Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:33

Қозонда "қоғоз" неча пул?


Бу полиция ходими "ҳажжатфурушлар"нинг биридан ўз "доляси"ни олиб кетаётган пайтда Озодлик объективига тушиб қолди.
Бу полиция ходими "ҳажжатфурушлар"нинг биридан ўз "доляси"ни олиб кетаётган пайтда Озодлик объективига тушиб қолди.

25 май куни Москвани Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган энг катта вокзалларидан бири – Қозон вокзалида Россия Федерал миграция хизмати томонидан хорижликларга меҳнат патентларини бериш пункти очилгани хабар қилинди. Патент тарқатувчи бўлимнинг иш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Қозон вокзалига борган мухбиримиз Умидбек анчайин ғаройиб воқеа гувоҳи бўлди.


Ўтган душанба куни Россия ФМХси Паспорт-виза хизмати директори Сергей Донцов Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган поездларни қабул қилувчи Қозон вокзалида меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи патентлар сотила бошлашини маълум қилган эди. “Шаҳарга кириб келаётган ҳар бир меҳнат муҳожир бу пунктга зарурий ҳужжатларни топшириб, Россияда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи ва бир ойлик муддатга бериладиганининг нархи минг рубл бўлган патентни олиш имкониятига эга бўлади”, деди ФМХ расмийси.

Мухбирингиз Москванинг энг гавжум вокзали ҳисобланган Қозон вокзалига йўл олди.

Сўнгги пайтларда Россиянинг турли жойларида содир эттилаётган портлашлар оқибатида бошқа жамоат жойлардаги каби Қозон вокзалининг кираверишида ҳам эҳтиёт чораси сифатида детекторлар ўрнатилгани кўзга ташланди. Детекторнинг ёнида турган милиция ходими вокзалда Миграция хизмати бўлими очилганидан бехабар эканини айтди.

Залнинг ичкарисида қора ҳарбий кийимда ва қўлида дубинка-таёқ ушлаб турган барзанги қўриқчи ҳам камина “вокзалда Миграция бўлими қаерда?”, деган саволни берганланинг тўртичиси экани ва менга ўхшаганлар “жонига текканини” тушунтирган бўлди.

Қозон вокзали ходимлари ҳам, вокзал атрофидаги ҳудудда тартибни сақловчи 69-чи “Красносельская” полиция бўлими ходимлари ҳам патент тарқатувчи пункт ҳақида билмасликларини айтишди.

Лекин, милиция ходими қанчалик кўп бўлмасин, атрофда “Ака, қоғоз керакми?”, “Қоғозларни тайёрлаймиз!”, дея у ёқдан бу ёққа санғиб юрувчи қорамағиз йигитчаларнинг кўплиги эътиборимни жалб қилди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган водийлик йигитлар билан сўҳбатлашиб қолдик. У “қоғоз” – “маҳаллийлашиб” кетган ўзбек йигитларининг жаргонида муҳожирлар учун тайёрланадиган хужжатлар эканини тушунтириб берди. Бу йигит Қозон вокзалида камида 200 та одам шундай ҳужжатларни тайёрлаш билан кун кечиришини, полициячилар эса бу “бизнесдан” ўз “долясига” эга эканлигини гапириб берди.

“Ҳамманинг тирикчилигига етадими?” деган саволимизга у иккиланмасдан “Э-э, акажон. Москвада қанча ўзбек, тожик, қирғиз борлигини биласизми?! Миллионлаб-ку! Албатта ҳаммага етади”, дея жавоб қайтарди.

Ҳужжатларнинг нархлари билан қизиқиб кўрдик.

Ўзини Атҳамбек, деб таништирган биринчи суҳбатдошимиз ўз “мижозларини” вокзалнинг метро бекатида “ушлашини” айтди. У менга “таниш-билиш” қилиб регистрация ҳужжатини тайёрлаб беришни ҳам таклиф қилди.

- Компьютерда, ака, сизга 200 сўмдан ёзиб берамиз.

Озодлик: Компьютердан деганингиз нима?

- Через компютер ҳаммаси ёзилади-да. Лекин ҳақиқий эмас. Аммо ҳақиқийга ўхшатиб беради-да чиройли қилиб, ака. Лекин регистрациянинг ҳақиқийсини бир ярим минг рублга любой жойда жавоб берадиган қилиб берамиз, ака. Мен жавоб бераман: қилган регистрациямни мен билан любой жойга олиб бориб текширтириб оласиз.

