Линклар

logo-print

Ўзбекистонга ноутбук ва мобил телефон олиб киришга чеклов бор

  • Барно Анвар

Хориждан уйга компьютер ёки уяли телефон олиб келаётган бўлсангиз, бож тўловлари ундирилиши эҳтимолини ёдингизда тутинг!

Хориждан уйга компьютер ёки уяли телефон олиб келаётган бўлсангиз, бож тўловлари ундирилиши эҳтимолини ёдингизда тутинг!

“Тошкент халқаро аэропорти орқали мамлакатга кирувчи ўзбекистонликлар ёнида 1000 АҚШ долларидан қиммат нархдаги электрон ва радиоэлектрон буюмлар бўлса, бож солиғи тўлашларига тўғри келади”. Аэропортдаги Божхона назорати хизмати берган маълумотга кўра, бундай тартиб 1998 йилдан буён амал қилиб келади. Бироқ, Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлардан олинган маълумотга кўра, айниқса, шу кунларда бу қарорнинг ижроси устидан назорат кучайтирилган ва Ўзбекистонга биттадан ортиқ уяли телефон ёхуд ноутбук компютерини олиб кириш тақиқланди, деган хабарлар пайдо бўлган.


Дастлаб, Тошкент халқаро аэропорти Божхона хизмати билан хизматнинг ишонч телефон орқали боғландик. Озодлик билан гаплашган, лекин ўзини таништирмаган божхона ходими “Биттадан ортиқ уяли телфон ва компютер олиб кириш тақиқланганми?” деган саволимизга йўқ, деб жавоб берди ва бунга оид тартибни шархлаб берди.

Божхона ходимининг сўзларига кўра, 1998 йилда қабул қилинган тартибга мувофиқ ҳар битта шахсга қиймати 1000 АҚШ долларидан ва сони биттадан ошмаган радиоэлектрон ва электрон буюмларни божхона тўловисиз Ўзбекистонга олиб кириши мумкин.

Озодлик мухлисларини қизиқтирган уяли телефон ва компютер божхона тартибида кўзда тутилган радиоэлектрон ва электрон буюмлар сирасига киради.

- Т6 шаклидаги божхона декларацияси бор. Ўшанда кўрсатилади. Мисол учун телефон, битта телевизор, битта ноутбук тўғрими? Биттада ҳаммаси. Агар нархи 1000 АҚШ долларидан ошмаса шу нарсаларни, тўсқинликсиз бемалол ўтиб кетаверади. Декларацияда кўрсатган ҳолда фақат. Лекин ўша ерда фуқаро мана шу нарсаларнинг нархини 2000 АҚШ доллари деб ëзди. Буни бизларнинг болалар акт билан тўхтатишади.

Далолатнома тузиладида, божхона расмийлаштирувини давом эттириш учун олиб қолинади. Битта дона бўлса ҳам, нархи баландда бунинг опажон. 1000 АҚШ долларидан ошгани уже тўхтатилади. Бир хил нарсаларимиз бор 1000 АҚШ долларидан ошмаса ҳам, сони кўп бўлиши мумкин. Нархи 100 доллар, лекин сони 100та бўлиши мумкин. Унда ҳам товар сони кўп бўлгани учун тўхтатишимиз мумкин,- дейди божхона ходими.

Божхона ходимига мухлисларимиздан тушган конкрет саволни бердик: “Мисол учун, Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган шахснинг ёнида учта мобил телефони бор, бири ўзиники ва 2 таси совғага. Унга нисбатан қай тартиб асосида муомала қилинади?”

- Мисол учун биттасини ўша ернинг ўзида қайтариб беришадида, иккитасини акт билан олиб қолишади. Кейин расмийлаштирувчи ЦЭМС, деган ташкилотига боради. Агар улар разрешение берса, бизларда унинг нархи ўрганилади. Агар 1000 АҚШ долларидан ошмаса, катта бўлмаган миқдорда бланка расмийлаштирамиз. Ҳар бир бланка 340 сўм. Шунақа бланка расмийлаштириб чиқиб кетаверади кейин.

Агар нархи 1000 АҚШ долларидан ошадиган бўлса, тегишли бўлган божхона тўловларини тўлаш керак бўлади,- деди Тошкент аэропорти Божхона назорати хизматининг ишонч телефони орқали тушунтириш берган ходими.

Божхона ходими билан суҳбатдан тушунилдики, агар Ўзбекистонга қайтаётган ўзбекистонликлар ёнида совға учун олинган икки ёки ундан кўпроқ ноутбук компютери бўлса, у ҳолда нархи 1000 доллардан ошмаган битта компютер шахсий қўлланиши учун, дея солиққа тортилмайди. Аммо қолганларига белгиланган тартибда бож солиғи тўланади.

Агар Ўзбекистонга бораётган ўзбекистонликлар ўз мобил телефонидан ташқари ёнида яна совға учун олган иккита ёки ундан кўпроқ телефонлар бўлса ҳам, нархи 1000 доллардан ошмаган битта телефон солиққа тортилмайди.

Қолганлари эса нархидан қатъий божхонада олиб қолинади ва буюм эгасидан тегишли идорада буюмларини Ўзбекистонга олиб кириш учун рухсатнома олиш талаб қилинади.

Тошкент аэропортининг божхона назорати хизмати ходими тилга олган марказ – Электромагнит мослашув маркази билан ҳам боғландик.
Марказнинг ўзини таништирмаган ходими Ўзбекистонга жисмоний шахслар олиб кирмоқчи бўлган биттадан ортиқ уяли телефонга рухсатнома бериш тартибини тушунтирди.

- Шахсий эҳтиëж учун олиб кирилган уяли телефон бизлардан рўйхатдан ўтмайди. Бу энди шахсийми, сотувми таможнядагилар билмаганлиги учун бизларга юборишади. Бизлар ҳам кўриб чиқамиз. Мисол учун жисмоний шахс 2-3-5та олиб кираяпти. Кейин хатида кўрсатилади совғага олиб кирдим, шахсий фойдаланишга олиб кирдим деб. Уч кунда берамиз.

Озодлик: Шахсийлигини сизлар қаердан биласизлар?

Хатда ëзиб кўрсатадику. Тўртта-бешта нима билан тижорат бошлай олмайсизда. Бизнес эмас бу.

Электромагнит маркази вакили ва божхона ходими сўзларидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган электрон ва радиоэлектрон буюмлар сони ва қийматига чеклов қўйилганини англаш мумкин. Яъни, буюм эгаси бож тўловидан озод бўлиши учун у олиб кираётган молнинг нархи 1000 АҚШ долларидан, сони эса биттадан ошмаслиги керак.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: табиийки, нархи ва сони шу чекловдан ортган тақдирда бундай буюмлардан унидириладиган бож тўлови қандай белгиланади?

Божхона назорати ходимидан бу саволга аниқ жавоб оломадик:

- Олдиндан била олмаймиз опажон. Чунки телефоннинг нимаси кўп, модели кўп. Оддий Nokiaнинг неча юзта модели бор. Нархи ҳаммаси ўзидан келиб чиқади. 50 мингдан бошлаб юқорисини ўзингиз биласиз. Ҳозир телевизорда кўрсатишича, 3000-4000 долларлик телефонлар ҳам чиқиб кетган.

Божхона ходими Ўзбекистонга шахсий эҳтиёжлар мақсадида хориждан келтириладиган маҳсулотларга солинадиган бож тўловлари ставкаси ҳақида ҳозир бепул юридик маслаҳат берувчи “Lex.uz” сайтини тавсия қилди.

Ушбу сайтдан олганимиз маълумотларга кўра, Ўзбекистонга хориждан олиб кирилаётган электрон буюмлардан камида 3, кўпи билан эса 6-7 турдаги божхона тўлови ундирилиши мумкин ва тўлов ставкалари нафақат бож тўлови тури, балки, маҳсулотнинг тури, ҳажми, нархи ва ҳолатига кўра таснифланган ўта мураккаб шкала асосида ишлаб чиқилади.

Бошқача, айтганда, агар Ўзбекистон ҳудудига ўз шахсий эҳтиёжи учун биттадан ортиқ ва 1000 АҚШ долларидан қиммат нархдаги электрон ва радиоэлектрон буюмни олиб киришини истаганлар унинг бож тўлови қанча бўлишини фақатгина божхона назорати хизмати ходими тўхтатганидагина билиши мумкин.

Мақола аввалида айтганимиздек, Ўзбекистонда бундай тартиб 1998 йилда қабул қилинган ҳуқуқий меёрлар асосида жорий этилган. Аммо, нега энди бундай тартиб устидан назорат нега энди бугун кучайтирилгани ҳақидаги саволимизга расмийлардан жўяли жавоб ололмадик.

Аммо, куни кеча Тошкент халқаро аэропорт божхона назорати текширувидан ўтган ва иш фаолияти электрон ҳамда радиоэлектрон воситалар билан боғлиқ бўлган журналист Сергей Наумов вазиятни шундай таърифлаб берди.

- Тўғрисини айтсам, мен унақа кучли назоратни сезмадим. Иккита мобил телефон ва битта фотоаппарат билан ўтдим. Декларацияда кўрсатдим. Сўраб ҳам қўйишимади, очиғи. Бу тартибнинг қабул қилинганига кўп йил бўлган ва одатан, текширув кучайибди, деган овозлар тез-тез тарқалиб туради. Энди бу кўпроқ ўша божхона персоналининг ишга ёндошувига ҳам боғлиқ, менимча,- дейди ўзбекистонлик журналист.

Нега энди Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун биттадан ортиқ компютер олиб кириш мумкин эмас, деган саволга Сергей Наумов шундай фикр билдирди:

- Аксарият ҳолларда буни мамлакатнинг ички иқтисодини қуватлаш каби сабаблар билан изоҳлашади. Гўёки, Ўзбекистон иқтисодини қувватлаш учун хорижда арзон турган электро-техникани қиммат нархга шу ердан олиш керакдек. Лекин, масалани моҳиятига қаралса, бу мантиқсиз амалиёт ва уни фақат Ўзбекистонда кузатиш мумкин, менимча,- дейди Сергей Наумов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG