Линклар

Тожик ёшларининг хорижда диний таълим олиши қийинлашди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари мамлакат ёшларининг диний таълим олишлари учун Тожикистонда шароит етарли, деб ҳисоблайдилар.

Тожик расмийлари мамлакат ёшларининг диний таълим олишлари учун Тожикистонда шароит етарли, деб ҳисоблайдилар.

Тожикистон парламенти қабул қилган янги қонун лойиҳаси ана шундан далолат беради.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳа 25 май куни Тожикистон қуйи палатаси депутатлари томонидан муҳокама қилинди.

Муҳокамада қатнашган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқов қонунга киритилаётган ўзгартишлардан кўзланган асосий мақсад “тожикистонлик ёшларнинг хорижда диний билим олишларини тартибга солишдан иборат” эканини таъкидлади.

- Сўнгги йилларда айрим доиралар кўпчилик ёшларни хориж давлатларидаги мадрасаларга жалб этиб, уларнинг тафаккури ва ақидасини ўз аждодлари мазҳабига қарши ғоялар билан булғамоқда. Бу билан улар мамлакатда диний ва маданий хатарлар туғдиришга уринмоқда, - дер экан Дин ишлари бўйича идора раҳбари Холиқов жаноблари қонундаги ислоҳот жамият диний тафаккури ва мамлакат осудалигини ташқи кучлар таъсиридан ҳимоя қилишига ишонишини айтди.

Шу тариқа, Тожикистон парламенти қуйи палатаси бир овоздан бўлмаса-да, янги қонунни тасдиқлади.

Мазкур қонун кучга киргач, хориждаги диний мадраса ва олийгоҳларда таҳсил олишни истаган Тожикистон фуқаролар дастлабки диний таълимни албатта мамлакат ичкарисида олишлари шарт бўлади. Шунинг баробарида хорижда муллаликка ўқишни истаган ҳар бир киши Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Таълим вазирлигидан расмий рухсат олиши лозим бўлади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Холиқовдаги маълумотларга кўра, тожикистонлик ёшларнинг мамлакат ичкарисида етарли диний таълим олишлари учун битта Ислом университети ва 19 та мадраса, иккита диний-дунёвий мактаб ва битта гимназия фаолият қилмоқда.

Расмийга кўра, бу билим даргоҳларида 6 минггача талабанинг диний таълим олиши учун барча шароитлар бор.

Яна янги қонундаги ўзига хос жиҳатларга қайтадиган бўлсак, бундан буён ёшларнинг қайси давлатда диний таълим олишини Тожикистон ҳукумати белгилаб беради. Яъни тожикистонлик йигит-қизлар аввалгидек ўзлари истаган мамлакатда ўқиш ҳуқуқидан мосуво бўлади.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан парламентда вакил Муҳиддин Кабирий мазкур ҳужжат фуқароларнинг диний таълим олишдаги эркинликларини ҳар томонлама чеклайди, деган фикрда.

- Биз Ислом уйғониш партиясидан икки вакил қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишларни қувватламадик. Чунки бу қонун ёшларимизнинг диний маълумот олишларини чигаллаштиради, - дейди Муҳиддин Кабирий.

Аснода мустақил таҳлилчилардан айримлари фуқароларнинг хорижда диний таълим олишлари учун рухсатномани қонунийлаштириш жамиятда коррупциянинг янада кенгроқ қулоч ёзишига имкон яратади, деган ишончда.

- Хорижга бориб ўқишни хоҳлайдиган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар мамлакат ташқарисида таҳсил олишлари учун давлатнинг иккита идорасидан рухсат олишларини мажбурий қилиб қўйишлик коррупция эшигини янада кенгроқ очишга шароит туғдириши табиий, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Абдуазим Абдуваҳоб.

Мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши давлат раҳбари Имомали Раҳмон кўрсатмаси асосида хорижда ўқиётган тожикистонлик ёшларнинг юртига мажбурий қайтарилаётгани бир вақтига тўғри келди.

Ўтган йили Хатлон вилоятига иш сафари чоғида президент Имомали Раҳмон мамлакат ташқарисидаги мадрасаларда ўқиётган ёшлардан экстремист ва ҳатто террорист тайёрланаётганидан ташвишдалигини айтиб, ота-оналарга ўз фарзандларини чақириб олишни тавсия қилганди.

Дин ишлари бўйича қўмита расмий маълумотларига кўра, шу кунгача хорижда таҳсил олган 2388 нафар тожикистонликнинг 1065 нафари юртига қайтарилган.

Хорижда таҳсил олишдан мосуво бўлган ёшлардан саккиз нафарининг ота-онаси устидан фарзандларини мажбурий равишда чет элга ўқишга юборгани учун айни пайтда жиноий иш очилган.
XS
SM
MD
LG