Озодлик: Патент ҳам тайёрлайсизми?

- Патент нима кераги бор,ака? Шартмас, “разрешение на работу” билан юраверасиз. Патент бир ойга, уни пулига бир йилга қилганингиз маъкул, ака. Кейин, медкнижкани сизга 600 рублдан қилиб бераман. Компьютерда ёздирилади, бирорта жойига ручка тегмайди. Қйаси болницадан қилинганигача ва орқасида ҳамма 18 тагача печати бўлади,- дейди Қозон вокзалида ҳужжат савдоси билан шуғулланаётган йигитлардан бири.

Вокзалда бу йўл билан пул топаётганлар орасида аёллар ҳам йўқ эмас.

10 йилдан ортиқроқ Москвада “шу соҳада” ишлаётган Мадина ҳам ўз “маҳсулоти” учун жавоб беришга тайёр эканини айтади.

- Энг арзон регистрация 300 сўм, энг арзон разрешение 700 сўм. Штрих-кодли разрешениелар бор – 3000 мингдан...

Озодлик: У нима дегани – штрих-кодли?

- Штрих-коди тоза чиқади, қоғози ҳам, ламинати ҳам тоза бўлади. Асил қоғоздан қилинади, “ФМС” ёзуви ёнади. 700 сўмликнинг ичидаги “ФМС” ёзуви ёнмайди, иккинчидан қоғози ҳам, ламинати ҳам оддий. 3 минглик разрешениени справкалари билан қилиб берамиз. “Разрешение на работу”нинг 14-15 минглилари бор эди, улар энди жуда тоза. Уни ФМСнинг ўзига бориб қўл қўйиб оласиз-да. Улар нархи ҳозир кўтарилиб кетди: регистрацияси билан бирга комплектда ҳохлаган районга 26 минг оламиз унга. 12-13 кунда разрешение тайёр бўлади. Мен чек-пекларини тўғрилаб бераманда, сиз фақат бориб қўл қўйиб оласиз. Менга телефон қилади, шундай бориб ўзингиз официално паспортлар билан олади.

Озодлик: Демак, 3 минг турадигани ҳам қалбаки-да?

- ФМС текширса чиқмайди, аммо кўчадаги милиция, гаишникларга, айниқса, вобшем ўтади. Ишонмасангиз, регистрациянгизни ФМСга олиб бориб текшириб кўришингиз мумкин,- дея яхши менеджерлик ва сотувчилик ҳунари борлигини намойиш қилди бу аёл.

Мадинанинг сўзларига кўра, улар ҳатто 2 минг рублга бир ойга меҳнат патентини тайёрлаб бера олишлари мумкин. “Патентнинг ўзи 1 минг рубл турадику?”, деб таажубланишимизга у шундай жавоб берди.

- ФМСда минг сўм туради, тўғрими? Бу қўлма-қўл қилинадиган иш, ака. Биров бир сўм пул топмаса, документ топширмайдику,- дейди Мадина.

Демак, Қозон вокзалидаги “тадбиркорлар” ҳар қандай ҳужжатнинг ҳақиқий ва қалбакисини тайёрлай олишини намойиш этди.

Наҳотки уларни қалбаки эканлигини текшириб бўлмаса? Бу савол билан Қозон вокзалида патент бюросини очишни ваъда қилган Россия ФМХсининг Паспорт-виза бўлимига мурожаат қилдик. Гўшакни кўтарган бўлим расмий вакиласи Мария Антонова қанчалик усталик билан ясалган бўлмасин, хужжатларнинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлигини аниқлаш мушкул иш эмас, дея жавоб берди.

- Барча мигрантлар бўйича ягона маълумотлар базаси мавжуд. Ахир мигрантлар меҳнат фаолиятини бошлашдан олдин қайдга туришлари керак. Улар қайдга олинмаган бўлса, демак хужжатлари ҳам қалбаки. Бу эса пул жаримаси ва кейинчалик депортация, дегани. Чунки қалбаки хужжатлар билан юрган шахс ноқонуний меҳнат муҳожири ҳисобланади,- дейди Москва шаҳар Миграция хизматининг Паспорт-виза бўлими мутассадиси Мария Антонова.

ФМХ расмийси шунингдек, Қозон вокзалида меҳнат патенти бюросининг очилиши айрим техник сабабларга кўра номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG