Линклар

Шу йил 23 майидан бошланган полиомиелитга қарши эмловнинг олтинчи босқичида қарийб 2,9 миллион бола эмланиши кутилмоқда.

Бунгача беш маротаба ўтказилган полиомиелитга қарши эмловнинг навбатдаги босқичи, Газета.уз сайтининг хабар қилишича, 23 майдан 28 майгача ўтказилиб, унда 5 ёшгача бўлган болалар эмланади.

Полиомиелитга қарши эмловнинг тўрт босқичи 2010 йилнинг май, июн, июл ва октябр ойларида, бешинчиси эса шу йилнинг апрел ойида ўтказилганди. Уларда 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар, Тожикистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида эса 25 ёшгача бўлган кишилар эмланганди ҳамда эмланганларнинг умумий сони 10 миллион кишини ташкил қилганди.

Бу сафар ҳам эмлов, аввалда бўлгани каби, Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида бир вақтда ўтказилиши айтилмоқда.

Ўтган йили минтақада полиомиелит касаллиги билан боғлиқ вазият оғирлашиб кетган, хусусан, Тожикистонда полиомиелит билан боғлиқ 458 ҳолат аниқланганди. Шунингдек, Туркманистонда мазкур касаллик билан боғлиқ учта ҳолат, Қозоғистонда эса битта ҳолат қайд этилганди.

Полиомиелит даволанмайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, унинг олдини фақат эмлов йўли билан олиш мумкин.

Миллий эмлов кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Полиомиелитни бартараф қилиш бўйича глобал ташаббуснинг бошқа ҳамкорлари кўмагида амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG