Линклар

logo-print

Бундестаг депутати Тошкентга ўз ваъдаларини эслатди

  • Ҳурмат Бобожон

Виола фон Крамон Ўзбекистон халқ ҳаракати вакиллари билан суҳбатда. 24 май¸ Берлин.

Виола фон Крамон Ўзбекистон халқ ҳаракати вакиллари билан суҳбатда. 24 май¸ Берлин.

Депутат Виола фон Крамон ЎХҲ вакиллари билан учрашувдан сўнг Тошкент расмийси Норов билан суҳбатлашди.



"Германия ҳукумати Ўзбекистонда демократия ва очиқ жамият қуришни истаётган одамларни қўллаб қувватлаши керак."

Яшиллар партиясидан Бундестаг депутатлигига сайланган Виола фон Крамон бу ҳақда Берлинда йиғилган Ўзбекистон халқ ҳаракати етакчилари ва ҳуқуқ фаоллари билан 24 май кунги учрашувида таъкидлади.

25 май куни эса Виола фон Крамон Берлинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Владимир Норов билан учрашди. Иккала учрашувдан сўнг Бундестаг депутати Озодлик мухбири билан суҳбатлашди.

Озодлик: Крамон хоним¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Норов Германияга сафар қилаётган бир пайтда Берлинда йиғилган ўзбек мухолифатининг илк қурултойи немис ҳукумати эътиборидан четда қолмадими¸ сизнинг назарингизда?

Виола фон Крамон Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ билан.
Виола фон Крамон: Менинг назаримда¸ Германия ҳукумати расмийлари ўзбек мухолифати вакиллари билан учрашиши керак эди аслида. Немис ҳукумати Ўзбекистонда демократия ва очиқ жамият қуриш учун курашаётган бу одамларни қўллаб қувватлаши керак¸ деб ўйлайман. Ҳозир мен Берлин ҳукуматининг Ўзбекистон борасида мувозанатли сиёсат олиб бораётганини кўрмаяпман, аксинча бу ҳукумат бир тарафлама, Ўзбекистондаги Каримов режимига ён босиброқ сиёсат юргизмоқда.

Озодлик: Бундай сиёсат танқидчилари¸ уни асосан Германиянинг Термиздаги базаси билан боғлиқ дейишмоқда. Берлин ана шу базани сақлаб қолиш учун Тошкентга мулозамат қилиб келмоқда¸ деган фикрларга қандай қарайсиз?

Виола фон Крамон: Бу сиёсатнинг фақат ҳарбий база билан боғлиқлигига шубҳа билдирган бўлардим. Чунки Германия Ўзбекистон билан доим яқин, дўстона алоқалар тарафдори бўлaяпти. Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини савол остига олмаётганини мен тушуна олмайман. Албатта¸ Берлин ҳукуматига база керак, лекин бошқа томондан бунга қарамликни кўрмаяпман. Термиз бўлмаса¸ Ўзбекистонга қўшни давлатлар, масалан Қирғизистон жон деб Германияга ўз базасини ижарага бериши мумкин. АҚШ Ўзбекистондан ҳарбий базасини олиб чиқди ва ҳозир Манасдаги ҳарбий базада. Менимча у ерда Германия ҳарбийлари учун ҳам жой топилади. Менимча¸ база деб Германия ҳукумати Ўзбекистондаги репрессив режимни танқид қилишдан тийилмаслиги, Ўзбекистонга нисбатан қатиъйроқ сиёсат олиб бориши керак.

Озодлик: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини Владимир Норов билан бугунги учрашувда қанақа масалаларни кўтардингиз?

Виола фон Крамон: Жаноб Норов билан учрашувда қамоққа ташланган махбус журналистлар тақдири, инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ бизни хавотирга солаётган масалаларни кўтардик. Шунингдек, Ўзбекистонда болалар меҳнати мониторинги, БМТ маърузачисига ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилишига рухсат берилиши борасида ҳукумат олган мажбуриятларни жаноб Норовга эслатдик.

Саволимизга жавоб берар экан, Норов 2005 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг БМТ маърузачисига рухсат бергани, лекин ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилгани борган маърузачи ўз ҳисоботига сиёсий тус бериб, вазиятни нохолис баҳолаганини айтди.

Шунингдек, Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилининг Ўзбекистонда фаолият қилишига рухсат берилмаётганини айтганимизда жаноб Норов¸ улар учун мамлакат маданияти ва ўзбеклар зеҳниятини яхши тушунадиган мутахассиснинг мамлакатда ишлаши мақбул эканини тушунтиришга ҳаракат қилди. Саволларимизга жўяли жавоб ола олмаган бўлсак-да, мулоқот очиқ ва самимий руҳда ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG