Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:57

Бишкек чегараларни мустаҳкамламоқда


Ўш воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Қирғизистон чегаралари кучайтирилган тарзда қўриқланади.

Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Замир Мўлдўшев қирғиз матбуотига берган суҳбатида мамлакат чегаралари кучайтирилган тартибда қўриқлашга тайёрланаётганини билдирди. Унинг айтишича, айни пайтда айрим чегара заставаларига қўшимча куч ва ҳарбий техник воситалар жўнатилган.

Чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариева эса Озодлик радиосига мамлакат чегаралари 28 майдан бошлаб кучайтирилган тарзда қўриқланиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирди.

- 28 майдан бошлаб кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтамиз. Ўзбекистон томони эса апрел ойидан бошлаб Қирғизистон билан чегараларни кучайтирилган тартибда қўриқламоқда, - деди Салқин Абдуқариева.

Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларини кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтилишининг сабаблари нимада?

Мазкур саволга жавоб берар экан, Салқин Абдуқариева Ўш қирғинининг бир йиллиги муносабати билан мамлакатдаги барча ҳуқуқ-тартибот тузилмалари хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида кучайтирилган тартибда ишлашга ўтиши кутилаётганини, аммо амалда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини айтди:

- Ҳозирча ҳеч қандай таҳдидлар кутилмаяпти. Биз вазиятни назорат қилмоқдамиз. Оператив хизматларимиз жуда кучли ишлаяпти. Лекин ҳозирча қандайдир таҳдидлар бўлиши ёки террорчилик ҳаракатлари чегарадан ўтиши мумкинлиги тўғрисида ҳеч қандай оператив маълумот йўқ, - деди Салқин Абдуқариева.

Бироқ бошқа ҳукумат тузилмалари Ўш қирғинининг бир йиллиги муносабати билан бир қатор таҳдидлар борлигини маълум қилишган. Масалан, бир неча кун олдин Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов шаҳарда “Июн қирғини учун ўч оламиз! Қасос оламиз” қабилидаги варақалар тарқатилгани, номаълум шахслар томонидан аҳолининг муайян қатлами қўрқитилаётгани тўғрисида эълон қилган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев эса Афғонистон ҳудудида Қирғизистон исломий ҳаракати тузилгани ва бу ҳаракат асосан ўтган йилги июн воқеаларидан сўнг Ўшни тарк этган одамлардан иборат эканини парламентга билдирган эди.

- Биздаги маълумотга кўра, Афғонистон ва Покистон ҳудудида 200 дан 400 нафаргача Қирғизистон фуқароси бор. Улар террорчилик лагерларида таълим олишмоқда, - деган эди Кенешбек Дуйшебаев.

Бу каби билдирувлар ва июн воқеасининг бир йиллиги арафасида куч ишлатар тузилмаларнинг кучайтирилган тартибда ишлашга ўтказилиши, аммо бу чоранинг асл сабаблари айтилмай, умумият-ла “хавфсизликни таъминлаш” иборасига тиркалаётгани айрим ўшликлар орасида ҳам ваҳима кайфиятини пайдо қилмоқда.

- Ҳукумат барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида ҳаракат қилаяпти. Масалан, ҳар куни телевизорда икки халқнинг дўстлиги ҳақида гапиришаяпти, “2011 йилни иноқлик йили, тинчлик йили қиламиз”, дейишаяпти. Аммо икки халқни бир-бирига қарши қайраётган турли кучлар ҳам борлиги сезилади-да. Одамлар ҳозир қачон тинчлик бўлса, ўшандагина барака бўлишини тушиниб қолишди. Лекин бизнинг тинчлигимизни истамаётган кучлар борми, дейман-да, - дейди ўшлик Эркинбой ака.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Ўш қирғинининг бир йиллиги арафасида вазият ҳукумат назорати остида эканини ва барқарорликнинг издан чиқишига йўл қўйилмаслигини билдириб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG