Линклар

logo-print

НАТО Триполи узра энг йирик ҳужумни амалга оширди


Кетма-кет камида 20 маротаба амалга оширилган ҳаво зарбалари натижасида Триполи осмонини қуюқ тутун қоплади.

Кетма-кет камида 20 маротаба амалга оширилган ҳаво зарбалари натижасида Триполи осмонини қуюқ тутун қоплади.

Ливия ҳукумати НАТО ҳарбийларининг Триполига қилган сўнгги ҳужумлари чоғида 3 одамнинг ўлгани, 150 нафарининг эса жароҳатланганини айтмоқда.


23 майдан 24 майга ўтар кечаси НАТО ҳарбий учоқлари Ливия пойтахти Триполига камида йигирма марта зарба берди ва бу Ливиядаги халқаро кучлар бошлаган ҳарбий амалиётлар давомида амалга оширилган энг йирик ҳужум, дея қайд этилмоқда.

Ливия ҳукумати расмийлари мамлакатдаги хориж журналистларига НАТО ҳужумлари чоғида ўлдирилди, деб уч кишининг жасадини кўрсатган.

Аммо журналистлар бу кишилар жасади айнан НАТО ҳужуми чоғида ўлдирилганини тасдиқлаш имконига эга бўлмаганини айтмоқда.

Ливия ҳукумати матбуот вакили Мусса Иброҳим хориж журналистларини шаҳар шифохоналаридан бирига олиб борди ва у ерда жароҳатланганларни кўрсатиб, шундай деди:

- Жароҳатланганлар иккита шифохонага олиб кетилди. Кўриб турганингиз улардан бири. Баъзиларига тиббий ёрдам кўрсатилди ва улар уйларига қайтди. Баъзилари эса, ўзингиз кўрганингиздек, вафот этди, деди Ливия ҳукумати матбуот вакили.

НАТО тарқатган баёнотда эса¸ сўнгги ҳужумларда Триполидаги ҳукумат қароргоҳининг автомобил турадиган ва исёнчиларга қарши ҳужумларда узлуксиз фойдаланилаётган биноси нишонга олинганини айтмоқда.

Британия ҳукумати ҳужумларга қўшимча равишда вертолётларни ҳам сафарбар қилиш ниятини билдирган.

АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон душанба куни Лондондаги матбуот анжуманида яна бир карра Қаддафийни ҳокимиятдан кетишга чақириб, «вақт Қаддафийнинг заририга илгариламоқда», деди ва уни мамлакат узра назоратни қайта қўлга кирита олмаслигидан огоҳлантирди.

Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Жэфрей Фелтман эса бугун Бенғозида туриб берган баёнотида, Ливиядаги исёнчи гуруҳлар Вашингтонда вакиллик идорасини очиш бўйича киритилган расмий таклифни қабул қилганини билдирди.

Фелтман ҳам баёноти давомида Муаммар Қаддафийни ҳокимиятдан кетишга чақирди.

- Ливия хақлига ҳужум қилиш, таҳдид қилиш ва уларнинг овозини ёвузларча бўғиш билан Муаммар Қаддафий бошқарув ҳаққини йўқотди. У яна Ливия устидан назоратни ўз қўлига ололмайди ва зудлик билан ҳокимиятдан кетиши керак, деди АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Фелтман.

Айни кезда АҚШ мулозими Бенғозига уч кунлик сафарини давом эттирмоқда ва исёнчи гуруҳлар билан музокаралар олиб бормоқда.

НАТО БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия тинч аҳолисини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюциясига биноан март ойидан буён Ливияда ҳарбий ҳаво амалиётларини ўтказмоқда.
XS
SM
MD
LG