Линклар

logo-print

Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига президент Ислом Каримовнинг ташриф буюриши кутилмоқда.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида мактаб ўқувчилари ҳафта бошида навбатдаги шанбаликка чиқарилди.

- Асосан ўтлардан тозалаш, оқланмаган жойларни оқлаш. Шаҳарнинг ўзида бўлаяпти бу ишлар. Асосан тозалаётганлар битирувчи ўқувчилар. Эртага отахоннинг ўзлари келар экан. Катта келар экан.

Озодлик: Президентни назарда тутаяпсизми?

- Ҳа. “Бир-иккитасининг попугини пасайтириб кетади”, дейишаяпти. Тепадагиларни. Чунки ҳар доим машҳур Сирдарё қовунлари, тарвуз экилар эди. Шоли кўпроқ экилар эди. Уларга рухсат бермай, қанчасиникини ҳайдаб ташлади. Масалан, 2-3 гектар экканларникини ҳайдаб ташлаган. Фақат “пахта экилсин” деб. Энди “шулар барибир тепага етиб борган” дейишаяпти. Кимлардир барибир шикоят қилган-да.

Озодлик: Энди эртага Каримовнинг келиши аниқ дейишаяптими?

- Одамларнинг кўпи билмайди, тепароқдан сўраб кўрдим, - деди сирдарёлик суҳбатдош.

Ўзини Комилжон дея таништирган гулистонлик суҳбатдошга кўра эса айни пайтда шаҳарда бир қаватли савдо дўконлари бузилиб, қайта қурилмоқда.

- Шаҳарда магазинлар ҳаммаси бузилиб, қайтадан икки қаватли қилиб қурилаяпти, - дейди гулистонлик Комилжон ака.

“Эзгулик”жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаоли Исроил Ризаев Гулистон шаҳрида ободонлаштириш ишлари сўнгги 20 кун ичида давом этаётганини билдирди. Ҳуқуқ фаоли Гулистонга шу кунларда президент Каримовнинг келиши ҳақида аниқ манбалар айтаётганини ҳам қўшимча қилди:

- Шахсан вилоят ҳуқуқ-тартибот, ҳомийлик ташкилотларининг раҳбарлари бевосита аҳоли гавжум жойларда, савдо марказларида юриб, нарх-навони кузатаётганликлари ҳақида гап-сўзлар бўлиб турибди. Ҳаттоки “3 июнда келар эмиш” деган гаплар ҳам бор. Келиши аниқ. Чунки охирги марта Абдуқодир Жалоловни (Сирдарё вилоятининг собиқ хокими - таҳр.) олиб ташлаган сессияда 2004 йил келган бўлса, демак, президентнинг вилоятимизга мана 7 йиллар бўлаяпти келмаганига, - дейди Исроил Ризаев.

Ҳуқуқ фаоли президентнинг Сирдарё вилоятига келишини сўнгги пайтларда вилоятдаги коррупция, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги қонун бузилишлари, ҳалқнинг норозилиги билан боғламоқда. Бироқ, унингча:

- Жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Лекин нисбатан ўзгариш бўлиши мумкин, - дейди “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилоятидаги вакили Исроил Ризаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG