Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:32

Айтдим қўйдим-да...



Жаҳон қозоқлари 1992 йилдан бери ҳар 5 йилда бир марта қурултой ўтказиб туради.

Бу йилгиси - Жаҳон қозоқлари IV қурултойи кеча Остонада очилди.

Ҳар 5 йилда бир марта қозоқларга ҳавас қиламан.

Бундай ҳавасни тожиклар, туркманлар, қирғизлар ҳам уйғотиб туради.

Қозоқлар қурултойи очилиши арафасида – 22 май куни Жаҳон туркманлари гуманитар ассоциацияси (ЖТГА) нинг 20 йиллиги Ашхободда байрам қилинди.

Юбилей муносабати ўтказилган мажлис иштирокчиларини Бердимуҳаммедов қутлади.

Жаҳон қозоқлари IV қурултойини Назарбоев очиб берди.

Ақаев ҳам, Бакиев ҳам жаҳондаги қирғизларга бефарқ эмасди. Улар ҳам ўз даврида миллий қурултойлар ўтказган. Ўтунбоева бу йил улгурмаса кераг-ов – иши бошидан ошиб ётибди. Лекин кейингиси ўтказиши аниқ.

Раҳмон ҳам жаҳон тожикларидан хабар олиб туради. Миллий анжуманлар ўтказиб туради.

Негадир минтақада фақат ўзбеклар ўтказмайди миллий анжуман...
...дедиму 1992 йили Тошкентда ўтказилган тадбир эсимга тушиб кетди.

Ўша тадбир расман қандай аталгани ёдимда йўқ. Лекин форматига кўра Жаҳон ўзбеклари қурултойи эди. Қирғизистонлик ўзбеклар делегацияси сафида мен ҳам қатнашганман ўша анжуманда.

Ислом Каримовнинг собиқ қудаси, америкалик тадбиркор Абдурауф Мақсудийнинг ташаббуси билан уюштирилган Жаҳон ўзбеклари қурултойида Каримовнинг ўзи ҳам қатнашган.

Қурултойни айнан Мақсудий уюштирганини аниқ биламан – чунки ўша олашовут 90-йиллар бошида ўшлик шоир Шавкат Раҳмон Мақсудий бошқарган халқаро “Эл” ташкилотида бир муддат идорий директор бўлиб ишлаган ва у югуриб-елиб қурултойнинг ташкилий ишларини қилганини ўз кўзим билан кўрганман.

Бўлди. Ўша биринчи қурултой охирги қурултой бўлди.

Нега?

Ҳар ҳолда Каримовлар оиласининг Мақсудийлар оиласи билан пўм чиқиб қолгани сабаб бўлмаса керак. Ўла-а-ар – бутун бошли бир миллат масаласи иккита оиланинг қовоқ-тумшуғига қараб қолмас...

Негалигини, балки, биларман ҳам. Тахминларим ҳам йўқ эмас. Фақат ўша тахминларга асос бўла оладиган фактлар етарли эмаслиги учун индамай қўя қолай.

Тўғриси, қозоқларнинг бу йилги қурултойи аввалгиларидай менда кучли ҳавас уйғотмади. Чунки Ўш воқеаларидан кейин “миллат” деган сўз менда аллергия қўзғатадиган бўлиб қолган.

Бироқ, барибир, қозоқларнинг қурултойи ўйлашга мажбур қилаяпти.

Бутун жаҳон ўзбекларини қўйиб турайлик. Ҳатто Афғонистон ўзбеклариниям. Ҳеч йўқ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Трукманистонда яшаётган ўзбеклар вакилларининг қандайдир бир шаклда йиғилишини ўтказиш керак.

Тилга олинган мамлакатларда яшаётган ўзбеклар муаммоларини мунтазам айтиб келамиз. Мана, Туркманистонда ўзбек мактабларини ёпиб ташладилар.

Қирғизистонда... (айтиб ўтиришим шартми?!)

Тожикистонда ҳам расмий Тошкентга бўлган муносабат маҳаллий ўзбекларга муносабатда акс этаяпти, дейишади.

Хуллас, Тошкент қўшни ўзбеклар вакилларини йиғиб, уларга қулоқ солиб қўймаса бўлмайди.

Ўзбеклар ўзлари яшаб турган мамлакатлар ҳукуматлари хоҳлаган тақдирда ҳам тўла ечиб беролмайдиган, фақатгина Тошкент, ҳам ўз қўли билан, ҳам қўшни пойтахтлар билан гаплашиб ҳал қиладиган муаммолар бор.

Тошкент қўшни ўзбекларнинг сиёсий муаммоларига аралашмасин, майли. Ечилмай ётган гуманитар муаммоларини сўраб қўйсин уларнинг. Ҳеч йўқ СЎРАБ ҚЎЙСИН!

Тошкент шу ишни 20 йилдан бери қилиб келганида Ўш фожеаси ҳам юз бермаган бўларди. Мен буни ишонч билан айтаяпман.

Чўзвордим.

Алам қиладигани шуки, ушбу матнни 5 марта каттароқ ёзсам ҳам икки пуллик фойдаси бўлмаслигини аниқ биламан.

Истаётганим ишни Ўзбекистон раҳбарияти шу пайтгача қилмаган, бундан кейин ҳам қилмайди. Ҳар ҳолда ҳозирги президент даврида.

Унда нега вақт сарфладим ёзишга?

Унда нега вақт сарфладингиз ўқишга?

Билмайман.
XS
SM
MD
LG