Линклар

logo-print

Қўқонда ҳоким ўринбосари 10 йилга кесилди


Айтилишича, кейинги ойларда порахўрликда айбланиб қамалаëтган расмийлар сони ошиб бормоқда.

Айтилишича, кейинги ойларда порахўрликда айбланиб қамалаëтган расмийлар сони ошиб бормоқда.

Қўқон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Рашид Нурматов пора олганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Фарғона вилоят Жиноий ишлар суди қарорига кўра, Қўқон шаҳар ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Рашид Нурматов Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айбдор деб топилиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва унинг қамоқдан озод бўлганидан сўнг уч йил давомида раҳбар лавозимларида ишлаши ҳам тақиқланди.

Ҳукумат нуқтаи-назарини ифодаловчи Gorizont.uz сайти ёйинлаган маълумотга кўра, Рашид Нурматов “Асака” банкининг Қўқон шаҳар бўлими раҳбари Рустам Бобоевдан ҳар ойда 300 АҚШ доллари беришни талаб қилган.

Сайт маълумотига кўра, “Асака” банки раҳбари Рустам Бобоев Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик бошқармасига шикоят аризаси бергач, Рашид Нурматовни қўлга олиш тадбири ташкил қилинган.

2010 йилнинг ноябр ойида Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик хизмати билан вилоят прокуратураси ходимларининг ҳамкорликдаги тадбири натижасида Рашид Нурматов Рустам Бобоевдан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган пайти ушланган.

Қўқон шаҳар хокимлигидаги манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Рашид Нурматовнинг пора билан ушлангани ва 10 йилга қамалгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, Рашид Нурматовнинг ҳибсга олиш жараёни видео ва аудио тасвирларга ёзиб олинган ва судда булар ашёвий далил сифатида келтирилган.

Қўқонлик тадбиркор Носир Зокиров Рашид Нурматов шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган пайтида тадбиркорлар учун бирор бир фойдаси тегмаган бўлса-да, унинг пора билан ушланиб, қамалганини эшитиб қайғурганини айтади.

- Шунақа, пора олаётган пайти қамаб қўйибди¸ деб эшитганман. Энди ўзи ёмон йигит эмас эди. Ювош, жуда босиқ йигит эди. Мен қамалганини эшитдим¸ ачиндим тўғриси. У ҳокимиятда бир ишлаб кетганди, кейин яна қайтиб келди ҳокимиятга. Энди тадбиркорлар учун бирор нарсани ижобий ҳал қилганини эслай олмайман. Қўлидан келмайдиям-да энди. Асосий фигура ҳоким-да энди. Ўринбосарларга кўп нарса боғлиқ эмас, улар ҳоким рухсатисиз ўзича бир нарса ҳал қила олмайди, дейди Носир Зокиров.

Қўқон шаҳар ҳокимлигидаги раҳбарларнинг кирдикорларидан хабардор бўлган қўқонлик бир манбанинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Қўқон шаҳар ҳокимлигида раҳбарлар орасида порахўрлик мунтазам кўриниш касб этган.

Манбага кўра, Рашид Нурматов билан боғлиқ воқеа кейинги тўрт йил ичида қайд этилган учинчи ҳолатдир.

- Давлат пастидан тепасигача коррупциялашган. Энди Рашид Нурматовни қўлга тушириб¸ срокини берган. Бекордан бекорга ўзининг одамини бизнинг жамиятнинг раҳбарияти қамамайди. Ҳақиқатан қўлга тушган бўлса керак. Улар бир-бирининг кўзини чўқимайди. Система шунақа яратилган. Менинг ҳисоб-китобимча¸ бу учинчи воқеа. Аввалги ҳокимимиз ҳам қамалган, шаҳар ҳокими поранинг орқасидан. Ҳоким ҳам билмадим 9 йилми 10 йилми олган. Ҳожиқул Тўрақулович. Ҳозир ҳам ëтибди. Чиққани йўқ. Менинг билишимча, у ҳам 300 доллар билан тушди. Орада ундан кейин яна битта ҳоким бўлди. У ҳам бирга қамалди. Иккита ҳоким. Ҳокимнинг ўрнига келган Олий Мажлиснинг депутати бўлган Каримовни ҳоким қилиб тайинлашди Ҳожиқулнинг ўрнига. У ҳам бирга қамалди эски ҳоким билан бирга. Иккита ҳоким, ҳозир энди учинчи ўринбосари қамалди. Ҳаммаси пора билан, дейди қўқонлик манба.

Кейинги ойларда мансабдор шахсларнинг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаётгани кузатилади.

Май ойининг бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари Оқдарё туман прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани 12 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтда ҳибсга олган эди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг апрел ойида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар ҳам пора олганликда айбдор деб топилиб, 12 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йилда коррупцияга қарши кураш кучайтирилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG