Линклар

Тожикистонда Тўражонзода сайти блокировка қилинмоқда

  • Гулнора Равшан

Таҳлилчилар Тожикистонда turajon.com сайтига тўсиқ қўйилишини собиқ муфтий Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг жамиятда обрўси ошиб кетаётгани билан боғламоқдалар.

Таҳлилчилар Тожикистонда turajon.com сайтига тўсиқ қўйилишини собиқ муфтий Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг жамиятда обрўси ошиб кетаётгани билан боғламоқдалар.

Тожикистонда бир миллион муштарийга эга бўлган turajon.com сайти тўсиб қўйилди.

Мазкур сайтнинг Тожикистон собиқ муфтийси Акбар Тўражонзода оиласига тегишли экани айтилади.

Маълум бўлишича, Тожикистон ҳукумати қошидаги Транспорт ва алоқа вазирлиги мамлакатдаги 12 та интернет провайдерига йўллаган расмий мактубида “Айрим техник тадбирлар боис turajon.com сайтини вақтинчалик ёпиб қўйиш”ни тавсия қилган. Бироқ мазкур сайтнинг блокировка муддати мактубда кўрсатилмаган.

Акбар Тўражонзоданинг айтишича, айрим провайдерлар 20 майдан ва айримлари эса 24 майдан эътиборан Транспорт ва алоқа вазирлигининг расмий топшириғини бажаришга киришган.

Эндиликда turajon.com муштарийлари сайтга кириш ёки уни очиш учун прокси-серверлардан фойдаланиш ҳам иш бермаётганидан шикоят қилмоқдалар.

“Ҳукумат ҳақ гапдан қўрқади”

Тожикистон ҳукумати қошидаги Транспорт ва алоқа вазирлиги масъуллари мавзуга оид ҳар қандай изоҳдан тийилишини билдирдилар.

Айни пайтда Акбар Тўражонзода ҳукуматнинг сўнгги қарори Тожикистон асосий қонунларига хилоф равишда қабул қилинганини айтади.

- Бу Конституциямизга зид ҳатти-ҳаракатдир. Бизнинг сайтимиз сиёсий бўлмаган, маърифат ва исломий бир сайтдир. Гарчи қонун бизга эркинлик берган бўлса-да, афсуски, иқтидордаги ҳукумат истаган вақт Асосий қонун - Конституциямизни оёқости қилаверади. Сайтларни ёпиб қўйишлари уларнинг заифлигидан даракдир. Ҳукумат ҳақ сўздан қўрқади, - дейди Тожикистон собиқ муфтийси, мухолифатнинг собиқ лидерларидан бири Акбар Тўражонзода.

turajon.com сайтининг ёпилиши ортида ким турибди?

Ака-ука Тўражонзодаларга тегишли turajon.com сайти ўтган йил бошларидан фаолият кўрсата бошлаган. Сайт масъуллари маълумотларига кўра, ундан тахминан бир ярим миллион киши фойдаланиб келган.

Мазкур сайтда Тожикистондаги таниқли руҳонийларнинг сайт муштарийлари билан савол-жавоблари, Акбар Тўражонзода қаламига мансуб диний адабиётлар ҳамда дин уламоларининг жума кунги маъвизалари жойлаштирилган.

turajon.com сайтининг блокировка қилиниши Акбар Тўражонзоданинг “Аёлнинг Исломдаги ўрни” номли китоби ёруғ кўрган бир вақтга тўғри келди. Ўтган ҳафтада ана шу китобни чоп қилган нашриёт масъуллари ҳам Тожикистон Маданият вазирлиги босимига учрагани маълум қилинган эди.

Тожикистонда сайтларга тўсиқ қўйилиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йил кузида Тожикистон шарқида содир бўлган қонли фожеалар ортидан tojnews, avesta, centrasia.ru ва fergana.ru каби қатор сайтлар ёпиб қўйилган эди.

Ўшанда ҳам тожик расмийлари айрим техник сабаблар туфайли бу сайтларга кириш имконсиз бўлаётганини айтганди.

Бироқ Рашт минтақасида ҳукумат кучларининг махсус амалиётлари поёнида Тожикистон Алоқа вазири Олим Бобоев сайтлар хавфсизлик нуқтаи назаридан тўсиб қўйилганини эътироф этганди.

Тожикистондаги Медиа-алянс ташкилоти раҳбари Хуршед Атоуллоев мамлакатдаги Интернет-провайдерлар масъулларини ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашаётганликда айблайди.

- Ширкатлар ўша техник муаммоларни ўз муштарийларига изоҳлаб бериши лозим. Техник тадбирлар қачон бошланиб, қачон ниҳоясига етказилиши ҳақида ҳам маълумот бериб боришлари шарт. Чунки бу ширкатлар муштарийларидан аъзолик ҳаққи олади ва бу вазифаларни бажариш уларнинг зиммасида. Лекин кўп ҳолларда бундай қилишнинг ўрнига вақтинчалик ёпиб қўйилган сайтлар фаолияти қайта тикланмайди, - дейди Хуршед Атоулло.

Асосий нишон ким?

Мустақил таҳлилчиларга кўра, turajon.com сайтининг тўсиб қўйилишига техник муаммолар сабаб бўлаётгани бир баҳона, холос.

Ҳукуматни ташвишга солаётган нарса, таҳлилчилар мулоҳазасича, turajon.com сайти ва у орқали Акбар Тўражонзоданинг тожик жамиятидаги эътибори тобора ошиб кетаётганидир.

Тожикистон ҳукуматининг ашаддий мухолифи, таниқли руҳоний Акбар Тўражонзода сўнгги йигирма йил мобайнида тожик матбуоти орқали ҳукумат танқидига, таҳқирига ва босимларига учраган ягона мухолифат лидеридир.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги икки ой давомида ҳукуматнинг Тўражонзодага босими анча кучайган.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Акбар Тўражонзода ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистон муфтийси вазифасида фаолият қилган.

У Тожикистондаги фуқаролик уруши йилларида (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) Бирлашган тожик мухолифати раҳбарларидан бири бўлган. Шунингдек, Тўражонзода тожиклараро келишув музокараларида асосий фигура эди.

Тожикистонда тинчлик битими имзоланганидан сўнг у бир неча йил Тожикистон Бош вазири муовини лавозимида ишлади.

Ўтган вақт мобайнида Акбар Тўражонзода беш йил депутатлик ҳам қилган.

90-йиллар ўрталарида, яъни фуқаролик уруши йиллари Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг фаол раҳбарларидан бўлган Акбар Тўражонзода 1999 йили партиянинг собиқ раиси Саид Абдуллоҳ Нурий билан ихтилофлардан сўнг улар сафини тарк этди.

Йиллар ўтиб Акбар Тўражонзода дин олими ва руҳоний сифатида халққа яқинлашаётгани ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлаётгани, таҳлилчилар мулоҳазасича, иқтидордаги ҳукуматни ташвишга солиб қўймоқда.

Аснода Акбар Тўражонзоданинг ўзи бошқа ҳеч қачон катта сиёсатга қайтмаслигини таъкидлаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG