Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:37

Обама Лондонда хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилди


АҚШ президенти Европа бўйлаб олти кунлик сафарини Лондондан бошлади.


Лондондаги муҳокамалар марказида эса¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатишдан тортиб Муаммар Қаддафийни қандай қилиб ҳокимиятдан ҳайдашу Яқин Шарқдаги исëнларга нисбатан қандай ëндашув тутиш каби мураккаб масалаларнинг қўйилгани айтилмоқда.

Обама Британия Бош вазири Камерон билан.
Европанинг тўрт давлати бўйлаб олти кунлик сафарининг асосий қисмини Лондон етакчилари билан музокараларга ажратган Барак Обама 25 май куни Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан учрашди ва икки давлат ўртасидаги иттифоқчиликнинг ҳар қачонгидан кўра мустамкамроқ эканини таъкидлади.

Айни шундай¸ ўз шарафига Британия қироллик саройида берилган давлат зиëфатида қилган нутқида ҳам Обама¸ Британияни АҚШнинг хавфсизлик, террорчилик ва экстремизмга қарши курашидаги энг синалган¸ ишончли ҳамкори сифатида таърифлади.


Oбама Қиролича билан суҳбатда.
- 11 сентябр фожиасининг 10 йиллиги яқинлашмоқда. Мен Буюк Британиянинг кейинги 10 йил давомида бизга кўрсатган ҳамдардлигини юқори қадрлайман. 11 сентябрдан буëн сиз¸ катта йўқотишларга қарамай¸ халқимизни террор хуружлари ва дунë бўйлаб зўравон экстремизмдан ҳимоялаш борасидаги курашимизда энг яқин шеригимиз бўлиб қолмоқдасиз¸ деди АҚШ президенти Британия Қироличаси томонидан уюштирилган давлат зиëфатида жумладан.

Лондондаги учрашувлар давомида Обама ҳам АҚШ¸ ҳам Британия жамоатчилиги ўзидан жавоб истаëтган саволларга жавоб бериш босими остида қолди. Булар орасида¸ АҚШ¸ Британия ва Франция ташаббуси билан бошланиб¸ сўнгра етакчилик НАТОга топширилган Ливия режимига қарши ҳаво ҳужумларининг қачон мақсадга элтиши ва Афғонистондаги халқаро кучларнинг қачон мамлакатдан олиб чиқилиши каби саволлар бор.

Обама Лондонда энг олий даражада қабул қилинди.
24 май куни Муаммар Қаддафий истеҳкомларига қарши ҳозирга қадар кўрилган энг кучли ҳаво зарбалари уюштирилганига қарамай¸ Ливия режими қулай демаяпти ва уч ойдан бери давом этаëтган НАТО амалиëтларининг қачон тўхтатилиши ҳам савол остида қолмоқда. Айни шундай¸ АҚШ ва иттифоқчиларнинг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш режаси муддати ҳам ҳамон мавҳумлигича қолмоқда ва Обаманинг қўшинларни олиб чиқишнинг биринчи босқичига оид аниқ муҳлатни келаси ҳафталар ичи очиқлаши кутилмоқда.

Ҳозирда Афғонистонда АҚШ нинг 100 минг аскарлик қўшини баробарида Британиянинг ҳам 10 мингдан ошиқ ҳарбийси амалиëтларда иштирок этмоқда.

Чоршанба куннинг иккинчи ярмида Британия парламенти олдида маъруза қилгач¸ Обаманинг Францияга келиши ва бу ерда саноати тараққий қилган Катта саккизлик саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

Глобал иқтисодий муаммолар муҳокама қилинадиган бу саммит доирасида АҚШ президентининг Россия¸ Франция ва Япония раҳбарлари билан учрашиши белгиланган.

Европа бўйлаб олти кунлик сафари якунида Барак Обама Полша пойтахтига келади ва бу ерда Европа хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилади.
XS
SM
MD
LG