Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:56

Краснодарда ўзбекистонлик муҳожирлар ўлдирилди


Краснодарда ўликлари топилган ўзбекистонликлар Сочи Олимпиадаси иншоотлари қурилишида ишлаган.
Краснодарда ўликлари топилган ўзбекистонликлар Сочи Олимпиадаси иншоотлари қурилишида ишлаган.

26 май куни Россиянинг Краснодар ўлкасига қарашли Абинск туманида 3 нафар эркак жасади топилди. Тергов давомида ўлдирилганлар Ўзбекистон фуқаролари эканлиги аниқланди.


Краснодарнинг Абинск туманидаги Мингрел қишлоғи ёнгинасидан ўтадиган Аушедз дарёси ёқасида бўғиб ўлдирилган 3 нафар номаълум шахснинг мурдалари топилди. Воқеа жойига етиб келган жиноят-қидирув ва прокуратура терговчилари ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари эканлигини аниқлашди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Краснодар ўлкаси прокуратураси Тергов қўмитаси бошлиғининг катта ёрдамчиси юстиция майори Иван Сенгеровга кўра, бу шахсларнинг йўқолиб қолгани тўғрисида ариза маҳаллий ички ишлар бўлимига 23 майдан 24 майга ўтар кечаси тушган.

- Уларнинг жасади йўл бўйида баланд ўт орасида топилди. Улар ҳақида қўшимча маълумотлар аниқланмоқда, лекин улар Ўзбекистон фуқаролари эканлиги аниқ, холос. Улар шу машинада Ўзбекистонга кетаётган бўлган. Тергов манфаатларида уларнинг исми-шарифларини очиқламаяпмиз. Ўлдиришдан мақсад – талон-тарожлик бўлган: қотиллар ўзбек йигитларининг пул, уяли телефонлари ва машинасини олиб кетган. Жиноятчилардан бири аллақачон қўлга олинди, деди Краснодар ўлкаси прокуратураси расмий ходими.

Иван Сенгеров нобуд бўлган йигитлардан 26 ва 27 ёшда бўлганлари аниқ ўзбекистонлик эканлиги, учинчи мурданинг шахси эса анқиланаётганини қўшимча қилди.

Прокуратура ва маҳаллий полиция бўлимидан олинган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар Анапа шаҳрида мардикорлик билан кун кечирган ва маҳаллий миграция бўлимида қайдда турмаган. Уларни яқинлари охирги марта Абинск туманига такси ёллаб кетишганида кўришган. Улар кечки соат 11 ларда танишларига қўнғироқ қилиб, машина чекка йўлда бузилиб қолганини маълум қилишган.

Пайшанба куни йул четида ташлаб кетилган автомобил изидан изқуварлар жиноят жойига чиқишган: ўзбекистонликлар бўйнига сиртмоқ тортилиб ўлдирилган.

Тергов 26 май куни кечга яқин бошланганига қарамасдан, 27 май куни эрталаб қидирув эълон қилингач, 34 ва 20 ёшли ҳеч қаерда ишламайдиган икки гумонланувчидан бири қўлга олингани айтилмоқда.

Нобуд бўлган ўзбекистонликлар ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида Краснодардаги “УМИД” Ўзбекистонлик ҳамюртлар жамияти” минтақавий жамоатчилик ташкилоти раҳбари Тожиддин Нурматовга мурожаат қилдик. Ўзбек миллий маркази бошлиғининг сўзларига кўра, ўлдирилган йигитлар шу ерда қурилишда ишлаган.

- Хабарим бор. Улар Приморск-Ахтарскда ишлаётган бўлган. Асли Ўзбекистондан. Ҳозирча тергов давом этаётгани боис менга ҳам қўшимча маълумот беришмади. Юз кўринишидан ўзбеклар, балки тожиклардир. Лекин улар ишлаётганлар туманда асосан ўзбеклар...

Озодлик: Тожиддин ака, ўша ердаги йигитлар асосан нима иш билан шуғулланади?

- Биринчидан қурилишда, кейин қишлоқ хўжалиги ва учинчидан хизмат кўрсатишда, яъни фаррош, мусор ташувчи бўлиб ишлашади. Биласизми, бу уларнинг билим даражасига боғлиқ. Бу ерда расман қайдга олинганлар сони 12-15 мингларча бор. Лекин ҳозир шароитлар яхшиланиб қолди: патент сотиб олиб бемалол ишлаб юравер. Шу сабабли ноқонуний меғнат муҳожирлар сони анча камайиб қолди. Ҳозирга келиб ўлкада патент сотиб олиш бўйича ҳам ўзбеклар тожиклардан ҳам узиб кетди. Шунчалик ўзбеклар кўпайиб кетди бу ерда. Миграция хизмати ҳатто хужжат тайёрлашга улгурмаяпти. Лекин мана бундай мудҳиш воқеаларга кўпинча мардикорлар орасида чиқаётган жанжаллар, пул бўлишлар сабаб бўлмоқда. Миллий адоват юзасидан бу ерда тўқнашувлар ҳозирча кузатилгани йўқ, деди “УМИД” Ўзбекистонлик ҳамюртлар жамияти” минтақавий жамоатчилик ташкилоти раиси Тожиддин Нурматов.

3 йилдан буён Краснодар ўлкасида ўз фаолиятини олиб бораётган ўзбеклар жамоатчилик ташкилоти раисининг сўзларига кўра, 1989 йилда Краснодарда 900 га ўзбеклар бўлган. Бугунги кунда эса ўзбекистонликлар сони 15 мингга яқин бўлиб, улар минтақадаги энг кўп сонли муҳожирларга айланган.

26 май куни Сочида бўлиб ўтган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан ташкилот котиби Николай Патрушев Сочидаги қишки Олимпиада объектларида олиб борилаётган қурилишларга оммавий жалб қилинаётган меҳнат муҳожирлари Жанубий Федерал округда миграция оқимининг нотекис тақсимланишига олиб келганини гапирди. Унинг сўзларига кўра, олимпиада объектларида 45 миндан зиёд чет эл фуқаролари меҳнат қилмоқда ва улар асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Украина ва Молдова фуқароларидир.

--------------

Мақола эфирга узатилаётган пайтда Сочидан яна бир нохуш хабар олинди.

26 май куни Сочига қарашли Красная Поляна мавзеси атрофидаги тоғларда сайр қилиб юрган икки нафар Ўзбекистон фуқароси топиб олган тоғ кўчкисининг олдини олиш мақсадида ишлатиладиган портловчи мослмама улардан бирининг қўлида портлаб кетган. Мардикор йигитнинг қўли узилиб кетган, икинчиси эса тан жароҳати олган.

Бу ҳақда хабар қилган Краснодар ўлкаси Миграция хизмати раҳбари Игор Семенякин, снаряддан жароҳат олган ўзбеклар “Сноуборд-Парк” объекти қурилишига келган ва энди ишга кириши керак бўлган.
XS
SM
MD
LG