Линклар

logo-print

Икки қаватли ëғоч уйлардан бирида содир бўлган ëнғин оқибатида бир оиланинг уч фарзанди ëниб кетди.


21 майдан 22 майга ўтар кечаси Тошкент чеккасидаги Сирғалида яшаб келган Анвар Исмоиловнинг уч невараси - Отабек, Мафтуна ва Асадбеклар ёнғин оқибатида ҳалок бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Анвар Исмоилов катта ўғлининг уйида ёнғин содир бўлгани ва у ерда уч невараси қолгани ҳақидаги нохуш хабарни эшитган пайти карахт ҳолга тушиб, унинг оёқ-қўли ишламай қолганини айтади

Ёнғин оқибатида Анвар отанинг уч невараси 17 ёшли Отабек, 10 ёшли Мафтуна ва 8 ёшли Асадбеклар нобуд бўлди.

- Отабек пастда бўлган ëнганда. Ёнғинни кўргандан кейин юқорига чиққан. Қутқараман деб кирганда¸ том босиб қолган. Укаларини бағрига олиб, қучоқлаб олган ҳолда ўша ерда бирга ўлишган, дейди йиғи орасида гапирган Анвар Исмоилов.

Анвар отанинг катта ўғли икки йил аввал оламдан ўтган эди. Ёнғин оқибатида ўғлининг уч фарзанди ҳам ўлганидан куйган Анвар ота агар ўт ўчирувчилар ўз вақтида ёрдам кўрсатганида балки неваралари омон қолиши мумкинлигини айтади.

- Пожарнийлар келган. Лекин сувсиз келган. Пожарнийда энди ўзига яраша керакли асбоблари бўлиши керак. Ломми, темир-терсакми ë бошқами, уларда унақа нарсалари йўқ. Ҳатто нарвон йўқ пожарнийда. У қилиб бу қилгунча хуллас ярим соатдан ошиқроқ вақт ўтиб кетган. Болалар бу орада ёниб кетган,- дейди жудоликдан бағри куйган Анвар ота.

Анвар Исмоиловга кўра, ёнғин оқибатида икки қаватли уйдаги саккизта хонадон 15 дақиқа ичида ёниб кулга айланган.

Сирғали туман Ëнғин хавфсизлик бўлими ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, айни ёнғин натижасида Анвар отанинг невараларидан ташқари яна 54 ва 32 ёшдаги икки киши ҳалок бўлган; ўт ўчирувчилар 6 ёшли қизчани қутқаришга муваффақ бўлган.

Сирғали туман Ëнғин хавфсизлик бўлими ходими ушбу ёнғин ҳолати бўйича тергов-суруштирув кетаётгани боис, воқеанинг бошқа тафсилотларини ошкор қила олмаслигини айтди.

Сирғалидаги ёнғин борасида Озодликка хабар қилган фожиа гувоҳи Анвар Тўрахўжаевга кўра, Сирғалидаги ёнғин содир бўлган икки қаватли уй 1966 йилги зилзиладан кейин шошилинчда қурилган бўлиб, бу ердаги 100дан зиёд уйнинг барчаси ёғочдан қурилган, томи шифер билан қопланган уйлардир.

- Икки этажли бу уйлар 100дан ортиқ. Бир нечта квартални эгаллаган. Ўша пайтда “Бу уйларнинг ўрнига бошқа уйлар қурилади. Одамлар бошқа уйга кўчирилади” дейилганини эшитганман. Шу хонадонлар мана 1966 йилдан бери туради. Ўшанда монтаж қилинган электр симлари, бошқа ишлари бўладими ҳаммаси ўша пайтда қилинганича турибди. Бу ерда энг камбағал одамлар яшайди.

Ҳозир биласизми¸ бизнинг додамизнинг қизлари Гулнора Каримовага тегишли дейишади, шаҳарнинг марказларида етти қаватли иморатларни қуриб ташлаган. Жуда чиройли, гўзал, мутлақ яхши шароитларда. Шулар ҳаммаси сотувга қўйилган. Ҳар бир квадрат метрини, мен шахсан ўзим қизиқиб кўрдим ўша фирмага телефон қилиб, “Энг узоқдаги, шаҳар четидаги шунақа уйнинг бир квадрат метри неча пул?” десам, “9000 доллар” деди. 30 метр квадрат бўлса, 9000дан қанча бўлади бу? Унақа пулли одамлар йўқ-да.

Ҳозир мен айтаëтган Сергелидаги ëнган уй ва шу атрофдаги бир неча юз хонадон ўта ночор уйлар. Аллақачон буларнинг кўпи ишдан чиққан. Лекин улар мажбурликдан шу уйларда яшаяпти. Бугунги кунда ҳукумат одамларни ўйламайди, дейди Анвар Тўрахўжаев.

Сирғали туман прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, айни ёнғин ҳолати бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG