Линклар

logo-print

"Ансоруллоҳ раҳбари Мулла Абдулло эмас"

  • Гулнора Равшан

Тожикистон махсус хизматлари вакилига кўра, шу йил апрел ойида ўлдирилган мулла Абдулло "Ансоруллоҳ" жамоатининг Тожикистон ҳудудида террорчилик амалиётларини амалга оширувчи қўмондони бўлган, холос.

Тожикистон махсус хизматлари вакилига кўра, шу йил апрел ойида ўлдирилган мулла Абдулло "Ансоруллоҳ" жамоатининг Тожикистон ҳудудида террорчилик амалиётларини амалга оширувчи қўмондони бўлган, холос.

Ўтган йили Тожикистонда террорчилик амалиётларини содир этган “Ансоруллоҳ” жамоатининг бошида ким турганлиги аниқланди.

Аввалроқ бу гуруҳга раҳбарлик мулла Абдулло зиммасида бўлганини иддао қилган Тожикистон хавфсизлик хизматлари эндиликда “Ансоруллоҳ” гуруҳини “Ал-Қоида” тармоғига раҳбарлик лавозими учун номзоди кўрсатилган мулла Амриддин бошқараётганини таъкидламоқдалар.

“Ансоруллоҳ” жамоати масъулларининг Интернетда нашр қилган сўнгги баёнотида бу гуруҳ “Ал-Қоида” тармоғининг Тожикистондаги бир халқаси экани маълум қилинган. Баёнот муаллифлари ўзларини “Тожикистонни исломий давлатга айлантириш учун жонини қурбон қилишга тайёр бўлган жангарилар” дея таништирган.

Шу йил апрел ойида мулла Абдулло ва унинг гуруҳи ҳукумат кучлари томонидан тор-мор қилинганидан кейин, Рашт тоғларидаги 50 метрлик баландликда жойлашган жангариларнинг махсус лагери саҳнида “Ансоруллоҳ” жамоати байроғи топилганди.

Бу ўз навбатида ўтган йил сентябрида Хўжанддаги худкуш ҳужумини ўз зиммасига олган ва шу пайтгача тожикистонликлар учун фаолияти номаълум бўлган “Ансоруллоҳ” гуруҳининг мавжудлиги тўғрисидаги гумонларни кучайтирди.

Шундан сўнг ансоруллоҳчилар ва уларнинг фаолиятини ўрганишга киришган Тожикистон хавфсизлик идорасининг ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган масъулига кўра, “Ансоруллоҳ” жамоатини асли тожикистонлик бўлган ва ҳозирда Покистонда қолаётган 60 ёшли мулла Амриддин бошқариб келади.

Манбага кўра, шу йил апрелида махсус амалиётлар чоғида ўлдирилган мулла Абдулло мазкур гуруҳнинг Тожикистон ҳудудида террорчилик амалиётларини амалга оширувчи қўмондони бўлган, холос.

Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манбанинг айтишича, мулла Амриддин 1992 йили Афғонистонда ташкил этилган Тожикистон Ислом уйғониш партиясига 1993 йилда Мисрдаги таҳсилини тугатгач, аъзо бўлиб кирган. Шунинг баробарида мулла Амриддин ўша йиллар Афғонистондаги собиқ мухолифатнинг турли партия ва гуруҳларини бириктиргани айтилади.

Бироқ Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзоси Зубайдуллоҳи Розиқнинг айтишича, мулла Амриддин атиги бир йил мазкур партия рўйхатида бўлган ва 1997 йили тожиклараро тинчлик битими имзоланганидан сўнг партия сафини тарк этган.

- Ўша ҳужжат имзоланганидан кейин у устод Нурий мактабидан, яъни Ислом уйғониш партияси чизиғидан ташқарига чиқиб кетди. Чунки мулла Амриддин демократия ва дунёвий ҳукуматни ҳазм қила олмади ва уни “куфр” дея ҳукм қилди. Менимча, Нурий жаноблари (Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг собиқ раиси, марҳум Саид Абдулло Нурий назарда тутилмоқда – таҳр.) билан мулла Амриддин ўртасидаги асосий ихтилофга ҳам айнан шу сабаб бўлган, - дейди Зубайдулоҳи Розиқ.

Зубайдуллоҳи Розиқ мулла Амриддин билан 1997 йилнинг баҳорида Теҳронда учрашганини қўшимча қилар экан, у “ниҳоятда инсофли ва тақводор одам эди”, дея эслайди.

- Мулла Амриддин суҳбатдоши ким бўлишидан қатъий назар, ўз фикрини ошкор айтарди ва ҳеч қачон шахсга сиғинмасди, - дейди Розиқ жаноблари.

Зубайдуллоҳи Розиқдаги маълумотларга кўра, бир неча муддат ўтиб мулла Амриддин Покистонга ўтиб кетган. “У ўша ердаги турли гуруҳлар билан алоқа ўрнатиб, ўшаларнинг таъсири остида жиҳод йўлини танлаган бўлиши мумкин”, дея мулоҳаза билдиради Розиқ жаноблари.

Бироқ Тожикистон парламентида Ислом уйғониш партиясидан вакил Саидумар Ҳусайний эса мулла Амриддиннинг аввал Афғонистонга, кейинчалик эса Покистонга ўтиб кетишига собиқ дала қўмондонларидан бири Резвон Содиров билан ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлган, деган фикрда.

- Мулла Амриддин бир йил Афғонистонда яшади. Аммо ўша йиллар Резвон билан келишмовчиликлар сабабли Покистонга ўтиб кетди. У ерда ўз оиласи билан жуда ночор аҳволда кун кечирди. Улар яшаган уй кишига молхонани эслатарди. Биз уни сафимизга қайтишга кўп марта ундадик, аммо у унамади. Аксинча, бизни “демократик ва дунёвий давлат тизимини қабул қилган кофирлар” дея атади, - дейди Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутати Ҳусайний жаноблари.

Унинг айтишича, 1997 йили Ислом уйғониш партияси собиқ раҳбари Саид Абдулло Нурий қистови билан Тожикистонга келган мулла Амриддин 1999 йилда яна Покистонга қайтиб кетган.

Айрим нашрларнинг Тожикистон ҳукуматидаги манбаларга таяниб ёзишича, 2000 йиллар бошида Покистонда “Ал-Қоида” гуруҳига бириккан мулла Амриддин унвони жиҳатдан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирдаги раҳбари Усмон Одилдан юқорироқ ва Толибон гуруҳи раҳбари мулла Умардан пастроқда туради.

Хавфсизлик соҳасида мустақил кузатувчи Маҳди Собирнинг гапига ишонадиган бўлсак, мулла Амриддин ”Ал-Қоида” тармоғининг Марказий Осиё, Кавказ ва Хитой бўйича кординатори этиб тайинланган.

- Мулла Амриддиннинг обрўси Толибон ва “Ал-Қоида” гуруҳи орасида жуда юқори. У Усама бин Ладин ўлимидан сўнг “Ал-Қоида” гуруҳига раҳбарлик лавозимига номзоди кўрсатилган шахслардан биридир. Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракати, Шарқий Туркистон гуруҳлари ҳамда Кавказ исломчилари мулла Амриддин томонидан молиялаштирилади, - дейди хавфсизлик соҳасида мустақил кузатувчи Маҳди Собир.

Мустақил кузатувчи Маҳди Собирнинг айтишича, мулла Абдулло ўлимидан сўнг мулла Амриддин тожик жамиятидаги бош мавзуга айланди.

Бироқ орадан икки ўн йиллик ўтиб, яна Тожикистондаги ахборот воситалари саҳифаларида номи тилга олина бошланган мулла Амриддиннинг Марказий Осиё, хусусан, Тожикистонга қандай хавф солиши мумкинлиги ҳақидаги саволимизни эса таҳлилчи Маҳди Собир очиқ қолдирди.
XS
SM
MD
LG