойиш берган.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон таълим соҳасининг айрим мутахассислари мазкур фармон қабул қилинишини олқишлаган ҳолда¸ унинг амалда таълим сифатини тубдан яхшилашига эҳтиëткорлик билан муносабат билдирдилар.

"Ўзбекистон олий таълим тизимида узоқ йиллардан бери ишлаб келаëтган мутахассис сифатида¸ бундай қарор учун эҳтиëжнинг кўпдан пишиб етилганини айтишим мумкин"¸ дейди Ислом Каримовнинг мазкур фармонига муносабат билдирган Фарҳод Толипов.

- Инқирозий муаммолар мавжуд. Хусусан олганда¸ дарс берувчилар¸ яъни ўқитувчилар, домлалар, доцентлар, профессорлар малакаси борган сари пасайиб кетаяпти. Студентларнинг, ўқувчиларнинг савияси ҳам тобора пасайиб бораяпти. Ўқишга бўлган қизиқиш студентларда жуда ҳам камайиб бораяпти. Буни мен ҳар куни ўз кўзим билан кузатиб келганман ва шу нуқтаи назардан¸ бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш зарурати мавжуд. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шак-шубҳасиз, ҳақиқатан ҳам тубдан ислоҳ қилиш керак. Балки шуни тан олган ҳолда янги қарор қабул қилингандир¸ дейди доцент Фарҳод Толипов.

"Ўзбекистонда олий таълим соҳасини инқирозга бошлаган асосий омиллар коррупция ва ўқитувчи-профессорлар ойлигининг камлигига бориб тақалади"¸ дейди Ўзбекистон университетларидан бирида ишлаб¸ ҳозирда хориждаги нуфузли олийгоҳлардан бирида ахборот технологиялари соҳасида сабоқ олаëтган олим Улуғбек Низомхўжаев.

- Мустақилликдан кейин ойлик камлиги учун кўпгина одам ҳам ўқитувчилик қилмай қўйди-да. Лекин ҳозир шунақа ривожланаяптики¸ беш йилликянги бу план, бунга ривожлантириш учун четдан техника келтирилади. Компютер класслари, ўқитувчилар малака оширишга чет элга жўнатилади. Асосан ëшларга, проектлар қилиш керак¸ мисол учун. Ҳозир йўл очилиб қўйилаяптики, агар проект қилсанглар, тушган пул ўзларингники деяпти. Бу ойликни ошириш бўлганда. Стандарт ойликдан юқори қилиб бериш қийин. Лекин проект қилиб берсанглар, тушган пулни ўзинглар олинглар деяпти. Порахўрликни йўқотиш учун қилинаяпти-да¸ дейди Ўзбекистон таълим соҳасида секинлик билан бўлса-да¸ жиддий ишлар қилинаëтганини таъкидлаган ўзбекистонлик ëш олим.

Бухородаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг ўқитувчиси Ибод Ҳакимов¸ Ислом Каримовнинг олий таълим сифатини тубдан яхшилаш тўғрисида қабул қилган қарорини советларнинг беш йиллик дастурларига қиëслайди ва бу билан инқирозга ботган таълим тизимини тўғри ўзанга солиш мумкинлигига ишонмаслигини яширмайди.

-Умуман Ўзбекистонда ҳозир таълим системаси тўлиқ издан чиқиб бўлган. Ўрта мактаб барбод бўлиши ҳозир бирдан тўққизгача қилгани, кейин мана бу коллеж дегани. Ҳаммаси булар издан чиқиб бўлган. Баландпарвоз гап ҳаммаси. Бир пайтлар лозунглар бўларди¸ беш йиллик деган¸ ўшаларнинг давоми бу. Яъни таълим сифатини яхшилаш худди бир нормалний кетаяптию уни яна яхшиласак.

Масалан¸ биз коллежда¸ мутахассислик соҳаси бўйича иш олиб бораяпмиз¸ касбий йўналтириш бўйича. Лекин бу нимага ўқувчилар умуман тайëр эмас. Ўқувчиларда бирдан тўртгача бўлган маълумот йўқ. Саводхонлик, оддийгина нималар, математик қўшиб-айиришлар йўқ. Яна яхшилаш керак дегани¸ бу шу пайтгача яхши бўлса эди, уни янада яхшиласак. Ишни умуман нолдан бошлаш керак. Давлат томонидан биринчи эътиборга таълим системасини қўйиш керак. Бошланғич таълимнинг хароб бўлиб қолишига сабаб эса¸ ўқувчи-ўқитувчилардан давлат темир сўрайди, пахта сўрайди¸ Худога шукур¸ яганадан қутулди¸ ўтоқ сўрайди. Улардан биров ўқишни сўрамайди!¸ дейди бухоролик коллеж ўқитувчиси.

Тошкент Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети доценти Фарҳод Толипов¸ мустақилликдан сўнг юзага чиққан ўтиш даврида давлат ва жамиятнинг маърифат ва таълим соҳасига сусайган эътибори¸ агар давлат ва жамият тараққий қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан¸ эртами-кечми жонланиши шарт¸ деган ишончда.

- Мамлакат, жамият ривожланган сари барибир таълимга ҳам, янги билимларга ҳам замонавий билимларга интилиш, қизиқиш кучайиши барибир муқаррар. Шунинг учун, менимча, барибир эртами кечми шу соҳани ислоҳ қилиш вақти келиши керак эди.

Мана ҳаммага маълум, мафкуравий шиоримиз бор “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деган. Агар ҳақиқатан ҳам буюк давлатга эришмоқчи бўлсак, давлатчилигимизни юксак даражага кўтармоқчи бўлсак, уни фақат савдо билан, оддий магазинлару бозорларни кўпайтириб унга эришиб бўлмаса керак. Албатта¸ фан, техника, технологияларни ўзлаштириб, ривожлантирибгина юксак даражага кўтарилишимиз мумкин. Агар ундай вазифа, шундай мақсад жиддий қилиб қўйилган бўлса, барибир фанга, юқори малакали мутахассисларга эҳтиëж сезилади.

Қачон қарорлар қабул қилинса, янги ўзгаришлар киритилса қонунгами, бошқача қарорлар қабул қилинсами, ишқилиб амали билан бўлсин¸ деб умид қиламан ва шу охирги қарор тўғрисида ҳам айнан шундай фикр билдиришим мумкин. Ниятлар ëмон эмас, айтилиши яхши, долзарблиги кўриниб турибди. Вақти етганлиги, бундай ислоҳотлар қилишларга вақти келганлиги кўриниб турибди. Анчагина муаммолар чўзилиб кетганлигини ҳам акс эттираяпти бундай қарорлар. Ишқилиб, амали билан бўлсин¸ деб айтаман¸ дейди ўзбекистонлик олим Фарҳод Толипов.

Президент фармонида “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайëрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев зиммасига юклатилган.
XS
SM
MD
LG