Линклар

logo-print

Қирғизистоннинг жанубий вилоятларига Ўзбекистондан олиб ўтилаётган мева-сабзавот нархи кейинги пайтларда 30-40 фоизга қимматлади.

Ўш, Жалолобод ва Боткен бозорида савдо қилаётган қирғизистонликлардан олинган маълумотлардан ана шундай хулосага келиш мумкин.

Боткен бозорида савдо қилувчи Бақтигул нарх-навонинг қимматлигига Ўзбекистон томонининг чегарани бир томонлама ёпиб қўйгани сабаб эканини айтади:

- Бизга маҳсулотлар асосан Ўзбекистондан олиб келинар эди. Ҳозир маҳсулотларни қиммат нархда олаяпмиз. Бизга бу маҳсулотларни олиб келадиганлардан: “Нега шунақа бўлаяпти?” деб сўрасак, “Чегара ёпиқ, биз чегарадан тунда беркиниб ёки пора бериб ўтганимиз туфайли нарх кўтарилиб кетаяпти” деб жавоб беришади, - деди Бақтигул.

Ўшлик Аваз аканинг айтишича, Ўшда ҳам худди мана шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Аваз ака Ўшга ҳам Ўзбекистондан мева-чевалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари чегаралар ёпиқ бўлишига қарамасдан олиб келинаётгани, бироқ уларнинг нархи жуда баланд эканини айтди:

- Ҳа, бозорда ҳамма нарса очиқ сотилаяпти. Пул бўлса, ҳамма нарса бор бозорда. Лекин қимматчиликда. Одамларда эса пул оз, - деди Аваз ака.

Қирғизистон жанубидаги бозорларда Ўзбекистондан контрабанда йўли орқали олиб келинган маҳсулотлар сотилаётганидан қирғиз расмийлари ҳам хабардор эканлар. Масалан, Боткен вилояти ҳокимининг ўринбосари Саитжан Эратовнинг айтишича, Қирғизистон Ўзбекистон билан чегараларини ёпмаган, шунинг учун Ўзбекистондан олиб келинаётган маҳсулотлар Қирғизистон ҳудудига қонуний кириб келмоқда. Бу маҳсулотлар ҳозиргача ёпиқ қолаётган Ўзбекистон чегарасидан қандай йўл билан олиб ўтилаётгани қирғиз тарафининг муаммоси эмас.

- Мендаги маълумотга қараганда, Ўзбекистон томони озиқ-овқат маҳсулотлари ва мева-чеваларни чегарадан олиб ўтилишини таъқиқлаб қўйган. Аммо одамлар ўзлари яширин йўллар билан беркиниб ўтиб, бизга маҳсулотларни олиб келаяпти. Шундоқ қилмаса ҳам бўлмайди, ахир Ўзбекистонда шунча мева-чевани сотиб тугатишнинг иложиси ҳам йўқ, - деди Боткен вилоят губернатори ўринбосари Саитжан Эратов.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шариповнинг айтишича, бундай ҳолатдан Ўзбекистон томони ҳам бехабар эмас. Аммо айнан мана шундай вазият ҳар икки давлат чегарачилари учун мақбул бўлиб турибди.

- Ўзбекистон чегарачилари ҳам, Қирғизистон чегарачилари ҳам ҳозир чегарани бизнесга айлантириб олган. Чегарачилар чегарадан ўтиш учун пул талаб қилиши ҳеч кимга сир эмас. Бу каби кўриниш бозордаги нархларнинг кўтарилишига ҳам албатта сезиларли таъсир кўрсатади, - деди Абдумалик Шарипов.

Унинг айтишича, бундай ҳолатлар юзасидан ҳуқуқ фаоллари тегишли ташкилотларга мурожаатлар ҳам йўллашган.

- Лекин бизнинг мурожаатларимиздан натижа деярли йўқ. ҳар доим: “Сизлар айтган маълумотлар тасдиқланмади” қабилида жавоб оламиз, холос, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда Қирғизистон чегара хизмати расмийлари чегаралардан мунтазам равишда контрабанда маҳсулотлари ўтиб турибди, деган иддаоларни рад этадилар.

Жумладан, Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариеванинг Озодликка маълум қилишича, шу йилнинг 20 май куни Боткен вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош “Айдаркен” чегара участкасида контрабанда йўли билан йирик миқдорда гилос олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ушланган:

- Улар ноқонуний йўллардан бизнинг ҳудудга гилос олиб ўтмоқчи бўлганда, чегарани ноқонуний бузгани учун чегарачиларимиз томонидан қўлга олинди, - дер экан Салқин Абдуқариева айни пайтда ўзбекистонлик контрабандачилар иши билан Қирғизистон Божхона хизмати шуғулланаётганини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG