Линклар

"Муҳаммаджонга ёрдам беринг!"


13 ёшга қадам қўйган Муҳаммаджоннинг яқинлари унинг саҳоватли инсонлар кўмагида соғайиб кетишига умид қилмоқдалар.

13 ёшга қадам қўйган Муҳаммаджоннинг яқинлари унинг саҳоватли инсонлар кўмагида соғайиб кетишига умид қилмоқдалар.

Озодликка мурожаат қилган Ёрқиной опа 13 ёшли ўғли Муҳаммаджон учун ёрдам сўрамоқда.


Муҳаммаджон Шерматов 21 июлда 13 ёшга тўлади. У Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида яшайди.

- Дўстларим бор - Адҳам, Икром, Ислом. Компьютер ўйнаймиз. Бошқа ҳеч нарса йўқ бизнинг кўчада,- дейди ўспирин Муҳаммаджон.

У дўстлари билан бирга мактабга бормайди. Мактаб ўқитувчилари уйга келиб, унга таълим беришади:

- Бўлаяпти-да. Беш, уч, тўрт. “Уч” рус тилидан, “беш” математикадан. Математикани унчалик яхши кўрмайман. Расмни яхши кўраман. Гул, ўсимликлар, жониворларни чизаман. Улғайганимда машина устаси бўлмоқчиман. Бир жойда ўтириб, иш қиламан,- дейди Муҳаммаджон.

Юрак хасталиги билан туғилган Муҳаммаджоннинг онаси Ёрқиной опа 6-синфни битирган ўғлининг мактабга фақат 1 сентябру 25 май кунлари боришини айтади:

- Мактабга бора олмайди, кўкариб қолади. Олиб борсам ҳам машинада олиб бориб олиб келаман. Уйда тайёрланади. Август-сентябрда ГорОНОга (Шаҳар Халқ таълим бошқармаси-таҳр.) топшираман. Ўқитувчилар келиб, ўқитиб кетишади,- дейди Ёрқиной опа.

Муҳаммаджон Ўзбекистондаги юрак хасталигига чалинган минглаган болалардан биридир. У Ёрқиной опанинг тўртинчи фарзанди.

- Энди қаранг-да, роддомда аниқ айтмаган. Бу нарса 11 ойлигида чиқди. Мана, 11 ойлигидан бери, 12 йилдан бери шу оғриқ билан юрибмиз. Кўрсатганман. СамПИга ётганман, операция, фақат иккита операция йўли билан бўлади. “Ҳам юраги тешик, ҳам қон томири ингичка, унга клапан қўйилади” деган. Худога шукур, умрини бериб, мана шунчалик юрибди. Операция деган, лекин операцияга кучимиз етмайди. Москвада лазер нури билан даволайдиган жой бор экан. Лекин у роса қиммат экан,- дейди куюниб Муҳаммаджоннинг онаси Ёрқиной опа.

13 ёшли Муҳаммаджон йилда икки маротаба Гулистон касалхонасига ётишга мажбур.

- Бир йилда икки марта даволаниб чиқамиз, бошқа илож йўқ. Болалар касалхонасида ётганимизда пул олмайди. 10 кун ётса, ётгани учун 4 минг сўм олади. Кўп дориларини ўзларидан қилишади. Пуллик эмас. “Санаторияга олиб бор”, дейишаяпти. Лекин рўзғор ташвиши билан ҳеч олиб бора олмаяпман. Бу йил қаттиқ туриб, хокимият билан гаплашиб олиб бормоқчиман. Чунки об-ҳаво алмаштириш керак. Оёққа бераяпти. Ўғлим “қақшаяпти” дейди,- дея ўғлининг дардини сўзлайди она.

Ёрқиной опа Муҳаммаджонни Москвада даволатиш учун маблағ топа олмаган ва иложсизликдан Ўзбекистонда чоп этиладиган “Оила ва жамият”, “Бекажон” каби оммабоп газеталар орқали юртдошларидан ёрдам сўраб, мурожаат ҳам қилган.

- Газетага чиққанидан кейин “яхши бўлиб кетсин” деб роса телефон қилишди. Лекин ҳеч қандай маблағ олганимиз йўқ,- деди Ёрқиной опа.

Қайд этиш жоиз, шу йилнинг 9-21 май кунлари Ўзбекистонда Жанубий Кореядан келган шифокорлар ўнта кардиология операциясини ҳам амалга оширди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси таклифи билан келган шифокорлар қабулида бўлиш Муҳаммаджонга насиб қилмади.

Самарқандлик шифокор Давлат акага кўра, Ўзбекистон вилоятларида юрак хасталигига чалинган беморлар Тошкентга боради. Бироқ Тошкентда ҳам юрак жарроҳлигинининг барча хасталиги операция қилинмайди.

- Энди биласизми, мана биринчидан ҳозир замонавий медицина-аппаратура масаласи. Биринчи таъминот, асосан илмий марказларга берилаяпти. Илмий марказларга берилганидан кейин кардиохирург мутахассислари асосан Тошкентда. Вилоятларда бўлгани билан унда ҳеч қандай имкон йўқ. Вилоятларда деярли кардиохирург йўқ. Воҳидов номидаги кардиологияга бориб, ўша ерда қилдираяпти. Энди айрим касалликлар борки, Тошкентда ҳам имкони йўқ. Биласизми, бизнинг имлий марказларимиз аппаратура билан тўлиқ, яхши таъминлангани билан мутахссис керак-ку. Кадрларни давлатимиз саломатлик дастурлари бўйича тайёрлаши керак. Бошқа иложи йўқ, - дейди фамилиясини айтишни истамаган самарқандлик шифокор Давлат ака.

Айни пайтда Ёрқиной опа ўғли Муҳаммаджоннинг операцияси учун ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар инсонларни қидирмоқда.

Гулистонлик Ёрқиной опа билан +998 67 588 37 16 телефони орқали боғланиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG