Линклар

logo-print

"Ўзбекистонда сиëсий беқарорлик эҳтимоли баланд"


Ғарб таҳлилчилари¸ Ўзбекистондаги тинчликнинг халқ фаровонлиги эмас¸ балки қаттиқ қўрқувга асосланганини айтишмоқда.

Ғарб таҳлилчилари¸ Ўзбекистондаги тинчликнинг халқ фаровонлиги эмас¸ балки қаттиқ қўрқувга асосланганини айтишмоқда.

153 давлатдаги тинчлик ва барқарорлик асосларини таҳлил қилган Глобал тинчлик индекси муаллифлари шундай фикрга келди.


Ўзбекистон тинч¸ аммо бу тинчликка таҳлика кучаймоқда

Бу йил бешинчи маротаба эълон қилинган Глобал тинчлик индексида Ўзбекистон 153 давлат рўйхатининг 109 поғонасига қўйилди. Гарчи Ўзбекистон ташқи ва ички қуролли можароларга тортилмаган бўлса-да¸ ҳисобот муаллифлари уни тинчлик асослари заиф мамлакатлардан бири сифатида рўйхатнинг қуйироғига қўйишди.

Халқаро таҳлилчиларга кўра¸ авторитар тузум ҳукм сураëтган Ўзбекистондаги тинчликка¸ исталган ташқи ва ички омил турткисида¸ кутилмаганда раҳна етиши мумкин. Ана шу эҳтимол боис¸ Глобал тинчлик индекси 25 май куни эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонда сиëсий беқарорлик эҳтимоли кучайиб бормоқда¸ деган хулосага келди.

Аммо Ўзбекистоннинг беш йилдан бери дунëда тинчлик асослари мустаҳкам бўлмаган давлат сифатида баҳоланиши¸ Тошкент ҳукумати эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан¸ Глобал тинчлик индексининг 2010 йилги хулосасига нисбатан шундай эътироз Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига тегишли экани тахмин қилинадиган pressuz.info ахборот агентлигида чоп этилган эди.

“Бугун Ўзбекистонда тинчлик¸ хотиржамлик ва иттифоқ ҳукм сурмоқда. Сутканинг исталган вақтида кўчага бемалол чиқиш мумкин. Тинчлик ва барқарорликнинг асосий кўрсаткичи шу эмасми? Бугун давлатнинг оқилона сиëсати боис мураккаб ва зиддиятли минтақада жойлашган Ўзбекистонда миллатлар ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда”¸ деб ëзган эди 2010 йилги Глобал тинчлик индексига эътироз билдирган Ўзбекистон ҳукуматига қарашли ахборот агентлиги.

Тинчлик нима ўзи?

Оддий ўзбекистонликлар ва Тошкент расмийлари назарида ички ва ташқи можаро ва уруш йўқлигининг ўзиëқ тинчлик бўлиб кўринса¸ Глобал тинчлик индексини тузадиган таҳлилчилар учун бу фақат “негатив тинчлик”¸ содда қилиб айтганда¸ нисбий тинчлик¸ холос. Бир қарашда тинч ва барқарор бўлиб кўринаëтган вазиятнинг ост қатламларида бораëтган чуқурроқ жараëнлар ҳам сиртқи манзарага мосми ëки сиртқи тинчлик остида эрта-индин можарога элтувчи тебранишлар борми – мустақил таҳлилчилар Глобал тинчлик индекси орқали ана шу саволга жавоб беришга уринадилар.

Глобал тинчлик индекси муаллифлари у ëки бу мамлакатдаги тинчликнинг қанчалик мустаҳкамлигини ўз ичида яна 23 мезонга бўлинадиган уч йирик кўрсаткич бўйича баҳолайдилар.

Булар мамлакатда ички ва ташқи можаронинг бор-йўқлиги¸ жамиятдаги хавфсизлик ва хотиржамлик¸ ҳамда давлатнинг ҳарбийлашув даражасидир.

Гарчи Ўзбекистон на ички ва на ташқи қуролли можароларга тортилган бўлса-да¸ ана шу уч кўрсаткичнинг кейинги иккаласи тинчлик асосларининг заифлашиб бораëтганини кўрсатади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Глобал тинчлик индекси асосчиси ва президенти¸ австралиялик филантроп Стив Киллела (Steve Killelea).

- Ўзбекистонда зўравонликка айланиб кетадиган намойишлар чиқиш эҳтимоли¸ бизнинг хулосамизга кўра¸ бу йил бир оз камайди. Аммо мамлакатдаги сиëсий барқарорлик вазияти ўтган йилга нисбатан бир оз ëмонлашди. Бу йил ҳисоботга бешта янги давлат қўшилгани боис¸ Ўзбекистон ўрин ҳисобидан юқорилаган бўлса-да¸ бу ҳали тинчлик асослари мустаҳкамланганини англатмайди. Тошкент ҳукуматининг ялпи миллий маҳсулот ҳажмига нисбатан ҳарбий харажатларни оширгани ҳам Ўзбекистон кўрсаткичлари ëмонлашувига асос бўлди¸ дейди Глобал тинчлик индекси раҳбари.

У ëки бу давлатдаги тинчликнинг қанчалик барқарорлигини унинг ҳарбий харажатлари ва қуролли кучларининг нечоғли қудратли экани эмас¸ балки бу давлатдаги тизимларнинг қанчалар яшовчанлиги белгилайди¸ дер экан Стив Килела¸ Исландияни тилга олади. Бу давлатдаги сиëсий ва молиявий тизимлар мустаҳкам ва яшовчан бўлгани боис¸ глобал иқтисодий бўҳрондан энг катта зарба еган давлат бўлишига қарамай¸ Исландия бу йил яна дунëнинг энг тинч давлати мақомини қайта қўлга киритди¸ дейди Глобал тинчлик индекси раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Қўрқувга асосланган тинчлик - илдизлари чириган дарахт каби¸

дер экан Глобал тинчлик индекси раҳбари Стив Киллела¸ халқ исëнидан қулаган араб режимларини тилга олади.

- Араб баҳори давлатларига назар ташласак¸ бу ҳудудлардаги авторитар режимлар ўз шавқатсиз жазо тизимлари воситасида узоқ йиллар тинчлик ва барқарорлик ўрнатгандек бўлиб келди. Аммо озиқ-овқат нархининг ошиши турткисида мамлакат бойликларининг режим томонидан ўғирланиши¸ адолатсизлик ва коррупция кўламидан йиғилиб келган халқ норозилиги Тунис ва Мисрдаги тинчликни саноқли соатлар ичида чиппакка чиқарди ва узоқ йиллар давомида қатиққўл раҳбар бошқарувида тинч ва барқарор бўлиб келган Ливия¸ Тунис ва Мисрни 2011 йилги индекс бўйича¸ дунëнинг энг беқарор ва нотинч давлатлари сафига ташлади. Араб исëни дунëдаги бирор авторитар режимнинг том маънода барқарор эмаслиги ва бўла ҳам олмаслигини намоëн қилди ¸ дейди Стив Киллела.

Ўзбекистондаги тинчлик устунларини емираëтган омиллар

Ўзбекистонда бугун ҳукумат халққа ўзининг энг йирик ютуғи сифатида кўз-кўз қилиб келаëтган тинчликни тескарисига айлантирувчи ҳам ички¸ ҳам ташқи омиллар йилдан-йилга кўпаймоқда¸ дейди маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ëритиш институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси Жон МакЛеод.

- Ўзбекистондаги тинчликка таҳлика асосан хом-ашë савдосига қарам бўлиб қолаëтган иқтисоднинг турғунлашуви¸ асосан пахтачиликка ўтқазилган қишлоқ хўжалигининг даромад келтирмай қўйгани¸ марказлашган коррупция¸ аҳолининг қашшоқлашуви¸ бизнес имконларининг ниҳоятда чеклангани¸ ҳукуматнинг аҳоли турмушини ҳамма томондан қаттиқ назоратга олгани каби омиллардан туғилмоқда.

Ҳозирча миллионлаб меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга жўнатаëтган пуллари ижтимоий портлаш олдини олиб турибди. Аммо¸ дейлик¸ эртага Россия иқтисоди инқирозга кирса ëки Москва муҳожирларга нисбатан сиëсатини кескинлаштирса¸ бу қутқарув йўли бекилади ва аҳолининг каттагина қисми ўз аянч аҳволи учун асосий жавобгар бўлган ҳукуматга қарши чиқишга мажбур бўлиши мумкин¸ дейди британиялик таҳлилчи.

Тинчлик мустаҳкамлиги юзасидан Ўзбекистонни заиф давлатлар сафига қўйган Глобал тинчлик индекси раҳбарининг таъкидлашича¸ 2011 йилги глобал тамойиллар¸ жаҳондаги можароларнинг алоҳида давлатлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашув эмас¸ балки асосан фуқароларнинг ўз авторитар ҳукуматлари билан қарама-қаршилиги тусига кираëтганини кўрсатган.

Беқарорлик рецепти ўзгаришсиз қолади

Мустақил таҳлилчи Жон МакЛеодга кўра¸ жаҳоннинг аксар авторитар давлатлари учун фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги тўқнашув тамойили келаси йилларда ҳам сақланиб қолишини тахмин қилиш мумкин.

- Бугун Ўзбекистонда гувоҳ бўлаëтганимиз тинчлик нотабиий тинчлик ва у фуқароларнинг буюк бахтиëрлиги эмас¸ балки авторитар давлат босими маҳсулидир. Нормал жамиятларда халқнинг ҳукумат сиëсатидан норозилиги турли намойишлар¸ иш ташлашлар¸ эркин матбуот ва бошқа шаклларда ўз ифодасини топади ва шу тарзда жамият ва давлат ўзини ижтимоий портлашдан муҳофаза қилади. Аммо буларнинг бирортасига йўл берилмайдиган Ўзбекистон каби давлатларда ниҳоятда жўн нарсалар йиллар давомида ўта кучли босим остида бостириб келинган норозиликни портлаш нуқтасига олиб келиши мумкин. Андижон воқеалари бунинг далилидир.

Бугун тинчликка сиғинаëтган ўзбеклар ҳам бошқа халқлардан кўп фарқ қилмайди. Бу халқ қашшоқликка ҳам¸ адолатсизликка ҳам овоз чиқармай чидайверади¸ дегувчилар бир кун Миср ва Тунисдаги тинчликни кўз-қўз қилганлар каби¸ адашган бўлиб чиқишлари мумкин. Ўзбекларнинг¸ тинчликдан яхшиси йўқ¸ деган ишончини тушуниш мумкин. Аммо гап тинчликнинг яхши-ëмонлигида эмас¸ балки ҳамма нарсани кўрпа тагига бостириш билан нечоғли узоқ ва мустаҳкам тинчликка эришиш мумкинлигидадир¸ дейди Глобал тинчлик индекси хулосалари муносабати билан Озодлик суҳбатлашган Уруш ва тинчликни ëритиш институти таҳлилчиси Жон Маклеод.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG