Линклар

Килюнен Қирғизистонда исталмаган шахсга айланди


Қирғизистон парламенти қарорига кўра, Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюненнинг бундан буён Қирғизистонга келиши, яшаши ва фаолият юритишини таъқиқланади.

Қирғизистон парламенти қарорига кўра, Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюненнинг бундан буён Қирғизистонга келиши, яшаши ва фаолият юритишини таъқиқланади.

Қирғиз депутатлари Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раиси Киммо Килюненнинг Қирғизистонга киришини маън қилувчи қарор қабул қилди.


26 май куни қабул қилинган парламент қарорида айтилишича, “Киммо Килюнен раҳбарлигидаги комиссия ҳисоботи Қирғизистон ҳудудида ва халқаро қонунчиликда юридик кучга эга эмас ҳамда Қирғизистон миллий хавфсизлиги учун таҳдид туғдиради”.

Мазкур қарор парламент йиғинида қатнашган 96 депутатдан 95 нафари томонидан қўлланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 май куни Бишкекдаги “Кабар” ахборот агентлигида матбуот анжумани ўтказган Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раиси Киммо Килюнен ўзи раҳбарлик қилган комиссия хулосасини эълон қилганди.

Мазкур анжуманда Ўш ва Жалолобод фожеасининг энг асосий сабаби “этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм” эканини таъкидлаган Киммо Килюнен халқаро комиссия бу хулосага минглаб ҳужжатларни ўрганганидан ва 700 дан ортиқ гувоҳ билан суҳбатлашганидан кейин келганини билдирганди.

Халқаро комиссия раҳбари ўшанда Ўш воқеаси чоғида ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз, 1 фоизи эса бошқа миллат вакиллари эканини, Ўш қирғинини геноцид сифатида баҳолаб бўлмаса-да, “халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралганда, ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумлар инсониятга қарши жиноят” эканини таъкидлаганди ҳамда қирғиз ҳукуматига вазиятни изга солиш бўйича қатор тавсияларни берганди.

Таркибига турли мамлакатлардан 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги мазкур комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.

Халқаро комиссия ҳисоботи ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи аксар халқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар вакиллари томонидан энг объектив тадқиқот ўлароқ эътироф этилганди.

Жумладан, 24 май куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Памелла Спратлен ўз мамлакати Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия ҳисоботини адолатли ва холис, деб билиши ҳақида баёнот берган эди.

Бироқ халқаро комиссия ҳисоботи қирғиз жамиятида, айниқса титул миллат вакиллари орасида яхши қабул қилинди, деб бўлмайди. Улар мазкур ҳисоботга қарши митинглар ва бошқа норозилик тадбирлари ўтказишда давом этмоқдалар. Ана шундай норозилик тадбирларидан бири 26 май куни Бишкекдаги БМТ биноси олдида ўтказилди. Мазкур тадбирда “7 апрел” ҳаракати раҳбари ва ҳуқуқ ҳимоячиси Ўндуруш Тўқтўнасиров Ўш қирғини бўйича халқаро комиссия ҳисоботини намойишкорона ёқиб юборди.

Халқаро комиссия хулосасини “буюртма асосида қилинган ва бирёқлама” деб баҳолаган Тўқтўнасиров ўз ҳаракати билан мазкур ҳужжатга нисбатан “бутун қирғизистонликларнинг муносабатини билдирдим”, деб ҳисоблайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG