Линклар

Серб полицияси Ратко Младични ҳибсга олди


Младич Сребреница қатлиомида айбланаётган асосий шахсдир.

Младич Сребреница қатлиомида айбланаётган асосий шахсдир.

Ҳаага трибунали Югославияда тўқсонинчи йиллардаги уруш даврида жиноятлар содир этганликда айблаб, қидирувга берган Ратко Младични серб полицияси ҳибсга олди.


Сербия Президенти Борис Тадич 15 йилдан буён тутқич бермай келган собиқ босниялик серб қўмондони қўлга олинганини тасдиқлади.

Жаноб Тадичга кўра, Младични Ҳаага трибуналига топшириш жараёни аллақачон бошланган.

- Сербия Республикаси номидан эълон қиламанки, бугун Ратко Младични қўлга олдик. Уни экстрадиция қитлиш жараёни бошланди. Бу Сербиянинг Ҳаага трибунали билан тўла ҳамкорлиги натижасидир,- деди Тадич.

Сербияда Младичнинг қўлга олиниши Европа Иттифоқи расмийлари, жумладан Иттифоқнинг Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон тарафидан олқишланди.

Эштон хоним ўз чиқишида Младичнинг қўлга олиниши 15 йил аввалги жиноятлар юзасидан адолатни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам эканини қайд этди.

68 яшар босниялик генерал Ратко Младич Ҳаага трибунали томонидан Югославияда тўқсонинчи йиллардаги уруш даврида жиноятлар содир этганликда гумонланиб қидирилаётган эди.

БМТнинг уруш жиноятлари трибунали Младични қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда, жумладан тўқсонинчи йиллар ўрталарида Сараевода содир этилган қотилликлар ҳамда 1995 йилда Сребреница шаҳарчасида камида 7 ярим минг мусулмоннинг қирғин қилинишида айблаган.

Тўқсонинчи йиллардаги Сребреница қатлиоми Европа тарихидаги нацистлар содир этган Холокост қотилликлардан кейин иккинчи мудҳиш ходиса сифатида кўрилади.

Младичнинг қўлга олиниб, Ҳаага маҳкамасига топширилиши Сербиянинг Европа Иттифоқига қабул қилиниши учун қўйилган асосий талаблардан эди.

Сербия Президенти Борис Тадич ўз чиқишида Младичнинг қўлга олиниши Сербиянинг халқаро майдонда ишончини кучайтиргани ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун кенгроқ йўл очишини таъкидлади.

2008 йилда Сербия уруш жиноятларида айбаланётган Радован Караджични ҳибсга олиб, Ҳаага судига топширган эди.

Эндиликда расмий Белград хорватиялик серблар қўмондони Горан Ҳажични ҳам қўлга олиш жараёни тезлашганини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG